Кириш Регистрация
22/11 16:00 Нефтчи 2-0 Насаф
22/11 18:15 Қизилқум 1-5 Навбаҳор
23/11 01:00 Хетафе 2-0 Вальядолид
23/11 15:00 Олимпик 0-0 Бунёдкор
23/11 17:15 Андижон - Динамо
23/11 17:30 Лестер - Челси
23/11 18:00 Валенсия - Бетис
23/11 19:00 Верона - Интер
23/11 20:00 Борнмут - Брайтон
23/11 20:00 Арсенал - Ноттингем Форест
23/11 20:00 Астон Вилла - Кристал Пэлас
23/11 20:00 Эвертон - Брентфорд
23/11 20:00 Фулхэм - Вулверхэмптон
23/11 20:15 Атлетико - Алавес
23/11 22:00 Милан - Ювентус
23/11 22:30 Манчестер Сити - Тоттенхэм
23/11 22:30 Лас-Пальмас - Мальорка
23/11 22:30 Жирона - Эспаньол
24/11 00:45 Парма - Аталанта
24/11 01:00 Сельта - Барселона
24/11 15:00 Металлург - Сурхон
24/11 16:30 Женоа - Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна - Локомотив
24/11 18:00 Осасуна - Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон - Ливерпуль
24/11 19:00 Торино - Монца
24/11 19:00 Комо - Фиорентина
24/11 20:15 Севилья - Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич - Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи - Рома
24/11 22:30 Леганес - Реал Мадрид

Папу Гомес: «ЖЧда Месси учун боримизни берамиз»

Баҳо:
+ | -

Алехандро Папу Гомес 2017 йилнинг май ойида юмористик видеоклип яратишда италиялик «ютубчилар» билан ҳамкорлик қилганида, бу ўзи учун алоҳида белгига айланишини асло ўйламаганди. Амалда видеолавҳа El baile del Papu («Папу рақси») номи билан оммалашди. Папу шу тариқа йирик ғалабалар (мисол учун, Америка кубогидаги зафар) ва Аргентина миллий жамоаси ёки «Севилья» либосидаги голларини рақс билан нишонлашга одатланди.
Аргентиналик ҳужумчининг рақси вирус каби тарқалган пайт у 29 ёшда бўлиб, 8 мавсумдан буён Европада ўйнаётганди. Гомес айниқса, мавсум-2016|2017да ҳаммани ларзага солган «Аталанта»да етакчиликни қўлга олди ва бутун Европага танилди. Ҳужумчи шу юксалиш натижасида аввалига Аргентина миллий жамоасининг ўша пайтдаги бош мураббийи Хорхе Сампаоли назарига тушди, кейин «Севилья» сафини тўлдирди. Асосийси, Папу жорий йил «альбиселестлар»нинг Америка кубогида зафар қучишларига ҳам муносиб ҳисса қўшди. Энди навбатда - ЖЧ-2022.

- «Папу рақси» қаердан пайдо бўлганини айта оласизми?

- Бу ҳаракат ғояси тахминан 4 йил олдин туғилди. Gli Autogol номи остида ижод қилувчи италия­лик 3 нафар «ютубчи» Fantacalcio (Fantasy Football) серияси остида футболга дахлдор кўплаб пародияларни бериб боришади - ажо­йиб ҳазиллар. Хуллас, уларга бир неча лавҳалар юбордим, жумладан, кийиниш хонасида кулгили рақсга тушганим ёзилган видеони. Шу аснода рақсга хайрия қўшиғи қўшиш ғояси юзага келди. Асосийси, ижодкорлар бундан йиғилган маблағни тўлиқ хайрия ишларига йўналтиришим мумкинлигини айтишди. Ўша вақт Бергамода футбол билан шуғулланувчи ногирон болалар уюшмаси ҳомийси эдим. Якунда таклифни қабул қилдим ва махсус видеоролик тайёрладик. Тўғриси, ишимиз ижтимоий тармоқларда шу қадар тез оммалашишини хаёлимга ҳам келтирмагандим.

- Мана, ўша рақс энди сиз учун ўзига хос «ташриф қоғозчаси»га айланди...

- Очиғини айтаман, бундан бироз чарчадим ҳам. Чунки қаерга борсам, «Папу рақси»ни кўрсатиб беришимни сўрашади. Бунга аллақачон кўникиб улгурдим, аммо нуқул рақс тушавериш... «Се­вилья» сафига қўшилганимда, мендан аввало, рақс талаб қилишларини билардим. Лекин бундан яхши чиқиб кетдим. Яъни жамоадошларимга рақс кўришни истасалар, гол уришим учун кўпроқ имконият яратишлари кераклигини айтдим. Албатта, голларни рақс билан нишонлашдан бахтиёрман. Айниқса, болалар учун шундай қилишда давом этаман, чунки улар бундан чинакамига завқланишларини яхши биламан.

-  Мавсум-2016|2017да «Аталанта»даги порлаш эвазига Аргентина термасидан жой олдингиз. Ҳозир аввало, нималарни эслайсиз?

- Майдонда ҳужумни якунловчи футболчи сифатида тўп сурсам, ўзимни сувдаги балиқдек яхши ҳис қилишимни англадим. Чунончи, «Аталанта» ҳужумкорликка мойил эди. Муҳими, мураббий мени ҳужумга нуқта қўядиган футболчи ролига муносиб кўрди. Умуман, ҳаммаси бирдан ривожланди. 2007 йили Канада мезбонлик қилган ёшлар ўртасидаги ЖЧда Аргентина термаси сафида ғалаба қозонган бўлсамда, кейинчалик миллий жамоа мураббийлари эътиборидан четда қолдим. Орада итальянлар ҳаттоки, мени ўз терма жамоаларида ўйнатмоқчи бўлишди, фақат 2007 йилги ЖЧда қатнашганим туфайли бу амалга ошмади. Мавсум-2016 (2017да эса дарҳақиқат, яхши ўйнадим, қолаверса, Аргентина термасининг ЖЧ-2018 саралашидаги ишлари у қадар яхши эмасди. Қисқаси, мамлакатим миллий жамоасига қўшилиш вақти етганди. Ўзи шунга интилаётгандим ҳам. Зеро, 2007 йили мен билан бирга ўйнаган Банега, ди Мария ва Агуэро каби кўплаб йигитлар миллий жамоага анча олдин чақирилгандилар.

- 1993 йилдан буён терма жамоада ғалабага интилган Лео Мессининг кўз ёши... Америка кубоги-2021даги чемпионлик сизлар учун айнан нимани англатади?

- О, ноёб ва тарихий воқеа! Жамоамизда ҳаммаси жойида эди, лекин турнир стартида ўйинимиз унча қовушмади. Муҳими, кейинчалик шиддатни ошириб бордик ва якунда аҳил оила сифатида шаклланганимизни исботлаб, Аргентина халқига узоқ кутилган ғалабани тортиқ этдик. Чемпионлик байрамини таърифлашга ожизман. Бинобарин, бутун бир авлод Аргентина термаси чемпионлигини кўрган эмасди. Бир неча омадсиз финаллардан кейин шундай зафарга илҳақ эдик. Айниқса, Месси, Агуэро, Отаменди, ди Мария ва бошқа фахрийларга тасанно айтиш керак. Ахир улар бир неча финалда мағлубият аламини татиб кўришганига қарамай, фақат олға интилдилар ва якунда мақсадга эришдилар. Менга эса энг керакли пайт керакли жойда пайдо бўлиш бахти насиб этди. Футбол шундай сценарийлар билан ҳам гўзал.

- Ҳаммасини худди кеча рўй берган воқеа каби тавсифлаяпсиз...

- Чунки бу ўзига хос воқелик, чиндан ҳам. «Севилья» таклифини қабул қилишда айнан Аргентина термасида ўйнаш имкониятим ошишини ўйлагандим. Мана, Америка кубогида иштирок этдим ва 2та гол урдим ҳам. 33 ёшда, терма жамоа сафидаги саноқли ўйинлардан кейин чемпионликни нишонлаш... Кимдир менга сеҳрли таёқча билан урган бўлса керак - бошқача изоҳ йўқ.

- Энди олдинда Қатар-2022 мундиали турибди...

- 2019 йили ёш футболчилар билан бошланган лойиҳани давом эттириш муҳим. Ўйлайманки, бу ўз самарасини беради. Саралаш бос­қичидаги вазифани муддатидан олдин ҳал қилганимиз жуда муҳим. Ҳар ҳолда, кескинлик анча юмшади ва энди қолган ўйинларда турли услубларни амалда қўллаб кўришимиз мумкин.

- Айтингчи, Лео Скалони жамоага айнан қандай янгиликлар олиб кирди?

- У ЖЧ-2018дан кейин тушкунлик домида қолган терма жамоани тезда ўз даражасига чиқарди. Бунда руҳият устида қаттиқ ишлагани ўз-ўзидан тушунарли. Яна бир томони, бош мураббий ўз атрофига Уолтер Самуэль, Роберто Айяла ва Пабло Аймар каби собиқ футболчиларни жамлади. Оддий айтганда, ўйинчилар билан яқиндан ишлайдиган яхшигина мураббийлар штабини тузди. Шу аснода Аргентина термасига янги қиёфа бағишлади. Скалони шунингдек, қайси рақибга қарши қандай ўйнаш кераклигини яхши билади, чунки учрашувлар таҳлилига ҳам кўп вақт ажратади. Жамоага олиб кирган яна бир катта янгилиги - хотиржамлик.

- Лионель Месси билан ўйнаш - бу қандай?

- Лео ҳаммамиз учун биринчи рақамли шахс. Месси жуда самимий, бизни ўз ҳаётининг бир қисмидек қабул қилади. Бундай йигит ёнида ўйнаш - совға! Тушунарлики, унинг ўйинини тасвирлаш учун янги сўз топиш қийин - барча муносиб таърифлар ишлатиб бўлинган. Лео­ни турли вазиятларда хилма-хил услубларни қўллаши кишини ақлдан оздиради. Ҳамма ундан ўрганишга интилади, аммо 50 йилда бир марта туғиладиган даҳо ҳаракатини такрорлаш осон эмас. Чунки у мутлақо ўзгача. Мессининг ишга ёндашувини кўрсангиз, бир куласиз, бир завқланасиз. Кулишингиз боиси, машғулотларда ҳамма қатори тер тўкади.

- Месси сизлар билан ЖЧ-2022 ҳақида гапирадими, бўлажак турнирга боғлиқ амбициялари қандай?

- Лео бунга қадар бир марта мундиал тахтига жуда яқинлашганди. ЖЧ-2022 эса эҳтимолки, унинг учун охиргисидир. Шундай экан, Қатарда бор маҳоратини ишга солади. Ўйлайманки, Аргентина термаси ҳам турнирга энг юқори спорт формасида етиб боради. Менимча, Америка кубогидаги зафар ҳам жамоа кучига куч қўшиши керак. Умуман, келаси йили барча футболчилар Лео учун ҳам ўйнашади - у жаҳон чемпионатида ғалаба қозонишга ҳақли. Бутун Аргентинанинг хоҳиши ҳам шу. Леонинг ўзига келсак, бўлажак мундиал ҳақида ҳали ҳеч нима дегани йўқ, лекин ғалабага алоҳида шайланаётганини яхши биламиз.

- Хўш, Аргентина термасини ЖЧ-2020 фаворитлари қаторига қўшиш мумкинми?

- Жамоамиз ўз тарихи ва номи билан ҳамиша фаворит ҳисобланади. Ҳозир таркибимизда дунё­нинг энг сара футболчилари бор, Америка кубогида мағлубиятсиз одимлаб, якунда ғолиб чиқдик. Лекин бошқа жамоаларга ҳам ҳурмат билан қараш керак. Европанинг 5-6та жамоаси, шунингдек, Бразилия термаси ҳам жуда кучли. Бўлажак мундиалда яна 1-2та иштирокчи «сюрприз»  улашиши мумкин. Қисқаси, бизни жуда чиройли жаҳон чемпионати кутмоқда. Унда ғалаба қозониш учун эса озгина омад ҳам керак. Шоҳсупага кўтарилиш жуда қийин, лекин бизда имкон қадар узоқроққа бориш учун зарур воситалар бор.

- Охирги савол: Қатарда «Папу рақси»ни кўрамизми?

- Ҳозирги бош мақсадим - ЖЧда иштирок этиш. Умид қиламанки, келаси йили менга фаолия­тимда биринчи ва охирги марта катталар ўртасидаги мундиалда қатнашиш бахти насиб этади. Бу футболдаги йўлимнинг мантиқий мукофоти бўлади. Ҳозирча «Севилья» билан олға боришда давом этишим, жамоага имкон қадар кўп ёрдам беришим керак. Вақт тез ўтяпти. Олдинда чамаси 1 йил бор ва бу орада Аргентина миллий жамоасининг 23 кишидан иборат якуний рўйхатидан ўзимга жой ҳозирлашим шарт.

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 23:00, 01.12.2021.
Ўқилди: 2742 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.