Учрашувдан олдинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “Гамба Осака”нинг янги бош мураббийи Масанобу Мацунами ва 29 ёшли марказий ҳимоячи Ясуюки Конно қатнашдилар.
- Мусобақа старти биз учун омадсиз келди, - дейди Мацунами. - Аммо биз буёғига вазиятни ўнгламоқчимиз: эртага фақат ва фақат уч очко учун майдонга чиқамиз. Ғалаба қозонишга борки кучимиз билан ҳаракат қиламиз.
- “Бунёдкор” ҳақида нима дея оласиз?
- Жамоанинг ҳар бир футболчиси юқори техникага эга. Тайёргарлиги яхши. Менимча, улар ҳам асосий эътиборни ҳужумга қаратишади.
- Муваффақиятга эришиш учун қандай йўл тутмоқчисиз?
- “Гамба” ҳар йили бир хил темпда ўйнайди. Умуман олиб қарасак, ҳозир шогирдларим жудаям ҳам ёмон ҳолатда эмаслар. Чунки бунақанги омадсизликларни руҳий тарафдан енга олиш учун биз психологик тайёрмиз. Эртага ютуққа эришиш учун, таркибга энг яхши тайёргарлик кўрганларни киритаман.
- Бразилиялик ҳужумчи Паулиньони таркибга қўясизми ёки яна қўймайсизми?
- Бу тўғрисида мен ҳозир аниқ бир фикр билдира олмайман. Мен аввал барча футболчиларнинг ҳолатини чуқур ўрганиб чиқаман. Ва фақат шундан кейингина якуний қарорга келаман. Айнан мана бу футболчи ҳужум қилади, мана буниси ҳужумда қатнашмайди дейиш нотўғри. Менга қолса, ҳамма олдинга ўтсин. Лекин алоҳида кимдир ҳужум ташкил этишга кўпроқ масъул бўлади барибир.
- Эртанги рақиб европача услубдаги клуб эмас. Бунга нима дейсиз?
- Рақиб қаердан эканлиги муҳим эмас. Биз ўз ўйинимизга суюнамиз. Ва фақат ўз ўйинимизни тўғри ташкил этиш борасида бош қотирамиз.
- Шогирдларингиз ҳавода кўп тўп йўқотишяпти. Буни эртага ҳисобга оласизми?
- Биз эртага ўйинимизда туб ўзгаришлар қилмаймиз. Баъзи хатоларимизни бартараф этишга ҳаракат қиламиз, холос.
- Агар ғалаба қозона олмасангиз, Чемпионлар лигасида гуруҳдан чиқиш имкониятлари буткул йўқоладими?
- Йўқ. Мен бундай деб ўйламайман. Чунки олдинда яна учта ўйин қолади. Агар эртага дуранг ўйнасак ёки енгилсак, имкониятларимиз бирданига “нолга” тенг бўлиб қолмайди. Ҳали имкониятларимиз бор.
- Ҳозир жамоада сизга қийинми ёки футболчиларга қийинми?
- Тажрибали футболчиларимиз етарли. Улар вазиятни ўнглашга қодирлар. Бугунги ҳолатда кўпроқ менга қийин. Чунки янги тайинланганимдан кейин ҳамма мендан яхши томонга ўзгаришлар кутяпти. Бунга кўз тикиб турганлар кўп.
Улуғбек Мирзаев,
Осака