Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе 2-2 Торино
29/12 19:00 Наполи 1-0 Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

Денис Коростиченко: “Локомотив”ни юқори ўринларга кўтариш учун бор куч-ғайратим билан ҳаракат қиламан”

Баҳо:
+ | -

2021 йилнинг 15 декабрь куни Денис Коростиченко “Локомотив” бош мураббийи этиб тайинланди.

Ёш мураббий клуб матбуот хизматига берган интервюсида янги мавсумга ҳозирлик қандай кетаётгани, бош мураббий бўлганидан кейинги ҳиссиётлар, қайси мураббийлар ишини кузатиши, жамоанинг бугунги таркиби ҳамда бу йилги мақсадлар ҳақида гапириб берди.

– Денис Владимирович, Суперлига бошланишига бир ойдан кам вақт қолди. Тайёргарлик қандай кетяпти?
– Мавсумга тайёргарлик белгиланган режа бўйича кетяпти. Биз тайёргарликни бир нечта қисмга бўлиб чиққанмиз. Февралда ҳам икки босқич бўйича ҳозирлик кўрамиз. Ҳозирча ҳаммаси режага кўра кетяпти.

– “Локомотив” бош мураббийи этиб тайинланганингиз кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Яъни сиз ёш мураббийсиз. Ўзингиз бунга қандай муносабатда бўлдингиз?
– Балки бу ким учундир ғалати янгилик бўлиши мумкин, лекин мен учун эмас. Чунки менга қадар ҳам ўзбек футболида ёш мураббийлар ишлаган. Масалан, Бобур Зуҳриддинов (“Обод”) билан Ислом Исмоиловни (“Турон”) олайлик. Буни футболдаги ҳолатлардан бири деб ҳисоблайман ва кўп аҳамият бераётганим ёъқ. Асосий эътиборим жамоамизнинг янги мавсумга тайёргарлигига қаратилган.

– Сиз португалиялик мутахассис Микаел Секейра ўрнига “Локомотив” бош мураббийи этиб тайинландингиз ва ўтган йил чемпионатнинг охирги турида, яъни биринчи ўйинингизда “Насаф” мағлуб этилди.
– Ўшанда тайёргарлик учун олдимизда кўп вақт қолмаганди. Оилавий шароит туфайли Секейра клубни тарк этишга мажбур бўлди, шунда Андрей Геннадевич Микляев иккаламиз жамоани “Насаф” билан ўйинга тайёрладик. Бизда фақат икки кун бор бўлиб, ниманидир ўзгартиришга вақт ёъқ эди. Биринчи навбатда тактик схемани ўзгартирдик: 4-3-3 бўйича “Насаф”га қарши баҳс олиб бордик. Менимча, бу тактика “Насаф” учун кутилмаган ҳол бўлди. Бундан ташқари, “Насаф” бизга қарши баҳсдан олдин АГМК билан Кубок ярим финалида майдонга тушгани ва ўйин 120 дақиқа давом этганини ҳам унутмаслик лозим. Уларда ёъқотиш ва чарқоқ аломатлари бор эди, бу ҳам бизга қўл келди.

– Ўшандаёқ “Локомотив” бош мураббийи бўлишингизни билганмидингиз?
– Йўқ. Мен жамоани “Насаф” билан ўйинда бош мураббий вазифасини бажарувчи сифатида бошқардим. Фақат орадан вақт ўтиб, клуб раҳбарияти бош мураббий деб эълон қилди. Билишимча, бош мураббийликка бир нечта номзодлар бор эди, лекин раҳбарият мени маъқул кўрган экан бундан жуда хурсандман. “Локомотив”ни юқори ўринларга кўтариш учун бор куч-ғайратим билан ҳаракат қиламан.

– Клуб бош директори ўринбосари Тўлабек Акрамов ўз интервюсида “Биздан ҳам Нагельсманн чиқишини хоҳлаймиз” дея айтиб ўтди. Бу борада нима дея оласиз?
– Раҳбариятнинг мен ҳақимда айтган ҳар бир гапини ҳурмат қиламан. Тўғри, ҳали ёшман, бироқ бир неча йилдан бери европалик мураббийлар иш услубини кузатиб келаман. Масалан, Юлиан Нагелсман, Юрген Клопп, Пеп Гвардиола, Ханс-Дитер Флик ва бошқалар. Флик “Бавария” ва Германия терма жамоасида катта ишларни амалга оширди. Томас Тухел “Челси”да яхши ишлаяпти, унга ҳам ҳавас қиламан. Умуман олганда кўп мураббийларнинг иш услубини ўрганишга ҳаракат қиляпман. Агар уларнинг иши билан яқиндан танишиш имкони бўлганида, бу жуда бошқача бўларди.

– Маҳаллий мураббийлардан кимларнинг ишини кузатиш сизга маъқул келади?
– Ҳар бир мураббийнинг футболга нисбатан ўз қараши бор. Мен Тимур Кападзенинг иш услубини мунтазам кузатиб бораман. Шунингдек, Рўзиқул Бердиевдан ҳам кўп нарса ўрганса арзийди.

– Кўп жойларда ёш мутахассисларга ишонч билдириш бошланди: Нагелсман, Тедеско, Гаттузо, Садриддин Абдуллаев… Бу сизга ёрдам берадими?
– Албатта, ёрдам беради. Шуни айтишим мумкин, ҳар бир мураббийнинг ўз вақти келади. Ёш мураббийлар чиқиши керакми, вақт-соати етганда албатта чиқади. Ўйлайманмки, Ўзбекистонда ҳам ёш мутахассислар йилдан йилга кўпайиб боради. Футболда кўп нарса барибир натижага боғлиқ. Ижобий натижалардан кейин раҳбариятнинг ҳам ишончи ортиб боради.

– “Локомотив” мураббийлар штаби ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Бизда жуда яхши мураббийлар штаби йиғилди. Андрей Микляев – катта тажрибага эга мутахассис. Жамшид Саидов ҳам ёш бўлишига қарамай, тажрибали мураббий ҳисобланади. Ўз вақтида “Машъал”, “Андижон”, “Бухоро” клубларида ишлаган. Яқинда Акмал Шораҳмедов сафимизга қўшилди. У жисмоний тайёргарлик бўйича ишлаяпти ва ишонаманки, вақти келиб Ўзбекистондаги энг кучли мураббийлардан бири бўлади. Дарвозабонларни эса яна бир тажрибали мутахассис Алишер Аҳмедов шуғуллантиряпти. Алишер ака ҳам ўз ишини жуда яхши билади. Мураббийлар штабимизда тажриба ва ёшлик уйғунлашган деса бўлади.

– Айтганча, Садриддин Абдуллаев футболчилик фаолиятини якунлаб, “Локомотив” U-18 бош мураббийи бўлди. Унга нима маслаҳат берасиз?
– Аввало шуни айтишим керак, Садриддин Абдуллаев жуда меҳнаткаш ва ҳар доим ўзини кўрсатишни хоҳлайди. У доим ғалабага интилади. Биз тез-тез гаплашиб турибмиз. Ўйлайманки, Садриддинда кучли мураббий бўлиб етишиш учун барча хусусият мавжуд. Мен унга нимани маслаҳат беришим мумкин? Аввало янги соҳада омад ва сабр тилайман. Чунки футболда омад ва сабрсиз нимагадир эришиш қийин.

– 2022 йилда жамоа олдига қўйиладиган вазифалар ҳақида гапириб берсангиз?
– “Локомотив” ҳар доим ўз олдига юксак мақсадлар қўяди. Таркибимизни ёшартираётган бўлсак-да, келажакка умид билан қараяпмиз. Ҳозир ҳам кучли таркибга эгамиз. Сафимизда тажрибали футболчилар бор ва улар ўз тажрибаси билан ёшларга ёрдам беряпти. Ўринбосарлардан бир нечта футболчини асосий жамоага таклиф этдик. Уларнинг ишга бўлган муносабати менга маъқул келяпти.

– Агар ҳисобни сақлаб қолиш учун ҳужумкор ўйинни ҳимоявий услубга ўзгартиришга тўғри келса, қандай йўл тутасиз?
– Катта футболда гап кўпинча натижа ҳақида боради. Футбол ўйнашдан мақсад ҳам ғалаба қозониш. Ҳисобни сақлаб қолиш учун ҳимоявий футболни танлаш – мен бунда ёмон нарсани кўрмаяпман. Чунки ҳар бир мураббий учун ғалаба бу – 3 очко дегани. Мухлислар ҳам ютуқли ўйинларни хоҳлайди. Аммо бу биз ҳужумкор ўйин кўрсатмаймиз дегани эмас. Негаки ҳужумкор ўйин бўлмаса, гол бўлмайди, гол бўлмаса, ғалаба бўлмайди.

– Суҳбатимиз охирида мухлисларга қандай тилакларингиз бор?
– Аввало барчага соғлик тилайман. Ўйинларимизга кўпроқ мухлислар келишини ва жамоамиз намойиш этадиган футболдан завқ олишларини хоҳлайман. Ўз навбатида биз ҳам “Локомотив” чиройли ўйин кўрсатиши ва ишқибозларни хурсанд этиши учун бор кучни ишга соламиз.

Манба: "Локомотив" клуби матбуот хизмати
Киритилди: 18:27, 08.02.2022.
Ўқилди: 1489 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.