“Реал” 10 очко илгарилаб кетган пайтда футболга қизиқадиган, ҳаттоки “Барселона”га мухлислик қиладиган фанат ҳам энди “Реал”га ҳеч бир жамоа ета олмаслигини таъкидлаб ўтишганди.
Дани Алвешнинг, Мессининг охиригача кураш олиб борамиз деган гаплари ўша кун учун бироз ғалатироқ эди, тўғриси, аммо ҳали кўплаб ўйинлар борлиги ёддан кўтарилганди. “Реал”нинг қийин тақвим жадвали эса энди бошланаётган паллада ўртадаги фарқ 4 очкога қадар қисқарди! Ҳа “Реал” очко йўқотиши мумкин бўлган жамоалар сафига айнан “Валенсия” киритилганди. Бироқ “Реал” унга қадар тўр очко йўқотиб бўлганди.
Учрашувда иккала жамоада ҳам етарлича имкониятлар бўлди. Дастлаб, кўпроқ “Валенсия”нинг ҳужумлари хавфли кўриниш олди. Бу ҳужумларнинг иккитаси дарвоза устуни ва тўсинига тегиб қайтди.
Ўйин охирлашгани сари “Реал”нинг босими ошиб борди. Бироқ нимагадир жамоанинг ҳужумларида уюшқоқлик етишмасди. Тўп узатишларда жамоа хатоларга йўл қўйди. Айнан “Валенсия” жарима майдони яқинига борганда, футболчилар асосан индивидуал маҳоратини ишга солишди. Ди Мария ҳам Роналду ҳам ва ҳаттоки Марсело ҳам...
Каканинг майдонга туширилиши ўйинни кучайтиргани рост. “Реал”нинг ҳақиқий голга тортадиган вазиятлари айнан Кака тушган 73-дақиқадан кейин кўпроқ бўлди. Агар ўша сўнгги 18-20 дақиқада яратилган вазиятларни ҳисобласак, қолган дақиқаларда яратилган имкониятлардан кўплиги аниқ. Бироқ бутун учрашув мобайнида иккала жамоа ҳам гол киритишни уддалай олмади. “Валенсия” футболчилари қарши ҳужумда бир неча маротаба яна голлар киритиши мумкин эди, бироқ улар бу вазиятни яратганига ўзлари ҳам ишонишмади, шекилли ўзларини йўқотиб қўйишди. “Реал”нинг кетма-кет “штурм”ини эса дарвозабон Гуаита тинмасдан бартараф этди. Учрашувнинг энг яхши футболчиси айнан “Валенсия” посбони Гуаита бўлди.
Хуллас, “Барселона” ва “Реал” ўртасидаги фарқ 4 очкога қисқарди. Бундан буёғига кураш янада қизийди. “Эль-Классико”ни тасаввур қилаверинг...
ИСПАНИЯ ЛА-ЛИГАСИ. 32-ТУР
РЕАЛ МАДРИД – ВАЛЕНСИЯ 0:0
РЕАЛ МАДРИД: Касильяс, Арбелоа, Пепе, Альбиоль, Марсело, Хедира (Кака, 72), Алонсо, Бензема, Ўзил (Кальехон, 84), Роналду, Игуаин (Ди Мария, 46).
ВАЛЕНСИЯ: Гуаита, Р. Кошта, Рами, Виктор Руис, Альба, Топал, Тино Коста, Фегули (П. Эрнандес, 63), Парехо, Пьятти (Матье, 63), Адурис (Сольдадо, 78).
Огоҳлантиришлар: Арбелоа (36), Хедира (47), Ди Мария (58), Тино Коста (59), Парехо (65), Сольдадо (90).
Бош ҳакам: Карлос Коп Гомес
8 апрель. «Сантьяго Бернабеу».