Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Йўқолган юлдузлар ёxуд уларнинг келажаги порлоқ бўлиши кутилаётган эди

Баҳо:
+ | -

  Футбол шундай спорт турики, унда доим олдинга қадам ташлаш зарур. Яъни яхши футболчи бўлиш учун иқтидорнинг ўзи камлик қилиши аниқ. Доимий меҳнатлар ва тартиб ёш футболчилар учун асосий керакли унсур ҳисобланади. Тартибни бузиш ва машғулотларда ўз устида кам ишлаганлигининг оқибатида “миллионлар ўйини” ажойиб иқтидорларини йўқотиб қўйгани кўпчиликка маълум бўлса керак. Stadion.uz бугун келажаги порлоқ ҳисобланган, аммо “юлдузлик касали”га йўлиқиши оқибатида порламай сўнган юлдузлар ҳақида сўз юритади.

 5. Кристиан Павон (25 ёш, Аргентина)

Кристиан ёшлигида жуда ҳам иқтидори юқори баҳоланган йигитча эди. Кўплаб ёшларни Мессига қиёслашади. Павон улар орасида Мессига ростмана тенглашиши мумкин бўлган икки футболчининг бири эди. Яна бири ҳақида қуйироқда сўз юритамиз. Аргентиналик фаолиятини “Атлетико Таллерс” жамоасида бошлаган ва у ўша жамоа академиясининг тарбияланувчиси ҳисобланади.  Павонга 2013 йиллардаёқ европа жамоаларидан жиддий қизиқиш бўлган. Аммо ёш йигитчага ҳали бироз тажриба керак эди. Шу сабабли аргентиналик ўз диёрида тўп тепишни истади. Илк жамоасида у биринчи мавсумда 18 ўйинда 4 бор рақиб дарвозасини ишғол этишни уддалаган ва Аргентинанинг бош жамоаси эътиборини қозона олган. “Бока Хуниорс” Павонни 3 миллион еврога харид қилганда аргентиналик ҳали 18 ёшда эди. Вундеркинд “кўк”лар сафида илк мавсумини ижарада ўтказди ва яхши ўйини туфайли яна ортига қайтди. Павон шундан сўнг бироз йўқолиб қолди. Таъкидлаш жоизки, ёш иқтидорга ўша пайтларда “Арсенал”, “Севиля” ва “Бенфика”дан жиддий қизиқиш бўлган эди. Кристианни 2018 йилги Жаҳон чемпионатида яна кўрдик. Шундан сўнг ҳам Павон учун “Арсенал” ва “Барселона” жамоалари қизиқиш билдиришди. Аммо Павон ҳали бунга тайёр эмас эди. Шундан сўнг иқтидорли футболчи ҳисобланган аргентиналикни деярли кўрмадик. Ҳозирда у “МЛС”да тўп тепмоқда.

4.Франко Серви (27 ёш, Аргентина)

Бу ном кўпчиликка маълум эмас. Чунки Серви омма эътиборида кўп вақт бўла олмаган. Месси билан бир жойда туғилган иқтидорли футболчини ҳеч қачон Мессига қиёслашмаган. Ундан келажакда Месси билан тенг даражадаги юлдуз чиқишига ишонишган. У ҳали профессионлар фаолиятини бошламасидан унга кўплаб жиддий таклифлар бўлган. Аммо, Жанубий Америкадан Европага кўчишни унинг оиласи унчалик исташмаган. Шу сабабли Серви профессионал фаолиятини ўз юртида бошлашга мажбур эди. Росарионинг маҳаллий жамоасидаги илк ўйинлари Сервидаги ростмана иқтидорини кўрсата олди. Кўплаб футбол ишқибозлари уни Мессининг давомчиси сифатида кўришарди. Шу сабаб европада уни кузатишди. Аммо орадан кўп вақт ўтмай Сервининг ўйини бироз ёмонлашди ва у Европага кета олмади.  2016-йилга келиб “Бенфика” футболчини ўз сафига қўшиб олди ва унга жиддий умид билдирди. Афсуски тезкор Серви бу ишончни оқлай олмади. “Бенфика” сафида 114 учрашувда 11 бор рақиб дарвозасига йўл топган футболчи ҳозирда “Селта” таркибида тўп сурмоқда.

3.Габриэл Барбоса (25 ёш, Бразилия)

Габриэл Барбосани кўпчилик “Габигол” номи билан яхши танишса керак. Унинг иқтидори бутун Европанинг гранд клубларининг ҳушини ўғирлаган эди. Габигол профессионал фаолиятини жуда яхши бошлаган. У “Сантос” жамоасида 17 ёшида пайдо бўлган. 3 йил мобайнида тинимсиз “кўҳна қитъа”дан таклиф олган “Габигол” 2016 йилдагина Европага келган. Унинг ушбу қитъадаги илк жамоаси “Интер” эди. Афсуски, бразилиялик А Серияда ўзини кўрсата олмаган ва “Бенфика”га ижарага бериб юборилган. Португалияга ҳам кўника олмаган Габриел яна ўз юртига қайтган. Ҳозирда “Габигол” “Фламенго”нинг асосий футболчиларидан бири ҳисобланади. Унинг иқтидори ҳамон сўнмаган. Лекин Европада уни эслашмайди.

2. Ален Ҳалилович (25 ёш, Хорватия)

Аленни кўпчилик футбол ишқибозлари жуда яхши эслашади. Уни юртдошларимиз ўсмирлар ўртасида ўтказилган 2013 йилги Жаҳон чемпионатида эслаб қолишган. Ўша мусобақада европаликлар гуруҳ босқичида бизнинг рақибимиз бўлишган ва Ўзбекистонга 2-1 ҳисобида ютқазиб қўйиб, гуруҳ босқичидаёқ ўз юришларини тугатишган. Ўша ўйинда Ҳалилович жамоасининг ягона гўлига муаллифлик қилган эди. Кейинчалик у “Барселона” билан шартнома имзолаган. Аммо Ален каталонияликларнинг ишончини оқлай олмаган. Шундан сўнг порламаган вундеркинд ўнлаб жамоаларда тўп сурди. Ҳозирда у “Ридинг” жамоаси футболчиси ҳисобланади.

1.  Боян Кркич (31 ёш, Испания)

Боян Кркични танимайдиган футбол ишқибози бўлмаса керак. Ла масия тарбияланувчиси ҳисобланган йигитча “Барселона”да ҳам анча ўйин ўказиб кўплаб голларга муаллифлик қилган. Юқорида Мессига қиёсланган икки энг яхши иқтидор эгаси бор дедик улардан бири Павон бўлса, иккинчиси албатта Боян ҳисобланади. Унинг ҳаракатлари ва тўпни олиб юриши Мессини эслатади. Аммо ўша пайтдаги “Барселона”га битта Месси етар эди. Шу туфайли Кркич бошқа жойда порлаши керак эди. У “Барселона”дан кетиб “Рома”га борди, кейин “Милан”да ўйнаб яна уйига қайтди. Ўшанда қайтган Боян ва олдинроқ кетган Боян орасида ер билан осмонча фарқ бор эди. Ундан сўнг Кркич анча жамоаларда топ суришга улгурди. Ҳозир эса у Инеста билан биргаликда Япониянинг “Виссел Кобе” жамоасида тўп сурмоқда.

Ушбу иқтидор эгалари нега ўзига билдирилган ишончни оқламагани маълум эмас. Балки “юлдузлик касали”, ёки дангасаликдир. Нима бўлганда ҳам улардан мухлислар кўп нарса кутишган эди. Бундай футболчилар жуда кўп. Лекин юқорида кўплаб футбол ишқибозлари танганларини санаб ўтдим. Юртимизда ҳам ёшлигида келажаги порлоқ деб таҳмин қилиниб, кейинчалик футбол оммасида йўқолиб қолган иқтидорлар етарлича топилади.

Миржалол Пардабоев тайёрлади.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 18:04, 28.11.2021.
Ўқилди: 8321 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.