14 март куни Тошкентда Лондон-2012 олимпиадаси саралашининг ҳал қилувчи учрашуви бўлиб ўтади. “Жар” стадионида ўзбекистонликлар БАА олимпия терма жамоасини қабул қилдилар.
Ушбу учрашувга бўлган қизиқиш нафақат юртимиз футбол ишқибозларида балки амирликларда ҳам анчайин юқори бўлгани учун ўйинни бевосита стадионда томоша қилиш учун “Бунёдкор”нинг собиқ аъзоси Жасур Ҳасанов ҳаракат қилаётган “Эмирайтес” клуби делегацияси ташриф буюришди.
Делегацияга Рас эл-Ҳайма ва “Эмирайтес” футбол клуби президенти шайх Аҳмад бин Сақр ал Қосими раҳбарлик қилишмоқда. Шайх ёрдамчиси ёрдамчиси Муҳаммад Рубаш, “Эмирайтес” ФК ижрочи директори Яҳё ал Шамси, клубнинг молиявий менежери Аҳмад Дарвеш делегациянинг бошқарув таркибидан жой олишган.
Сешанба куни кечки маҳал Тошкент халқаро аэропортида БААлик меҳмонларни “Бунёдкор” футбол клубининг масъул шахслари кутиб олишди. Бугун куннинг биринчи қисмида иккала жамоа раҳбарлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Меҳмонларни “Бунёдкор” ФК биринчи вице-президенти – Бош директори Баҳромжон Давлатов қарши олди.
- Бундай нуфузли меҳмонларни мамлакатимиз пойтахтида кўриб турганимиздан хурсандмиз. Чоршанба куни Ўзбекистон ва БАА олимпиячилари ўртасида ҳал қилувчи учрашув бўлиб ўтади. Иккала жамоа аъзолари ҳам ўта кучли гуруҳда Австралия ва Ироқ каби термаларни ортда қолдиришиб, олимпиада йўлланмаси учун кураш олиб боришмоқда. Якунда иккала жамоа ҳам Лондон-2012 йўлланмасини қўлга киритишса жуда хурсанд бўлардик.
“Бунёдкор” тез-тез БАА вакиллари билан учрашиб туради. Ҳар мавсум олдидан амирликларда тайёргарлик олиб борамиз. Шунингдек, кўпинча БАА клублари билан Осиё Чемпионлар лигаси турнирида ўйнаймиз. Сўнгги йилларда Сизларнинг чемпионатингизда ўзбек футболи тарбияланувчилари тўп тепишмоқда. Хусусан бизнинг собиқ футболчимиз Жасур Ҳасанов “Эмирайтес” клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. Жамоангиз ўйини ва қайд этаётган натижаларини мунтазам равишда кузатиб борамиз. Сизлар билан иккала томон учун фойдали бўлган ҳамкорлик ишларини йўлга қўйишдан мамнунмиз. Сизларни “Бунёдкор”нинг янги қурилаётган стадионига таклиф этмоқчиман. Иншоатда болалар-ўсмирлар футбол мактабига алоҳида эътибор қаратилган. “Бунёдкор” ва “Эмирайтес” клубларининг футбол мактаблари борасида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз, - деди Баҳромжон Давлатов.
Шайх Аҳмад бин Сақр ал Қосими учрашув учун алоҳида миннатдорчилик билдирди:
- “Бунёдкор”ни БААда жуда яхши билишади. Сизларнинг январь ойида Дубайда ўтган халқаро турнирдаги иштирокингизни диққат билан кузатиб бордик. “Бунёдкор” жуда яхши ўйин кўрсатиб, фахрли учинчи ўринни эгаллади. “Эмирайтес” сафида ўзбекистонлик футболчилар ҳаракат қилишаётганидан ва улар ижобий натижаларимизга катта фойда келтиришаётганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Сизларнинг тарбияланувчингиз Жасур Ҳасанов машғулотларда ўзини фаоллиги билан бошқаларга ўрнак бўлмоқда. Ҳаётда анча оддий, аммо майдонда жуда фойдали ўйинчи. Яқинда халқаро ўртоқлик учрашувида майдонга тушдик ва ғалаба қозондик. Ўша ўйинда Жасур Ҳасанов рақиб дарвозасини ишғол қилиш билан биргаликда яна бир голга ассистентлик қилди.
Биз “Бунёдкор” ФК билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатаётганимиздан хурсандмиз. Кейинги йилги хорижий йиғинларингизни жудаям замонавий тарзда барпо этилган ва барча шароитлар яратилган бизнинг спорт базамизда ташкил этсангизлар бошимиз осмонга етади. Иккала клубнинг турли ёшдаги футболчиларини алмаштириш бизларга ҳам, сизларга ҳам фойдали бўлади, деб ўйлайман - деди Шайх Аҳмад бин Сақр ал-Қосими.
“Бунёдкор” ва “Эмиратес” клублари бундан-буён мунтазам алоқада бўлишга ва ҳамкорлик доирасини ривожлантиришга келишиб олишди.