Лондоннинг «Челси» жамоаси яримҳимоячиси Жон Оби Микелнинг сўзларига кўра, унинг жамоаси Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш ҳали ҳам яхши имкониятларга эга. Бу ҳақда «Челси» расмий сайти хабар бермоқда.
«Челси» Англия чемпионати 31-тур баҳсларидан сўнг 53 очко тўплагани ҳолда, Чемпионлар Лигасига йўлланма берадиган тўртинчи ўринни эгаллаб турган «Тоттенҳэм»дан 5 очкога ортда қолмоқда.
«Олдинда «Арсенал»ни ҳам, «Тоттенҳэм»ни қийин ўйинлар кутиб турибди. Бизни эса «Арсенал»га қарши, охири нима билан тугашини тахмин қилиб бўлмайдиган ўйин кутиб турибди...», деди нигериялик футболчи.
«Ҳозирги жисмоний ҳолатимизга кўра, биз бемалол ўз мақсадимизга эриша оламиз. Европа Лигасида ўйнашни ҳеч ким хоҳлаётгани йўқ, биз барчамиз энг кучли мусобақада қатнашишни хоҳлаймиз, чунки таркибимизда айнан Чемпионлар Лигаси даражасида футболчилар тўп сурмоқда. Чемпионлар Лигасисиз қолиб кетмаслик учун қўлимиздан келган ҳаммасини қиламиз», деди Оби Микель.
Чемпионлар Лигасининг жорий мавсумида «Челси» ҳали ҳам ғолиблик учун курашни давом эттирмоқда. Лондонликлар 4 апрель, чоршанба куни Португалиянинг «Бенфика» жамоасига қарши чорак финал жавоб учрашувини ўтказишади. Португалияда бўлиб ўтган дастлабки ўйинда инглиз клуби 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
«Айтмоқчи, биз ҳозир иштирок этаётганимиз Чемпионлар Лигасида ҳам ғолиб чиқишимиз мумкин. Тўғри, бунинг учун аввал «Бенфика»дан бошлаб яна бир қатор яхши жамоаларни мағлуб этиш керак бўлади, аммо бунга бизнинг кучимиз етади», дея қўшимча қилди «Челси» яримҳимоячиси Жон Оби Микель.