Дани Алвешнинг “Барселона”га қайтиши шов-шувли бўлган бўлса-да, унинг олаётган маоши унданда кўпроқ мухлислар эътиборини ўзига қарата олди. Бразилиялик ҳимоячи каталонияликлар сафида ҳафтасига 1 евро маош олади. Албатта, Алвешга пулдан кўра ўзининг севимли жамоаси муҳим эканлиги тахсинга сазавор. Қуйида stadion.uz сайти футбол тарихидаги ғалати шартномалар ҳақида сўз юритади.
“Саутгемптон” учун 25 миллион евро
Инглиз жамоаси таркибида ҳозирги кунда юлдуз даражасига етган кўплаб футболчилар тўп тепишган. Уларнинг энг машхури сўзсиз Гарет Бэйл бўлган. 2007 йилда “Тоттенхем” уелсликни “Саутгемптон”дан 16 миллион еврога харид қилган. Бейлнинг келажагини кўра олган “қизил-оқлар” футболчининг шартномасига бир бандни қўшишган. Яъни агар “шпорлар” уелсликни сотишса, трансфер суммасининг 25 фоизи “Саутгемптон” ҳисобига ўтказилиши керак эди. Якунда лондонликлар Бэйлни “Реал Мадрид”га 101 миллион еврога сотишган. Шундай қилиб “қизил-оқлар” ўз футболчиси учун яна 25 миллион ишлаб олишган.
Укани олиб қолиш учун олиб келинган ака
“Милан”дан “ПСЖ”га ўтган Доннарумма ҳақида яхши биласиз. Унинг Антонио исмли акаси борлигини эшитганмисиз? 2017 йил “россенори” Жижи билан шартномани янгилайди. Шартноманинг бир банди кўпчиликнинг эътиборини тортган. Ўша пайтлардаёқ ёш дарвозабон учун кўплаб жамоалар қизиқиш билдиришаётган эди. Шу сабабли “Милан” ўз иқтидорини жамоада олиб қолиш учун унинг сўраганини бажаришга тайёр эди. Жанлуиджи эса клубдан акаси билан ҳам шартнома имзолашини сўраган. Шу тариқа миланликлар ўша йилда икки дарвозабон билан шартнома имзолаган. Улар ака-ука Доннаруммалар эди. Маълумот учун, Антонио Доннарумма дебютидан бери миланликлар сафида гол ўтказмаган ягона дарвозабон. У жамоа таркибида 300 дақиқага яқин ўйнаган.
“Арсенал”га ўтиш мумкин эмас
“Ливерпуль”нинг дахшатли ҳужум триоси вақтида ҳеч кимга тинчлик бермаган. Улар орасида Роберто Фирминонинг шартномаси бошқалариникидан ажралиб туради. Гап шундаки, бразилиялик “Ливерпуль”дан “Арсенал”га ўтиши мумкин эмас. Бу бандни албатта “мерсисайдликлар” қўшишган бўлса керак. Негаки ўша пайтдаги икки жамоанинг кучи деярли тенг эди. Роберто Фирминонинг шартномадаги товон пули 96 миллион еврони ташкил этади. Шу ўринда, бу суммани тўлаш йўли билан трансфер қилиш ҳамма жамоага мумкин. Фақатгина “Арсенал”дан ташқари.
Қизил олмаслик учун қўшимча пул
Марио Балотеллининг оғир ҳарактери ҳаммага маълум. Уни ўз таркибига қўшаётганда “Ливерпуль” раҳбарияти шартномага бир банд қўшишган. Уларнинг шартига Марио амал қилса, йиллик маошига яна 1 миллион фунт қўшиб олиши мумкин эди. Супер Мариодан сўралган насра у бир мавсумда учтадан кўп қизил карточка олмаслиги керак эди.
Бир мавсум учун бир уй
Германиялик ҳужумчи Жузеппе Рейна 1996 йилда "Арминия"га ўзига ҳос шарт асосида кўчиб ўтади: унга кўра клуб ҳар бир мавсум олдидан футболчи учун янги уй қуриб бериши лозим бўларди. Шартнома эса уч йилга мўлжалланганди. Унга кўра Рейна уч йил ичида учта уй эгасига айланишни режалаштирган.
Аммо, унинг ушбу режаси амалга ошмади. Рейна ушбу шартномага ҳеч қандай қўшимча бандларни қўшмаганди (ўз ўрнида уйнинг жойлашиши ва ҳажмини ҳам). Шу сабабли ҳам клуб пулни айёрона тарзда тежаб қолишга қарор қилади.
Якунда "Арминия" раҳбарияти ҳар мавсум бошланиши олдидан унга Лего ўйинчоқларидан ясалган уйчаларни тақдим этган.
Сафар ўйинларига учиб бормаслик имконияти
"Арсенал" голландиялик футболчи Деннис Бергкампга сафардаги ўйинларга самолётда учмаслик учун руҳсат берган. Аерофобия (самолётда учишдан қўрқиш) сабабли, футболчи ўйинларга яхши тайёрлана олмаслиги мумкин эдида!
Миржалол Пардабоев тайёрлади.