Кеча оқшом Лионель Месси фантастик ўйин кўрсатиб "Байер" дарвозасига бешта тўп киритди. Унинг ўйини кўпчиликнинг ҳайратига сабаб бўлди ва у томон кўплаб фикрлар янгради. Қуйида унинг ўйинидан таъсирланиб айтилган гаплардан иқтибослар келтирамиз.
Робин Дутт ("Байер" бош мураббийи):
- Ким футбол ўйнаган бўлса Мессининг ўйинини таърифлаш учун сўз топиб бўлмаслигини яхши билади. У бошқа савияда ўйнайди. "Барселона" усиз ҳам дунёнинг энг яхши клуби, лекин у билан бошқа галактика жамоасига айланади. (УЕФА расмий сайти)
Уейн Руни (МЮ ҳужумчиси):
- Месси -бу қандайдир ғаройиб. У мен учун тарихнинг энг яхши футболчиси.(Твиттер)
Радамель Фалькао ("Атлетико" ҳужумчиси):
- Бу Чемпионлари лигаси ўйинимиди ёки Месси PlayStation ўйнадими? (Твиттер)
Гари Линекер (Англия терма жамоаси собиқ ҳужумчиси):
- Чемпионлар лигасининг 25 ўйинида 26 та гол. Месси Англия премьер лигасида буни такрорлай олмаган бўлар эди. Албатта, мен ҳазиллашдим. Месси - мен кўрган буюк талантларнинг энг яхшиси. (ВВС)
Сеск Фабрегас ("Барселона" яримҳимоячиси):
- Месси футбол тарихида энг яхши ўйинчи. Биз ҳеч қачон унга ўхшаганни кўрмаганмиз. У бизнинг жамоамизда ўйнаётганидан хурсандмиз. (AS)
Хосеп Гвардиола ("Барселона бош мураббийи"):
- Бугун биз Мессининг энг зўр ўйинларидан бирига гувоҳ бўлдик. У - ҳақиқий иқтидор. У 24 ёшида Сесардан ("Барселона" тарихидаги иккинчи тўпурар) 7 та гол ортда холос. Бир ўйинда бешта гол уриш оддий иш эмас. Сизларга бутун фаолиятида 11 гол урган футболчи сифатида айтяпман, у қачондир бир ўйинда олтита гол киритади. (AS)