Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Мураббийлар: Сўнгги чора - товон пули

Баҳо:
+ | -

Рональд Куман Барселонани тарк этган бўлсада, Жоан Лапорта ҳали унута олгани йўқ. Сабаби, нидерландиялик мутахассис шартномани муддатидан аввал бекор қилган клубдан каттагина товон пули талаб қилмоқда. «Барселона»дан Куман 12 млн. еврони олган тақдирда ҳам, энг йирик товон пули олган мураббийлар рўйхатида 10-ўриндан жой олади. Эътиборли жиҳати шундаки, Жозе Моуриньо мазкур рўйхатдан икки марта жой олган, товондорлик бобида эса «Челси» етакчи - натижа бермай қўйган мураббийларни аяб ўтирмайди.

АНТОНИО КОНТЕ («Челси», 2018 йил)

Италиялик мураббий «Ювентус»даги муваффақиятдан (3та чемпионлик унвони) кейин Италия термаси билан Евро-2016 чорак финалига чиқди. Германия билан кечган баҳс 1:1 ҳисобида якунланиб, пенальтилар сериясида омад немисларга кулиб боқди. Шундан кейин Конте термани тарк этиб, «Челси»га ўтди ва 3 йиллик шартнома имзолади. Бироқ 2 йилдан кейин уни истеъфога чиқаришди. Аввалига ОАВ мураббий 10 млн. евро миқдорида товон пули олишини маълум қилганди. Лекин клуб ҳисоботида анча йирик маблағ - 31 млн. евро зикр этилганди. Қизиғи, Конте аввалига бу миқдордан анча озроқ, лекин 10 млн.дан кўпроқ талаб қилган, «Челси» эса кўнмаганди. Охир-оқибат, мураббий судга мурожаат қилди ва ғолиб чиқди. Дарвоқе, йирик миқдордаги товон пуллари Абрамович учун янгилик эмас.

ЖОЗЕ МОУРИНЬО («МЮ», 2018)

«Беназир» Манчестерга келган пайтида, ундан ҳамма мўъжиза кутган ва «қизил иблислар»нинг чемпион бўлишларини тахмин қилганди. Амалда жамоа Лига кубоги ва Англия Суперкубоги соҳиби бўлди, ЕЛда ғолиб чиқди. Аммо АПЛ-да шоҳсупага кўтарилиш насиб этмади. 2018/19 йиллар мавсуми стартидаги муваффақиятсизликдан сўнг Моу лавозимидан четлатилди, «МЮ» эса 23 млн. евроли товон пулини қуртдек санаб берди.

ЖОЗЕ МОУРИНЬО («Челси», 2007)

«Кўклар» тарихидаги энг омадли мураббий кутилмаганда 2007 йилнинг сентябрида жамоани тарк этди. Бунга қадар мураббий жамоа сов-ринлар коллекциясини 2та АПЛ чемпионлиги, Англия кубоги, 2та Лига кубоги, Англия Суперкубоги билан бойитганди. Унинг айрим масалаларда Абрамович билан келиша олмай қолгани ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлган, бироқ бу шунча совринларни қўлга киритишига халал бермаганди. Янги мавсумдаги омадсиз старт Жозенинг истеъфосига баҳона бўлди. ЕЧЛдаги уй учрашувида «Русенборг» билан қайд этилган дурангдан (1:1) кейин Абрамович 21 млн. евродан воз кечиш билан орани очиқ қилди.

ЛОРАН БЛАН («ПСЖ», 2016)

Бир пайтлари Блан «Бордо»ни Лига1 шоҳсупасига олиб чиққанлигига ҳозир ишониш қийин. Ана шу муваффақият таъсири остида мураббий Франция терма жамоаси бошқарувига таклиф этилди. Лекин Евро-2012 чорак финалида бўлғуси чемпион - Испанияга имконият бой берилгач, Лоран кетишга қарор қилганди. 2013 йилда мураббий «ПСЖ» бошқарувини қўлига олди ва 3тадан чемпионлик, Лига ва Франция кубокларини, 2та Франция кубогини ҳадя этди. Кейин 2020 йилгача мўлжалланган янги шартномага имзо чекди. Аммо ёзда қайд этилган ЕЧЛ доирасидаги навбатдаги муваффақиятсизликдан сўнг истеъфога чиқарилди. Раҳбариятнинг фикрича, жамоа нуфузли турнирда ғалаба қозониши лозим, Блан эса буни таъминлай олмади. Натижада парижликлар 20 млн. еврони қурбон қилишга мажбур бўлдилар.

ЛУИС ФЕЛИПЕ СКОЛАРИ («Челси», 2009)

«Челси»га бу таниқли мураббий Бразилия ва Португалия терма жамоаларидаги муваффақиятли фаолиятдан кейин келганди. Унинг раҳбарлигида жамоа ёмон ўйнамади, ЕЧЛда «плей-офф» босқичига чиқди, АПЛда етакчилар сафида бўлди. Лекин мураббий Дрогба ва Анелькалар кўнглига йўл топа олмади. Шогирдлари ёнма-ён тўп суришни истамадилар ва доимо мураббий билан баҳслашавердилар. Сколари эса футболчидан гап эшитадиган мураббийлар сирасидан эмасди. У 7 ойдан кейин «Челси»ни тарк этди. Кейинчалик мураббий барвақт истеъфога ўзи сабабчи бўлганлигини тан олди. Шунга қарамасдан, клуб 16 млн. евро миқдоридаги товон пулини тўлади.

ФАБИО КАПЕЛЛО (Россия терма жамоаси, 2015)

Италиялик мутахассис Россияда рисоладагидек ишлаётганди. Бироқ вақти келиб, РФИ молиявий муаммоларга дуч келди, Капеллонинг иш ҳақини ўз вақтида бера олмади, жамоанинг натижалари пасая бошлади. 2015 йилнинг ёзида италиялик мураббийни истеъфога чиқариб, унга Россия футболидаги рекорд кўрсаткич миқдорида товон пули тўланди. Аслида, дон Карло 21 млн. евро олишга ҳақли эди, лекин томонлар 15 млн.га келишиб олишди.

МАУРИСИО ПОЧЕТТИНО («Тоттенхэм», 2019)

Англияда Почеттино «Тоттенхэм»ни АПЛнинг энг сара жамоалари сафига олиб чиққанди, унинг даврида «тақачилар» 2-ўринни эгалладилар, ЕЧЛ финалига чиқдилар. Бироқ Маурисио 5 йил ичида бирорта совринни қўлга кирита олмади. Шу боис, жамоа учун омадсиз келган 2019/20 йиллар мавсумида мутасаддилар аргентиналик мутахассисни 14,5 млн. евро билан рози қилиб, лавозимидан четлатишди.

АНДРЕ ВИЛЛАШ-БОАШ («Челси», 2012)

Навбатдаги португалиялик мураббий ва «кўклар»нинг собиқ устози. АВБ «Челси»га Карло Анчелоттидан кейин келди. Бу ўзига хос камёб воқеа. Гап шундаки, мураббий «Порту» билан барча ички совринлар - чемпионат, кубок ва Суперкубок мусобақаларида ғолиб чиқиши ва қўшимчасига, ЕЛ кубогини қўлга киритиш орқали машҳур бўлганди. Янада ажабланарли факт - буларнинг барчасига АВБ «аждаҳолар» жамоасидаги дебют мавсумида эришганди. Қолаверса, у нуфузли халқаро турнирнинг энг ёш ғолиби (33 ёш, 213 кун) бўлганди. Бундан ташқари, Боаш «Порту» билан узоқ муддатга мўлжалланган шартномага имзо чеккан, келишувни барвақт бекор қилиш учун манфаатдор томон 15 млн. евро товон пули тўлаши лозим эди. «Челси» ана шу харажатни ҳам ўз зиммасига олганди. Лекин АВБнинг Англиядаги фаолияти кутилганидек муваффақиятли бўлмади. У ҳатто дастлабки мавсумини якунлашга ҳам улгурмади ва март ойида «Челси»ни тарк этди. Клуб эса шартномага биноан, 14 млн. евро тўлади.

РОБЕРТО ДИ МАТТЕО («Челси», 2012)

АВБ истеъфосидан кейин «кўклар» бошқарувини ўз зиммасига олган италиялик мураббий барчани лол қолдирган ҳолда, ЕЧЛ ва Англия кубоги турнирларида зафар қучди. Кейин табиийки, «вақтинчалик бажарувчи» мақомидан фориғ бўлиб, 2 йиллик шартномани имзолади. Бироқ жамоа янги мавсум стартида омадсизликка учрагач, Ди Маттео ноябрь ойида лавозимидан четлатилди. Клуб эса унга 13 млн. евро товон пули тўлади. Шу тариқа Абрамович ярим йил ичида 2 нафар мураббийни истеъфога иқариш учун 27 млн. евродан воз кечди.

РОНАЛЬД КУМАН («Барселона», 2021)

Бу мураббий воқеаси рўйхатдаги касбдошлариникидан фарқ қилади. Гап шундаки, нидерландиялик мутахассис ўзининг «Барселона»га устозлик қилишдек азалий орзусини рўёбга чиқариш учун Нидерландия қироллик футбол федерациясига ўз ҳамёнидан 5 млн. евро тўлаганди. Лекин каталонияликлар билан шартнома тузаётганида 2022 йилнинг ёзидан аввалроқ ҳамкорлик тўхтатилса, манфаатдор томон 12 млн. евро миқдорида товон тўлашини таъкидлаб ўтишни талаб қилганди. Шу сабабли, Куман мазкур рўйхатимиздан жой олди. Лекин Испания ОАВ ана шу 12 млн.нинг 5 «лимони» НҚФФга мураббий тўлаган маблағ эканлигини таъкидламоқда. Хуллас, нима бўлганда ҳам, Куман 12 млн. еврони талаб қилмоқда, ён беришни истамаяпти.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 13:23, 21.12.2021.
Ўқилди: 3062 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.