Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Усмон Асқаралиев нега ишдан бўшатилди?

Баҳо:
+4 | -

Ёхуд ютқазган жамоа мураббийига кишан кўрсатиш технологияси ҳақида

“Навбаҳор” жамоасининг бош мураббийи Усмон Асқаралиевнинг ишдан бўшатилиши наманганлик минглаб футбол ишқибозларининг кайфиятини бузди. Чунки наманганликлар ушбу мутахассиснинг ишдан кетишини истамагандилар.

Ўтган асрнинг 70-80 йилларида “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қилиб, чиройли ўйинлар кўрсатган Усмон Асқаралиев Наманган халқининг чексиз ҳурматига сазовор бўлган. Асқаралиев собиқ Иттифоқ чемпионатининг иккинчи лигасида ўйнаб, “СССР спорт устаси” деган номга сазовор бўлган. Ана шу вақтларда собиқ Иттифоқнинг номдор ва бадавлат жамоалари Усмон Асқаралиевни ўз сафларига чақиришган, бироқ наманганлик ушбу футболчи фақат “Навбаҳор”да ўйнашни маъқул топган. Наманган аҳли унинг бу фидойилигини эсдан чиқармади: 2000-йили ўтказилган халқ сўровида Усмон Асқаралиев вилоятнинг XX-асрдаги энг кучли спортчиси деб тан олинди.

«Навбаҳор» 2004-йилдан кейин ўз ўйинини йўқотиб қўйди. Бу орада жамоага ўзбекистонлик, туркманистонлик ва россиялик кўплаб мураббийлар устозлик қилишди. Уларнинг ишидан натижа чиқмагач, 2011-йилнинг иккинчи ярмида ишқибозларнинг талабига кўра, мураббийлар штабига Усмон Асқаралиев маслаҳатчи мураббий бўлиб келди. Шундан кейин жамоанинг ишлари юришиб кетди: биринчи даврада атиги 13 очко тўплаб, турнир жадвалининг охирларида юрган «Навбаҳор» иккинчи даврада ғалабаларни қўлга киритиб, чемпионат ниҳоясида олтинчи ўринни эгаллади. Бу орада жамоа ўз майдонида «Бунёдкор», «Пахтакор» каби етакчиларни ҳам мағлубиятга учратди.

Ва икки ярим миллион аҳолига эга бўлган Наманган бу йил жамоадан янада юқори ўринларни эгаллаб, жамоанинг илгариги обрўсини тикланишини кутган эдилар. Жорий мавсумнинг илк турида ўз майдонида «Қизилқум» билан дуранг ўйнаган «Навбаҳор» иккинчи турда сафарда «Шўртан»га 0:4 хисобида имкониятни бой берди. Шундай бўлса ҳам, наманганлик футбол ишқибозлари Усмон Асқаралиев ва унинг жамоасига ишонишаётганди, чунки ҳали чемпионатнинг атиги икки тури ўйналганди. Аммо вилоят мутасаддилари негадир Асқаралиевга ҳам, унинг шогирдларига ҳам дарров ишонмай қўйишди ва бош мураббийни ишдан олиб, баъзи футболчиларни жамоадан четлатишга қарор қилишди.

Мутасаддиларнинг кутилмаган ва адолатсиз қароридан норози бўлган 30 нафар мухлис 29-март куни шаҳар чойхоналаридан бирида тўпланиб, у ерга мени ҳам таклиф қилишди. Наманганлик ишқибозларнинг ушбу таклифига мен рози бўлдим, чунки мазкур йиғилишга мутасаддиларнинг ва Санжар Асқаралиев (истеъфога чиқарилган мураббийнинг ўғли), Виталий Почуев, Абдумажид Тоиров, Денис Романенко, Артурас Фоменко каби футболчиларнинг ҳам келишлари кутилаётганди.

Лекин эрталаб соат 11га белгиланган йиғилиш, аввал соат 14га қолдирилди. Сўнгра эса ишқибозлар негадир баъзи мансабдор шахсларнинг дўқ-пўписалари ҳақида гапириб, тарқала бошлашди. Бу хунук гаплардан хабар топгач, мен Усмон Асқаралиевнинг ўзи билан алоқага чиқдим. Асқаралиевнинг айтишича, вилоятнинг юқори мартабали икки амалдори собиқ бош мураббийни ўз олдиларига чақириб, роса ҳақорат қилишган. Бундан ташқари, футбол “жонкуярлари” бўлмиш  наманганлик амалдорлар Усмон Асқаралиевга: “Ўз атрофингга мухлисларни тўплаб, улар билан йиғилиш ўтказсанг, қолган умринг қамоқда ўтади!” - деб, пўписа қилишган.

“Навбаҳор” футбол клуби директори Дилмурод Мамажоновнинг журналистларга айтишича, Усмон Асқаралиев жамоадаги шароитлар яхшилига қарамасдан керакли натижага эриша олмагани ва жамоада ички тартиб-интизомни сусайтириб юборгани учун ишдан бўшатилган эмиш.

Д. Мамажановнинг ушбу гаплари бироз баҳсли. Чунки олий лиганинг кўплаб жамоалари жорий мавсум тайёргарлигини БАА ва Туркия мамлакатлрида ўтказишган бир пайтда, «Навбаҳор» тайёргарликни асосан Тошкента ўтказди. Ўйин тизгинини ва тактикасини шакллантириш учун кучли рақиблар ҳам топилмади. Шунча йиллик тарихга эга “Навбаҳор”нинг ўз қароргоҳи ҳам йўқ. Қолаверса, мураббийликка Арманистондан машҳур Хорен Оганесянни олиб келиб, чет мамлакатларда тайёргарлик кўрган Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси ҳам дастлабки икки турда мағлубиятга учради. Россиядан А. Аверьяновни олиб келган, мавсумга тайёргарликни Туркияда ўтказган “Андижон” жамоаси ҳам сафарда бир очко олиб, ўз майдонида “Буҳоро”га ютқазиб қўйди. Четдан мураббий олиб келиб, натижа кўрсата олмаётган клубларнинг раҳбарлари ўз мураббийларини ишдан бўшатишмаяпти, уларга ишонишяпти. Аммо “Навбаҳор” раҳбарияти икки ўйинда бир очко тўплаган жамоанинг мураббийини, умрини Наманган футболига бағишлаган маҳаллий мутахассисни ўта хунук айбловлар билан ишдан ҳайдади.

“Навбаҳор” футбол клуби директори Дилмурод Мамажоновнинг ички тартиб- интизом бузилгани ҳақидаги иддаолари ҳам асоссиз. Очиғи, ички тартиб-интизом деганда жаноб Мамажонов нимани назарда тутгани номаълум. Усмон Асқаралиевнинг сўзларига кўра, ойлар мобайнида ваъда қилинган маблағ берилмагани сабабли футболчилар Ғузордан қайтиб келгач, Дилмурод Мамажоновдан ўз ҳақларини талаб қилмоқчи бўлганлар. Лекин мураббий футболчиларга бу иш нотўғрилигини айтиб, уларни тўхтатиб қолган. Буни футболчилар ҳам тасдиқладилар. Дилмурод Мамажонов эса миннатдорчилик билдириш ўрнига Усмон Асқаралиевга: «Сиз ва ўғлингиз футболчиларни издан чиқараяпсизлар. «Шўртан»га ўйинни сотгансизлар», - деган.

Мен шу ўйинни телевизорда диққат билан кузатдим. Тажрибали ишқибоз ва журналист сифатида шуни айтишим мумкин-ки, сотилган ўйинлар бунақа бўлмайди. Биринчидан, ўйинни сотган жамоа футболчиларида иштиёқ бўлмайди. Иккинчидан, ютқазиши маълум жамоа одатда биринчи бўлиб гол ёки голлар киритади-да, ўйин охирида голлар ўтказиб юборади ва ютқазади. Учинчидан, ютқазиши кутилган жамоа хужумчилари ўта қулай вазиятлардан гол ура олмайдилар (аслида ургилари келмайди), ҳимоячилари ва дарвозабони ўта оддий хатоларга йўл қўйишади. 4:0 ҳисобида якунига етган “Шўртан”-“Навбаҳор” ўйини бундай аломатлардан ҳоли бўлди.

Ушбу учрашув олдидан “Навбаҳор” футболчиларининг кайфияти ёмон бўлган, ва бу ҳолатга жамоа мураббийи Усмон Асқаралиев эмас, айнан клуб директори Дилмурод Мамажонов, бош мураббийга қамоқ ва кишанлар билан пўписа қилган вилоят мутасаддилари сабабчи бўлганлар. Чунки футбол “жонкуярлари” бўлмиш жаноби амалдорлар кўтарма пуллари ва ойлик маошлар борасида Алишер Маҳмудов, Денис Романенко ва бошқа кўплаб футболчиларни қуруқ ваъдалар билан алдаб келишган. Масалан, “Навбаҳор” вакилларининг айтишича, клуб директори Дилмурод Мамажонов футболчиларга: «Фалон куни пулларингни тўғрилаб бераман», - деб, 15-20 кун йўқ бўлиб кетар экан. Шундай экан, жамоадаги ички интизомни аслида клуб ва вилоят мутасаддиларининг ўзлари бузишмаганмикан?! Балки Усмон Асқаралиев маблағ масаласида аллакимларнинг қинғир ишларига ҳалақит бергандир?!

Қамоқ ва кишанлар билан пўписа қиладиган амалдорларга ҳам ҳайронман: улар “Навбаҳор” клубининг директори Дилмурод Мамажоновни тинглашади-ю, натижа учун бош жавобгар Усмон Асқаралиевнинг фикрларини эшитишмайди. Уларнинг асл мақсади “Навбаҳор”нинг илгариги обрўсини тиклашми ёки халқнинг суюклиларини қамашми?!

ФИФА қоидаларига кўра, давлат амалдорлари миллий футбол федерациялари ва клубларнинг ички ишларига аралашмаслиги керак. Акс ҳолда, ўша мамлакат термалари ёки клублари халкаро уйинлардан четлаштирилади. Лекин Наманганда юқори мартабали амалдорлар “Навбаҳор”нинг ишига аралашгани аралашган. Масалан, вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи Расул Низомбоевнинг бир оёғи билан бир қўли доим “Навбаҳор”да!

ОАВда чиқиш қилаётганларнинг аксарияти “Футболга бўлган биздаги эътибор ҳеч қайси давлатда йўқ! Чунки футболга бўлган биздаги эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган!» - дейишни ёқтиришади. Дарҳақиқат, мамлакат раҳбарининг футболни ривожлантириш ҳақида бир неча фармони чиқди. Наманганлик мутасаддиларнинг адолатсиз ишлари футболни ривожлантиришга хизмат қиладими ёки ўлдиришгами? “Футболга бўлган эътибор сиёсат даражасига кўтарилди”, - деганда раҳбарларнинг футбол равнақи учун кўмаклашишини тушунишимиз керакми ёки мураббийларга кишан кўрсатишларини англашимиз керакми?

Ўтган йиғилишлардан бирида Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмонов: “Хокимлар клубларнинг ички ишларига аралашмасин, улар ўз ишини қилсин!» - деган эди.  Афсуски, Ўзбекистондаги футболнинг тизгини ҳали ҳам (собиқ Иттифоқ давридагидек) амалдорлар қўлида қолмоқда. “Ҳамма нарсани маъмурий буйруқбозлик ва куч билан ҳал қилиш мумкин”, - деб ўйлайдиган айрим раҳбарлар футболдаги муаммоларни ҳам шундай йўллар билан ҳал қилишга ҳаракат қилмоқдалар. Миллий футболимиздаги барча (каттаю кичик) муаммоларнинг илдизлари шу иллатга бориб тақалмайдими?

Масалан, Россияда хусусий жамоаларга айланган «Зенит», ЦСКА, «Локомотив», «Динамо» каби ўнлаб жамоалар йилдан йилга ривожланиб бормоқда. Аммо губернаторлар (хокимлар) ихтиёридаги «Томь» каби оз сонли жамоалар ҳар йили маблағ ва бошқа турли муаммоларга дуч келишади. Шундай экан, биздаги футбол тизими ҳам ривожланган мамлакатлар тизимига ўтиб, хусусий инвестициялар ҳисобидан молиялаштирилиши керак эмасми?! Клубларимиз хусусийлашмас экан Усмон Асқаралиев билан боғлиқ масалага ўхшаш муаммоларга дуч келаверамиз.

Носир Зокиров
Наманган шаҳри

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 16:08, 06.04.2012.
Ўқилди: 12108 марта.
Фикрлар: 46 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.