Халқаро оғир атлетика федерациясининг маълум қилишича, Париж-2024 Олимпия ўйинларида ушбу спорт вазн тоифалари 4 тага қисқартирилди ва 10 та вазн тоифасига тушди.
Спортчилар жорий йил Токио-2020 Олимпиадасида 14 вазнда (эркак ва аёлларда 7 тадан тоифа) беллашишган бўлса, Париж-2024 да бу тоифалар қисқармоқда. Янги тоифада эркаклар ва аёллардаги энг оғир вазнлар ўзгартирилди. Унга кўра, бўлажак Олимпия ўйинларидаги вазн тоифалари қуйидаги кўринишга келмоқда:
Эркаклар: -61 кг, -73 кг, -89 кг, -102 кг, +102 кг
Аёллар: -49 кг, -59 кг, -71 кг, -81 кг, +81 кг
Биз бу борада Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, Осиё оғир атлетика федерацияси вице-президенти, IWF Ижроия қўмитаси аъзоси Шаҳрулло Маҳмудов билан алоқага чиқиб, вазият бўйича фикрларини ўргандик.
“Тўғри, Олимпия вазн тоифалари ўзгарди. Атлетлар бир вазнга боғланиб қолмай, тоифаларини ўзгартириб туришади. Бу биз учун мослашиб олишга қийинчилик туғдириши мумкин, аммо умумий олиб қараганда фожеа эмас. Спортчиларимизнинг имкониятларидан келиб чиқиб, ажратилган барча квоталар бўйича лицензия олишимизга ишонаман. Шу боис бор эътиборимизни янги Олимпия вазнларида медаль қўлга киритишга қаратамиз”, – деди Ш.Маҳмудов.
Эслатиб ўтамиз, ушбу спорт турида Рио-2016 Олимпиадасида Руслан Нурудинов -105 кг, Токио-2020 Олимпия ўйинларида Акбар Жўраев -109 кг вазн тоифаларида олтин медални қўлга киритишган эди. Энди Париж-2024 да ушбу вазн тоифалари бўлмайди.