"Навбаҳор" футбол клуби матбуот котиби жамоадаги сўнгги воқеалар юзасидан клуб раиси Дилмурод Мамажоновнинг фикрлари билан қизиқди. Унга кўра Д.Мамажонов шундай дейди:
"Жамоамиз янги чемпионатнинг дастлабки турини "Қизилқум"га қарши ўтказиб, дуранг қайд этганди. Ана шу учрашувда мураббийлар штаби қатор камчиликларга йўл қўйганлиги боис катта мураббий Усмон Асқаралиев огоҳлантирилганди. Аслини олганда жамоа аъзоларининг "Шўртан"га қарши учрашувга муносиб тарзда тайёргарлик кўришлари учун Тошкентда йиғин ташкил этгандик. Футболчиларнинг барча қулайликларга эга спорт иншоотларида шуғулланишларига шароит яратиб бердик. Ғузордаги баҳсда ҳам Асқаралиев олдинги учрашувдаги хато ва камчиликлардан тегишлича хулосага кела олмаганлигини амалда кўрсатди. Боз устига жамоадаги тартиб-интизом ҳам бўшашиб кетганди. Юқоридагилардан хулоса қилган ҳолда, мураббий У.Асқаралиевни ишда йўл қўйган камчиликлари, жамоадаги ички тартиб-интизомни бўшаштириб юборганлиги учун ўз вазифасидан озод қилишни лозим топдик. Шунингдек, ҳимоячи А.Тоиров ҳамда С.Асқаралиевлар ҳам тартиб-интизомга риоя қилмаганликлари учун ушбу футболчиларга нисбатан ҳам жазо чоралари қўлланди. Хусусан Тоиров билан амалдаги шартнома бекор қилинди. С.Асқаралиевнинг маҳаллий футболчи эканлиги сабабли вақтинчалик тарзда жамоа машғулотларидан четлаштиришга қарор қилдик".