Маҳаллий қаҳрамоннинг узоқ кутилган болалик клубига қайтиши ниҳоят амалга ошди.
Торрес келиши билан “Реал” дарвозасига 2 гол киритди. “Барселона”нинг ЧЛдаги йуришларини тўхтатувчи голга муаллифлик қилди. Кетма-кет 5 учрашувда гол киритди. 2016 йилнинг февралида у клубдаги 100-голини урди. 2017-18 йилги мавсумда “Эль Ниньо” ниҳоят ўз жамоаси билан Европа Лигаси финалида “Марсел”ни мағлуб этиб, кубокни қўлга киритди. Бу Торреснинг фаолиятидаги яна бир катта соврин бўлган. Шундан сўнг қария “болакай” фаолиятини Япониянинг “Саган Тосу” жамасида давом эттирди.
Албатта, унинг кейинги фолияти қандай бўлганидан қатъий назар, у ерда ўтказган олтин йиллари давомида "Атлетико" мухлислари орасида доимо ҳурматга сазовор бўлиб қолади. Торрес клубнинг жаҳон даражасидаги иқтидорларни етиштиришдаги муваффақияти рамзи ҳисобланади.
Аммо унинг энг яхши йиллари, шубҳасиз, «Ливерпуль»да ўтган: «Бу уч ярим йил бутун ҳаётимни ўзгартириб юборди», — деди Торрес «Энфилд»дан кетганидан кейин. “Менда унвонлардан ташқари деярли ҳамма нарса бор эди. Мен ўзимни қиролдек ҳис қилган жамоамдан кетдим.
Торрес ҳеч қачон "Ливерпуль" афсонаси деб ҳисобланмайди, лекин унинг клубдаги фаолияти доим эсда қолади. Негаки, у "Ливерпуль" либосида майдонга тушган энг иқтидорли футболчилардан бири. У кетганидан кейин мухлисларда пайдо бўлган нафрат охир-оқибат йўқолиши турган гап.
2015 йилда Фернандо "Энфилд"да "Юлдузлар" хайрия ўйинида иштирок этди, унда Торрес ўзининг собиқ жамоаси шарафини ҳимоя қилди ва унинг шарафига Торрес ҳақидаги қўшиқ бутун стадион бўйлаб янгради. Шундан сўнг у билди, “Энфилд”да ҳамон уни ёқтиришади.
Торрес замонавий Испания футболида янги ҳужум асрини очиб берган, десак муболаға ишлатмаган бўламиз. Раул пайтида Раулга ўхшаб нозик ҳаракат қиладиган авлод ўтмиш қаърига сингиб кетгач, буёғига испанлар айнан шу йигит тимсолида тезкор ҳужум услубига эга бўлишди. Бу эса қатор мусобақаларда наф берганини кўрдик.
Эль Ниньо бугунги кунда футболчилик фаолиятини якунлаган. Мураббий бўлишига тилакдош эмасдим, лекин у яқинда "Атлетико"нинг ўринбосарларига устозлик қиляпти. Начора, Фернандони ракета мисол учиб кетаётган ҳужумчи тимсолида эслаб қолгим келганди. Ҳужумчилардан камдан кам сифатли мураббийлар чиқишини эътиборга олсак, ажойиб репутациясини бузиб ҳам қўйиши мумкин. Балки Симеоне ўзига яхши ворис тайёрлаётгандир.
Ахир, уни Мадридда, Ливерпульда ва Лондонда бирдек яхши кўришади. Бу қадар жамланган муҳаббат бошқа ҳужумчига насиб этмаган. У барибир ўзини улғайтирган клубни танлади. Бунинг номини садоқат дейдилар. Якунни эса Хайрулла Хамидовнинг Торресга берган адолатли таърифи билан тугатиш маъқул деб ўйладим.
Миржалол Пардабоев тайёрлади.