Барча мухлисларимиз спорт оламида 4 йилликнинг энг нуфузли мусобақаси бўлмиш Олимпия ўйинларида футбол жамоамизни ҳам кўришни орзу қилади. Шу пайтгача ўтган циклларда йўл қўйилган хатолардан тегишли хулоса чиқарган ҳолда ҳукуматимиз, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва спортимиз фахрийларининг қўллаб-қувватлаши билан Миллий Олимпия қўмитаси қошида «Олимпик» футбол жамоаси ташкил этилди. Бугун ушбу экспрементал лойиҳа мева бераётганига гувоҳ бўлдик.
Жамоага замонавий футбол методикаларини яхши тушунадиган ёш мураббий Темур Кападзе жалб этилди. Мутахассис қисқа вақт ичида Париж-2024 Олимпия ўйинларида иштирок этиши мумкин бўлган 18-19 ёшли йигитларни тўплади. Жамоа Про-лиганинг биринчи даврасидаёқ нималарга қодир эканини кўрсатди. Мавсум ярмини биринчи ўринда якунлаган «Олимпик»ка барча жиддий эътибор қарата бошлади. Якунда жамоамиз Про-лиганинг бу йилги мавсумини 3-ўринда якунлаб, Суперлига йўлланмаси учун ўтиш босқичида иштирок этди. Муборакнинг «Машъал» клубига қарши баҳсда йигитларимиз иродали ўйин кўрсатиб, ишончли ғалабани қўлга киритишди. Қайд этиш жоиз, «Олимпик» ўтиш босқичида юқори лига жамоасини мағлуб этган биринчи жамоа сифатида тарихда қолмоқда.
Бир сўз билан айтганда, «Олимпик» клуби лойиҳаси ва унинг йигитлари ўзбек футболи яқин давр ичида шонли тарих ёзишга тайёр эканини кўрсатмоқда. Бу борада жамоамизга ҳомийлик қилган ва доимо ҳар томонлама қўллаб келган Туризм ва спорт вазирлиги, «PepsiCo» компанияси ва «Трастбанк»ка ўз миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз.