Чили терма жамоасининг фахрий аъзоларидан бири бўлган Алексис Санчесни бутун дунё футбол аҳли жуда яхши танишади. Унинг ажойиб ўйинларини кўриб ўрганиб ҳам қолганмиз. Бироқ Санчес яқин йиллар давомида топ футболчилар қаторидан чиқиб қолган, унинг номи эса кўп ҳам янграмай қўйганди. Ҳужумчининг куни кеча, «Ювентус»га қарши кўрсатган ажойиб ўйини, ўша эски дамларни яна ёдга солди.
«Нераззурилар»нинг Италия суперкубогида «Ювентус» устидан қозонган ғалабаси Алексис Санчеснинг ажойиб совринлар коллекциясига яна бир медаль қўшилишига сабаб бўлди. 33 ёшли футболчи 120 дақиқалик ўйиннинг сўнгида йўллаган голли зарбаси орқали жамоасини ғалаба сари етаклай олди. Умуман олганда, бу Санчес ўз фаолияти давомида ҳал қилувчи сўзни айтган биринчи турнир эмас. У «Арсенал»да ўйнаб юрган дамларда ҳам бир неча бор кечаги каби голларга муаллифлик қила олган. Хусусан, у 2015 йилги Англия Кубоги финалида «Астон Вилла» устидан қозонилган ғалабада фантастик гол уришга эришган эди. Орадан кўп ўтмай, 2017 йилда ҳам Санчес яна ўша турнирда катта саҳнага чиқади. Ўшанда, у жамоасининг илк голига муаллифлик қилиб, ғалабага муносиб ҳисса қўшган. Ўйин эса 2-1 ҳисобида «Арсенал»нинг «Челси» устидан ғалабаси билан тугайди. Алексис Санчес муносиб тарзда баҳснинг энг яхши футболчиси номига лойиқ топилади...
Санчеснинг «Манчестер Юнайтед»га кўчиши унчалик ҳам омадли бўлди дея олмаймиз. Аммо ҳужумчи «Арсенал»да ҳақиқий олтин даврни бошидан ўтказади. У «канонирлар» сафида жами 166та баҳсда қатнашган бўлиб, бу вақт давомида 80та гол ҳамда 45та ассист қайд эта олди.
Унинг яна бир йирик ва ўзига хос турнирдаги фаолиятига тўхталиб ўтсак. 2015 йилда Чили пойтахти Сантиаго шаҳрида бўлиб ўтган Копа Америка мусобақаси финалида Чили ҳамда Аргентина тўқнаш келади. Ўшанда ҳисоб очилмаган. Пенальтилар сериясида эса сўнгги зарбани қойилмақом қилиб бажарган Санчес, ўз жамоасини ғалаба қозонишини таъминлайди. Чили Америка чемпиони бўлади! 2016 йилги АҚШда ўтказилган турнирда яна ўша икки рақиб тўқнаш келади. Буни қарангки, қайтадан ўша сценарий такрорланиб, Чили иккинчи марта кетма-кет чемпионликка эришади. Ушбу вақтда эса Санчес жамоаси учун катта ишни бажариб беради. Чили бир муддат футболида олтин даврни бошдан кечирди. Бу давр эса Алексис номи билан қаттиқ боғланган эди. Ҳужумчи ҳозирга қадар «Қизиллар» сафида жами 144 марта ўйин ўтказиб, 47та голга муаллифлик қилди. У ҳозирда ўз миллатининг ҳақиқий афсоналаридан бирига айланиб улгурган. Чили терма жамоасида ҳозирга қадар фақат иккита йирик турнир титули мавжуд. Ҳар иккиси ҳам Алексис Санчес даврида қўлга киритилган ўша чемпионликлардир.
Тарихни бир четга суриб, бугунги кунга қайтамиз. Ҳозир Санчес «Интер»да ҳаракат қилади. Унинг жамоа учун фойдаси кўп тегади. Буни кечаги ўйин ҳам кўрсатиб берди. Алексис қанот ҳужумчиси сифатида энг креатив футболчилардан биридир. У ҳар сафар жамоасининг қарши ҳужумида катта ҳажмдаги ишни бажаради. Топ даражадаги «Интер»нинг қуролларидан бири ҳали-ҳамон Санчес бўлиб қолмоқда. Жамоа устози Симоне Инзаги ҳам чилилик форвардга суяниш мумкинлигини, уни жамоага нечоғлик керак эканини жуда яхши билади. Айниқса, клуб кучли рақибга қарши, тўпсиз ҳаракат қилса, Санчес қарши ҳужумнинг ажралмас вакили сифатида намоён бўла бошлайди. Бу эса 33 ёшли афсонавий ҳужумчининг юксак иқтидоридан дарак беради.
«Интер» мухлисларини Суперкубок билан табриклаймиз!
Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси