Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Деян Журжевич ҳамда Пьер Лешантр саволларга жавоб қайтаришди.
Деян Журжевич: — Бугунги ғалаба билан мухлисларни табриклайман. Ўзим ҳам хурсандман. ОЧЛдаги биринчи ғалаба биз учун жуда муҳим эди. Мағлубиятдан сўнг дуранг ўйнагандик. Мавсум бошидаги муаммолар бартараф этиб борилмоқда. Мана энди ўзимизга келяпмиз. Бу ҳам яхшилик аломати. Ўйин осон бўлгани йўқ. Айниқса, биринчи голдан сўнг бироз оқсаш бўлди. Иккинчи бўлимда эса яна ташаббусга эриша олдик. Санибалнинг жароҳати қанчалик жиддийлигини билмаймиз. Бу биз учун катта йўқотиш бўлиши мумкин. Энг муҳими, футболчиларда ғалабага бўлган иштиёқ кучли эди.
— Андреевни мажбурликдан ҳимояда ўйнатяпсизми ёки бу тактиками?
— Ҳимоячилар билан муаммо бор. Шунинг учун чап қанотга Андреевни туширмоқдамиз ва уни ҳимоячи вазифасига мослай олдик. Жамоада биттадан ортиқ позицияда ўйнай оладиган ўйинчиларнинг борлиги яхши.
— Бугун марказий ҳимоячиларнинг ҳаракатлари қониқарли чиқмади. Николаев жиддий қўпол хато қилди. Кримец ҳам ўз ўйинини кўрсата олмади.
— Хатолар футболнинг бир қисми. Уларнинг хатоларини фақат ўзларига айта оламан. Бу борада иш олиб боряпмиз. Футболчилар ҳақида ёмон гапирмайман. Уларни мақташим ёки ҳеч қандай фикр айтмаслигим мумкин.
— Миш-мишларга кўра бугун сиз учун сўнгги ўйин бўлиши мумкин экан, бу ростми?
— Бу менинг ишим. Умуман бундай гап гап бўлмаганди. Бундан хабарим йўқ. Ундан кейин бу футболдаги нормал ҳолат. Сабаби омадсизлик пайтида 25 нафар футболчини алмаштиргандан кўра битта мураббийни алмаштириш лозим кўрилади. Ҳали бу жамоа билан қиладиган ишларим кўп. Ўйлайманки, “Пахтакор” билан ҳали кўп ғалабаларга эришамиз.