Чемпионлар лигасида икки беллашувдан буён гол киритиб келаётган ҳужумчимиз Камолиддин Мурзоев бугун япон журналистлари диққат-марказида бўлди.
- “Гамба”нинг қайси футболчиларидан кўпроқ хавфсираш керак?
- Биз жамоанинг ўйинлари билан яхшилаб танишиб чиқдик. Таркибда яхши ва маҳоратли футболчилар талайгина. Уларнинг асосан ўрта чизиғи кучли экан. Айниқса тажрибали Ясухито Эндога кўп нарса боғлиқ.
- Сизлар-чи? “Бунёдкор”нинг кучли чизиқлари қайси?
- Бизнинг кучимиз - бирликда. Биз мураббийларнинг кўрсатмаларини ҳамжиҳатликда бажаришга ҳаракат қиламиз. Ҳар қандай футболчи учун, “Гамба Осака” қандай ҳолатда бўлишидан қатъи-назар, бу клубга қарши майдонга чиқиш қизиқарли. Умид қиламанки, ўйин бизнинг режамиз бўйича кетади. Ниятимиз - фақат ғолиб чиқиш.
- “Гамба” билан ўйин қизиқарли деяпсиз. Нимаси билан қизиқарли?
- Бу клуб Осиёдаги энг кучли жамоалардан бири саналади. Боз устига, ўзбек жамоаси япон клуби билан илк бор тўқнаш келмоқда. Бу омиллар учрашувга бўлган қизиқишни янада орттиради. Бир сўз билан айтганда, эртага майдонга иккита кучли жамоа тушади.
Улуғбек Мирзаев,
Осака