Осиё чемпионлар лигасининг 3-туридан жой олган “Пахтакор” ва “Ал-Арабий” жамоалари ўртасидаги баҳсдан олдинги матбуот анжумани “Жар” стадионининг анжуманлар залида бўлиб ўтди. Қатарликлар бош мураббийи Пьер Лешантр биринчи бўлиб ОАВ вакилларига ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Шунингдек, матбуот анжуманида “Ал-Арабий”нинг 29-рақамли футболчиси Буалим Ҳукхи ҳам иштирок этди.
Пьер Лешантр:
— Ўйлайманки, эртанги ўйин “Ал-Арабий” учун сўнгги имконият ҳисобланади. Агар мағлубиятга учрайдиган бўлсак, гуруҳдан чиқа олмаймиз. Аввалги 2та ўйинда ютқазгандик. Нимчорак финалга чиқишни истасак, эртага камида 1 очко ишлашимиз ёки ғалаба қозонишимиз мумкин.
Буалим Ҳукхи (Жазоир):
— Биз гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаб турибмиз. БИз учун ўйин қийин бўлади. Шунга қарамай, бор кучимизни ғалаба учун қаратамиз.
— “Пахтакор” жамоаси ҳақида фикрларингиз.
— Бу жамоанинг ОЧЛдаги “Иттиҳод” ва “Банияс”га қарши 2та ўйинини кўрдим. “Пахтакор” жисмоний жиҳатдан кучли. Шунингдек, тошкентликларнинг ўйинчилари индивидуал жиҳатдан кучли ҳисобланади. “Пахтакор”нинг ҳужум ва ҳимоядаги 2 нафар яхши футболчилари борлигига гувоҳ бўлдим. Биз Қатар чемпионатида атлетик ўйин кўрсатадиган жамоаларга қарши ўйнамаймиз. Бу жиҳатдан бизга қийин бўлиши мумкин. Аммо бизда ғалаба қозониш учун кучли иштиёқ бор. Шунинг учун фақат ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
— Таркиб жиҳатдан жамоангизда муаммолар борми?
— Муаммолар йўқ. Барча ўйинчиларимиз ўйинга тушишга тайёр. Тўрт кун аввал Қатар чемпионатида қийин ўйин ўтказгандик. Ўйинчиларнинг ҳозирги ҳолатидан келиб чиқиб, оптимал таркибни танлашга ҳаракат қиламан.