Каталониянинг «Барселона» клуби футболчиси Анссумане Фати Испания Кубогининг 1/8 финал доирасида «Атлетик» (2:3) жамоасига қарши ўйинда олган жароҳатини операция қилиш ҳақида ҳамон ўйламоқда.
Футболчи билан учрашувда клуб тиббий ходимлари Фатига операция қилишни тавсия қилишган. Лекин, Фати ўйлаб олиш учун бироз вақт сўради. Фати олдинги мавсумда менискус жароҳати туфайли, бу сафарги операцияга ҳам иккиланиб турибди. Ўшанда футболчига тўрт ойдан кейин майдонга қайтишини айтишганди, лекин Ансунинг тикланиш жараёни учун салкам бир йил вақт кетганди.
Аввалроқ, футболчи операцияга қарши бўлаётгани, клуб эса тезроқ Фати жарроҳлик амалиётини ўташи тарафдори эканлиги ҳақида хабар тарқалганди. Агар операция қилинадиган бўлса, Фати камида 3-4 ой майдонга туша олмайди. Лекин, агар Фати консерватив даволанадиган бўлса, у ҳолда икки ойдан кейин майдонга қайтиши мумкин, бироқ, бу жараёнда футболчининг жароҳати қайталаниб қолиш эҳтимоли юқори.
Футболчи яқин соатлар ичида сўнгги қарорини айтадиган бўлди.