ЎФФнинг 2011 йил 23 декабрь куни йил якунлари бўйича тузилган конференциясининг баённомаси асосида тузиб чиқилган мақсад ва вазифалар Бухоро вилоятида бажарилмоқда.
Бухоро шаҳридаги «Бухоро» спорт мажмуасида, футбол ўйинлари телевидение ва интернет орқали тўғридан-тўғри узатилишини таъминлаш учун, замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган махсус хоналар учун жой ажратилди. Ўзбекистон Биринчилигида ва вилоят биринчилиги мусобақаларида қатнашаётган жамоаларнинг ўйингоҳларида ҳам худди шундай шароитларни ташкил этиш ишлари босқичма-босқич олиб борилмоқда. Умуман, «Бухоро» спорт мажмуасидаги реконструкция ишлари қисман якунланган. 2012 йилги мавсум ҳисобидан ушбу мажмуа стадионида «Бухоро» – «Пахтакор» (0:1) учрашуви ҳам ўтказилди.
Вилоятдаги шаҳар ва туманлардаги марказий ўйингоҳлари ҳамда футбол клублари инфратузилмасининг зарур ҳолатини ва уларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш мақсадида «Бухоро» профессионал футбол клуби ҳузурида комиссия ташкил этилган бўлиб, комиссия таркиби клуб директори А.Рустамов томонидан тасдиқланган. Комиссия аъзолари жойлардаги ўйингоҳлар ва футбол клублари инфратузилмаси ҳолати билан танишиб чиқиб, керакли тавсиялар бериб борилмоқда.
Шунингдек, болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш доирасида белгиланган вазифалар ҳам бажарилмоқда. Хусусан, «Бухоро» ПФКга қарашли 3-сон ИБЎОЗФМ учун маъмурий бино қуриб битказилган. Бундан ташқари, мактаблар, ўрта-махсу ва олий таълим муассасалари, маҳаллалар, қишлоқлар ва овуллар футбол майдонларида ўтказилаётган футбол турнирларини болалар ва ёшлар ўртасида тарғиб қилиш мақсадида жойларда вилоятнинг футбол фахрийлари ва етук футболчилари билан учрашувлар ўтказиб келинмоқда.
Иш режа асосида болалар ва ўсмирлар футбол мактабларини жиҳозлаш ва тегишли инфратузилмани яратиш мақсадида зарур инвентарь ва асбоб-ускуналар ажратиш режалаштирилган.
Ўзбек футболининг 100 йиллик тантаналарини Бухоро вилоятида юқори савияда ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, бу тўғрисида вилояти ҳокимининг фармойиши лойиҳаси ҳам тайёрланган. Дастур доирасида яна ўнлаб вазифалар белгиланган бўлиб, улар 2012 йил давомида бажарилиши кўзда тутилган.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан эълон қилинган қарорларининг ижросини таъминлаш борасида Самарқанд вилояти футбол федерацияси, шу билан бирга, Бухоро, Тошкент вилояти футбол федерациялари бошқа вилоят футбол федерацияларига ўрнак бўладиган ҳолда фаолият юритмоқда.