Шу йилнинг 20 январь куни Боткен-Ўш трассасида рўй берган автоҳалокат натижасида «Олой» клубининг икки нафар футболчиси вафот этди. Бу ҳақда Ўш шаҳар пост патрул хизмати хабар тарқатмоқда.
Хабарга кўра, Ноокат шаҳридан Ўш шаҳрига кираверишда икки автомобиль — Mercedes ва Hyundai Porter тўқнашиб кетган. Ҳодиса оқибатида икки нафар инсон ҳаётдан кўз юмган, бир нафари эса оғир жароҳат олган.
Ўшнинг «Олой» клуби ўзининг "Instagram"даги расмий саҳифасида автоҳалокат натижасида жамоанинг икки нафар футболчиси — 23 ёшли Жахонгир Махмудов ва 21 ёшли Асад Алимовлар вафот этган.
Клубдагиларнинг хабарига кўра, Алимов авваллари «Олой» клубининг ёшлар таркибида ўйнаган ва 2020 йилнинг январь ойида асосий таркибга қўшилганди.
Жахонгир Махмудов эса жамоа таркибига 2018 йилнинг январь ойида келиб қўшилганди.
«Асадбек ва Жахонгирларни жамоадошлари ва мураббийлар қаттиқ ҳурмат қилишарди. Улар меҳрибон, хотиржам ва эътиборли инсонлар сифатида қадрланарди. Раҳбарият, мураббийлар штаби ва футболчилар бу йўқотиш учун қайғуради ва оила-аъзоларига ҳамдардлик билдиради. Биз Жахонгир ва Асадбеклар ҳақида яхши хотираларни сақлаб қоламиз», — дейилади клубнинг расмий баёнотида.
«Нур-Боткен» клубининг тарқатган маълумотига қараганда, футболчилар яқинда улар билан шартнома имзолаган ва клуб сафига қўшилишлари керак эди.
«Улар 10 январдан 20 январгача Баткенда кўрикдан ўтишганди ва жамоамиз билан шартнома имзолашганди. Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган турнирда иштирок этишлари керак эди ва 23 январгача дам олиш учун ўз уйларига кетишаётганди. Клуб ва шаҳар номидан Асадбек ва Жахонгирларнинг оила-аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз», — дейилади клубнинг "Instagram"даги расмий саҳифасида.