Каталония дербиси Хавининг “Барселона”даги дебюти вазифасини ҳам бажариб берди. Унинг “Блаугранас”га мураббий бўлганига ҳали кўп вақт бўлмади. Шундай бўлишига қарамай испаниялик жамоани анча ўзгаритишга муваффақ бўлган кўринади. Хар холда биринчи ўйиндан сўнг хулосалар шундай бўлди. Ҳали уни олдинда жиддий синовлар кутиб турибди.
Ла Масияга мурожаат
Кечаги ўйиндан сўнг кўпчиликни жамоадаги янги номлар хайратга солган бўлса ажаб эмас. Хақиқатдан ҳам Хави академиядан яна бир нечта иқтидорларни топа олди. Улардан бири албатта Илиас Акомакдир. Ушбу йигитчанинг тўпни ўзида олиб юриши ва ишончи кўплаб мухлисларга манзур келган бўлса ажаб эмас. У қулай вазият бўлди дегунча зарба беришга интилаверди. Унинг ўрнига майдонга тушган Эззалзоулини ҳам таъкидлаб ўтиш керак. Техник ҳаракатлари билан бразилияликларни эслатиб юборувчи марокашликнинг тезлиги ҳам юқори экан. Акомак нисбатан ҳали анча ёш. Табиийки шу сабаб унга эътибор бўлмаган. Лекин марокашлик Абде Эззалзоули 20 ёшни қоралаб қўйган. Клубнинг аввалги мураббийлари нега унга эътибор бермаганлиги қизиқ. Хави ҳали бу икки иқтидор билан тўхтамаса керак. Ундан яна янги кашфиётларни кутамиз. Негаки, Ла Масияда бундай иқтидорлилар топилаверади.
Ўхшаётган тики-така
Хавининг “Барселона”га келиши жамоада ўхшамаётган тики-такани ривожлантириши шубхасиз эди. Мутахассиснинг машғулотлар жараёнидаги майда пасларга урғу бераётган видеолари анча оммавийлашганини кўрдик. Лекин у бу қадар тез фойда беришига ишониш қийин эди. Куман қўл остидаги каталонияликлар ва ҳозирги жамоани солиштириб кўринг. Аввалги “Барселона” тўпни бу қадар назорат қилмас эди. Унинг устига ўша клуб тўп билан ҳужумда нима қилишни билмасди. Оддий қилиб айтганда тўпни олиб бориб ҳужумни зарбагача олиб бора олмасди. Узатиб-узатиб тўпни рақибга олдириб қўяр эди. Хозир эса тезкор майда паслар билан Хави жамоаси осонлик билан рақибни доғда қолдирмоқда. Унинг устига уларда узатма учун камида 2-3та вариант бор. Бу эса жамоа босим қилиш жараёнида ҳам бўш позиция топиш учун кўп югураётганидан далолат.
Чалғитувчи қанот
Альбанинг ҳужумга қўшилишини ҳамма билади. У олдинги чизиқда анча фойдали ўйин кўрсатади. Лекин Куманнинг қўл остида майдонда унга тўлиқ позиция яратиб берилмади. Асосан Куман Депайни чап қанотда ишлатди. Шу тариқа Альба кўп ҳужумларга қўшила олмади. Хозир эса Хави унга шу позицияни тақдим этмоқда. Тактик кўринишга қараганда чап қанот ҳужумида Гавини кўрдик, лекин жамоа босим ўтказаётганида Гави ярим ҳимояга қайтди ва қанот Албага қолди. Ҳужум жараёнида шуни кўрдикки, жамоа 3-4-3 тактикасига ўтиб олмоқда. Гави ва Де Йонг ярим ҳимоя қанотларида, Бускетс ортроқда, Нико Депайнинг ортида ва Алба қанот ҳужумида пайдо бўлмоқда. Ҳимояда эса Пике, Мингеса ва Эрик.
Ҳимоядаги камчиликларни ҳужум билан бартараф этиш
“Барселона”нинг ҳимоядаги камчиликлари жуда катта. Ла лигада “Барселона” анча учрашувдан бери дарвозаси даҳлсизлигини сақлай олмаётган эди. Хави бунинг чорасини топишда хали анча боши қотиши турган гап. Негаки кучсиз жамоаларга қарши тўп назорати ва аниқлик эвазига гол ўтказмаслик мумкин, лекин ҳужумкор жамоаларга қарши бунинг иложи йўқ. Эрик катта эҳтимол билан Хави таянган футболчи бўлади. Унинг ютуқ томони паслардаги аниқлик. Испаниялик мутахассис учун айнан шундай футболчи керак. Аммо бу билан “Барселона”нинг орқа чизиғидаги муаммолар ҳали бери бартараф этиладиганга ўхшамайди.
Ҳамон ўша камчилик
Хавининг “Барселона”сини жуда мақтадик. Аммо ҳамон эски ҳаммом эски тос. Яъни жамоанинг ҳужумларни якунлашдаги жиддий камчилиги давом этмоқда. Ҳозир “блаугранас”да ҳақиқий голеадор йўқ. Агуеронинг фаолиятини якунлаши, Фатининг жароҳатлари жамоага қимматга тушмоқда. Люк Де Йонг ҳақида гапириш менимча шарт эмас. Жамоага барбир камида битта гол машинаси керак. “Барселона”да вингерлар етишмаслиги ҳақида ҳам гапирар эдик, аммо Акомак ва Эззалзоули шундай ўйнашда давом этса улардан нимадир кутса бўлади.
Тўғри ҳали ҳулоса чиқаришга эрта. Хавининг ўйин услуби қай даражада ўзини оқлаши ҳам қоронғу. Унинг ютуқ ва камчиликларини кучли жамоаларга қарши ўйиндан сўнг муҳокама қилиш керак. Аммо тан олиш керакки, дебют яхши чиқди. Хавининг олдинда қиладиган ишлари кўп.
Миржалол Пардабоев тайёрлади.