Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

АПЛ ва доллар

Баҳо:
+ | -

2021 йил футбол оламида Европа Суперлигаси ҳақидаги воқеалар билан ҳам эсланадиган йил бўлди. 18-21 апрель кунлари АҚШнинг йирик моливий тузилмаси — GPMorgan Chase ҳомийлигида ва Флорентино Перес етакчилигида дунё футболида инқилобга уриниш бўлиб ўтди, ахир.

Қитъанинг энг номдор ("номдор" сифати кўпроқ тушса керак, чунки кучли дейиш рўйхатдаги баъзи жамоаларга бугун тушмаслиги мумкин) 12 клуби муассислигида бошланган ишлар дунёга янги маҳсулотни тақдим этиши керак эди. Бу энг-энг таснифи бўйича, мухлислар армияси бўйича, ўз-ўзидан тижорийлаштириш кўрсаткичи юқорилиги бўйича сараланганлар иштрокидаги турнир бўларди. Дастакловчи қўл Америкадан бўлгани боис, балки буни супер қаҳрамонларнинг барчасини бир фильмда жамлаган "Марвел" маҳсулотларига менгзаб кўриш ҳам мумкин. Хуллас, мана шу инқилобий қадам гўё ташланди. Амалда эса кейин клублар бирин-кетин чекинишди, лойиҳадан чиқишди. Ўхшамай қолди инқилоб! Бунинг асл ва батафсил сабаблари ҳали жамоатчиликка ошкор эмас, ўйлашимча. Сабаблар кўп, лойиҳага қаршилар ҳам бисёр бўлиши табиий. Бу ЧЛдан ташқари, барибир миллий лигаларнинг ҳам бозордаги улушига таъсир этиши эҳтимоли бор проект. Аниқроқ айтсам, лигалар орасида айнан биттасининг тижорий радиусига жиддий кириб борарди Европа суперлигаси. Бу — Англия Премьер лигаси. Чунки, АПЛ баъзи ньюансларни ҳисобга олмаса аллақачон ўзи бир суперлигага айланиб бўлган!

Қолган лигалар, ўйлайманки, Англия чемпионати каби азият чекишмасди Суперлигадан. Ла Лига? Ҳа, испанларнинг хавотири кучли эди. Аммо қаранг, бу лиганинг қуввати ҳали ҳам Суперлиганинг икки асосий муассиси бўлган "Реал" ва "Барселона"ни ғоядан чекинтиришга етмади, улар ҳалиям 12 талик рўйхатдан чиқишмаган.

АПЛ эса керакли ричагларни ишга солиб 6 клубни ўз орбитасига тўлиқ қайтариб олди. Қўшимчасига, айнан инглиз клублари биринчи бўлиб ўйиндан чиққанини эсланг. Бунинг учун АПЛ ҳам юмшоқ, ҳам дағал шаклда босим ўтказди. "Стемфорд Бриж" ёки "Олд Траффорд" атрофидаги оламон — дағал, клубларга моливий бонуслар тақдим этиш — юмшоқ босим эди.

Суперлига ва ЧЛ каби халқаро турнирларнинг асосий жозибаси балки, турли футбол маданиятларинг тўқнашиши учун платформа бўлганидадир. Яъни, одамлардаги уларни томоша қилишга қизиқишнинг муҳим сабабларидан бири — инглиз, испан, италян ёки олмон футболи вакилларининг тўқнаш келиши натижасидаги томошани кўришдир.

Бугунги АПЛ эса аллақачон мана шундай маданиятлар, услублар ва мактаблар тўқнашувини тақдим этиб келмоқда. Лигада Пеп Гвардиола, Микел Артета кабилар мисолида испанча, тўп назоратига асосланган футбол, Юрген Клопп мисолида юқори чизиқдаги прессингли, Томас Тухель ва Андреа Конте мисолида гибрид услуб жангини кўриш мумкин. Яна Ральф Рангник, Брендон Роджерс, Девид Мойес каби ўз имзосига эга мураббийлар ҳам шу қозонда қайнаяпти. Бундан ташқари, Стивен Джерард, Френк Лемпард, Патрик Виейра сингари бошланғич, аммо мустаҳкам қадамини ташлаган номлар мавжуд бу экосистемада. Шунингдек, Марсело Бьелса, Томас Франк ва Бруно Лажи сингари исёнчилар гуруҳи бор бу тўдада. Қолганларнинг ҳам, бошқасига ўхшамаган ранги бор. Масалан, ўша топ мураббийлар мақтайдиган Грэм Поттерни олинг, ёки қайсар қария Рой Ходжсон қайтди мана...  

Бошқа лигаларда бир-бирига ўхшаш 6-7 жамоани топиш мумкин бўлгани ҳолда, АПЛда икки ўзаро ўхшашини топиш мушкул. Тузулмоғи керак бўлган Суперлиганинг ҳам асосий ғояларидан бири шундай турфа хил кучларни жамлаш эди, менимча. Демак, аслида жозибадорлик ракурсидан олиб қаралса, Европа суперлигаси тузиб бўлинган.

Албатта, "Реал", "Барселона", "Милан" ёки "Ювентус" клублари олиб келиши мумкин бўлган контрастсиз бу иложсиз, дейишингиз мумкин. Баҳслашмайман. Шунчаки, амалда йўқ турнирни, бундай катта қарши босим остида ташкил қилишга уринишдан кўра, инглизлар билан келишиб, мавжуд АПЛни очиқ турнир деб эълон қилиш ва иштирокчилар сонини ошириш каби осон схемани кўриб чиқиш лозимдир балки.

Янаки, ҳатто Суперлига тузилиб фаолият бошласа ҳам, бу АПЛ мавқейига жиддий таъсир этолмаслиги мумкин. Бунинг мисолини, евро пул бирлиги жорий қилинсада, долларнинг дунёдаги қувватини кесолмаганига ўхшатиш мумкин.

Ориф Толипов.

Манба: https://t.me/tolipovuz
Киритилди: 09:23, 02.02.2022.
Ўқилди: 1693 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.