Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Ла Лига: Голларга бой бўлган ва асабий ўтган ўйинда "Барселона" ғалаба қозонди

Баҳо:
+ | -

Испания Ла Лигасининг 23-турида "Барселона" майдонида Мадриднинг "Атлетико" клубини қабул қилди.

Учрашув сўзсиз турнинг марказий учрашуви эди. Қолаверса, майдон эгалари қишки трансфер ойнасида ўз сафига бир қатор янги футболчиларни қўшиб олганидан кейин, янги "Барселона"нинг кўрсатадиган ўйини кўпчилик учун шубҳасиз қизиқ эди.


Беллашув нафақат голларга бой бўлди, балки асабий тарзда ҳам ўтди. "Барселона" ёрдамчи мураббийи ва Дани Алвешларга кўрсатилган қизил карточкалар сўзимизга яққол исбот бўла олади.

Учрашувда меҳмонлар ҳисобни очишди. Луис Суареснинг ўнг қанотдан ошириб берган тўпини ҳимоячилар эътиборидан четда қолган Карраско қийинчиликсиз Тер Штеген дарвозасига аниқ йўллади - 0:1.

Ўтказиб юборилган голдан "Барселона" асло ўзини йўқотиб қўймади ва ўз бахтини рақиб жарима майдончаси ичида излашни бошлади. Беллашувнинг 10-дақиқасида Дани Алвеш ўнг қанотда тўпни қабул қилиб олиб, қарама-қарши қанотда рақиб жарима майдончасига ёриб кираётган Альбага тўпни аниқ етказиб берди. "Барселона"нинг чап қанот ҳимоячиси эса тўпга тўхтатмасдан зарба берди ва меҳмонлар дарвозабони бу зарба олдида ожиз қолди - 1:1.

Ҳисобни тенглаштириб олганидан кейин "Барселона"нинг ўйини "очилиб" кетди ва бирин-кетин ҳужумлар уюштиришни бошлади. Жамоа таркибига янги келиб қўшилган Адама Траоренинг ўнг қанотда фаоллиги 21-дақиқасига келиб ўз мевасини берди. Айнан унинг ошириб берган тўпидан сўнг Габи боши билан "Атлетико" дарвозасини ишғол этди -2:1.

Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқалари ўтиб бораётган пайтда қанотдан ошириб берилган тўпга Пике бош билан зарба йўллади, лекин бу сафар "Атлетико" дарвозаси устуни бу зарбани қайтарган бўлса, қайтган тўпга Ферран Торрес акробатик усулда зарба бермоқчи бўлди, аммо, ўхшамади, лекин Араухо тўпга аниқ зарба бериб, ҳисобни 3:1 кўринишига олиб келди.

Шу тариқа жамоалар танаффусга йўл олишди.

Иккинчи бўлим ҳам "Барселона"нинг устунлиги билан бошланди. Учрашувнинг 49-дақиқасида рақиб жарима майдончасига ошириб берилган тўп "Барселона"нинг икки футболчисига тегмай, Алвешга келиб тушди, Дани эса уни чиройли тарзда мадридликлар дарвозасига жойлаб қўйди - 4:1.

58-дақиқада эса Хосе Хименеснинг ошириб берган тўпини Луис Суарес собиқ жамоаси дарвозасига йўллаб, ҳисобни қисқартирди - 4-2.

Беллашувнинг 68-дақиқасида Дани Алвеш Каррасконинг ортидан келиб оёғига зарба берди. Бош ҳакам ВАР тизимига мурожаат қилди ва бразилиялик ҳимоячини майдондан четлаштирилди.

Шу тариқа, қарийб 20 дақиқа бир киши кам бўлиб ўйнаган "Барселона" муҳим учрашувда "Атлетико"ни мағлубиятга учратиб, тўртинчи ўрин учун муҳим қадамни ташлади.

Испания Ла Лигаси, 23-тур.    

6 февраль, 20.15, «Камп Ноу», 74 221 томошабин.

Голлар: 0:1 – 8 Карраско, 1:1 – 10 Альба, 2:1 – 21 Гави, 3:1 – 43 Араухо, 4:1 – 49 Дани Алвес, 4:2 – 58 Суарес.

"Барселона" – тер Стеген, Дани Алвес, Пике, Араухо, Альба, Бускетс, де Йонг, Педри (Нико Гонсалес, 66), Гави (Дест, 71), Траоре (Обамеянг, 61), Ферран Торрес.

"Атлетико" – Облак, Врсалько (Васс, 46), Савич, Хименес, Эрмосо (Матеус Кунья, 55), Коке (Эррера, 76), де Пауль, Лемар (Рейнилду, 55), Карраско, Суарес, Жоау Феликс (Корреа, 56).

Огоҳлантиришлар: Альба (52), де Йонг (72), Васс (89), Эррера (90).

Четлатиш: Дани Алвес (69).

Киритилди: 22:09, 06.02.2022.
Ўқилди: 2958 марта.
Фикрлар: 51 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.