Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Бизнес империя, миллиардлар ва ўзидан 16 ёш кичик рафиқа. Сайёранинг энг бой спортчиси Майкл Жорданнинг ҳашаматли ҳаёти

Баҳо:
+ | -

Кўплаб талқинларга кўра баскетбол тарихидаги энг яхши ўйинчи деб топилган Майкл Жордан 17 февраль куни 59 ёшни қарши олди. Ҳужумкор ҳимоячи позициясида ўйнаган америкалик 1980—1990 йилларда бутун дунёда NBA (Миллий баскетбол ассоциацияси) ва баскетболнинг оммалашишида муҳим рол ўйнаганини барча бирдек эътироф этади. Жордан икки карра Олимпиада чемпиони ва 6 каррадан NBA чемпиони, NBA финалларининг энг яхши ўйинчиси ҳисобланади.

Жордан, Леброн Жеймс билан бирга бир мавсумда Олимпия чемпиони, NBA чемпиони ва мавсумнинг энг яхши ўйинчиси бўлишга муваффақ бўлган икки баскетболчининг биридир. Майкл ўзининг ўйин услубидан ташқари, харизмаси билан мухлислар қалбидан жой олган. Умуман олганда, Майкл Жорданни бемалол «баскетбол Роналдуси/Мессиси» деб аташ мумкин.

Бундан 18 йил олдин фаолиятини якунлаган Air Jordan ҳақида гап кетганда унинг ақл бовар қилмас даражада кўп бўлган пуллари ҳам ёдга олинади. Forbes ва дунёнинг бир қатор номдор рейтингларида (спортчилар орасида) ҳар доим биринчи ўринда қайд этиб келингани учун унга тарихидаги энг бой спортчи мақоми берилган. Қуйида айнан Жордан барпо этган бизнес империя ва унинг қандай (ҳашаматли) ҳаёт кечириши ҳақида сўз юритилади.

Олти карра NBA чемпиони истаган нарсасини ўзига раво кўриши мумкин

Фаолиятини якунлаганидан кейин Жордан бизнес билан шуғуллана бошлаган ва бу соҳада ҳам парвозларни амалга оширган.

Миллиардер ва сайёранинг энг бой спортчисининг бойлиги 1,6 миллиард долларга баҳоланади. 2020 йилда бу кўрсаткич 2,2 миллиард долларга яқин эди, аммо «корона инқироз» бунга ўз таъсирларини ўтказди. Алоҳида қайд этиш керак бўлган жиҳат, Майкл миллиардлик довондан баскетболдаги фаолиятини якунлаганидан кейин ўтган. NBA’даги 19 йил давомида (иккита танаффус билан жами 4 мавсумда) у 86,7 миллион доллар ишлаб олган, бу ҳозирги соф бойлигининг атиги 5,4 фоизини ташкил қилади. Шундай экан, Жордан нафақат афсонавий баскетболчи, балки муваффақиятли бизнесмен ҳамдир.

Ҳозиргача Майклнинг энг муваффақиятли сармояси NBA’нинг «Шарлотта Ҳорнетс» клубини сотиб олиши бўлган. Афсонавий баскетболчи жамоага жами 625 миллион доллар сармоя киритган. Аммо асосий улуш қўлга киритилганидан 9 йил ўтиб, «Ҳорнетс»нинг қиймати бир неча баробар ошди ва ҳозирда, тахминан, 1,6 миллиард долларни ташкил этмоқда. 2020 йил сентябрь ойида Жордан Нью-Йорк инвесторларига клубнинг 20 фоиз улушини сотиб, тахминан, 300 миллион доллар ишлаб топди ва шу билан бирга «Ҳорнетс»нинг мажоритар эгаси бўлиб қолди.

Аммо «Ҳорнетс» Жорданга тегишли ягона спорт жамоаси эмас. 2020 йилда у автопойгачи Дэнни Ҳемлин билан NASCAR олий дивизионида иштирок этадиган 23XIRacing пойга жамоасига асос солган. Ўтган йили серияда дебют қилган жамоа ҳозирда, тахминан, 150 миллион долларга баҳоланмоқда. Бундан ташқари, Майкл «Майами Марлинс» бейсбол клубининг ҳам 1 фоиз улушига эгалик қилади. Клубнинг қиймати 1,12 миллиард долларга баҳоланган.

Майкл, шунингдек, бир қатор спортга яқин соҳаларга ҳам инвестициялар киритган. Масалан, Спортрадар статистик порталига ва қиймати 320 миллион доллар бўлган Team Liquid киберспорт франшизасига эгалик қилувчи aXiomatic’га.

Спорт билан боғлиқ бўлмаган инвестициялар ҳам талайгина. Muzik қулоқчинлари ва Gigster аутсорсинг платформаси. Булардан ташқари Майкл ўз автосалонига эга ва шахсий бренди остида бешта ресторанни юритадиган компания билан ҳамкорлик қилади.

Собиқ баскетболчи кўчмас мулкка ҳам 30 миллион доллардан ортиқ сармоя киритган. Унинг бутун мамлакат бўйлаб бешта кошонаси мавжуд: иккитаси Шимолий Каролинада жойлашган. «Ҳорнетс»га яқин бўлган ҳудуд, Флорида, шунингдек, Иллинойс ва Ютада эса биттадан.

Бундан ташқари Жорданда бир нечта йирик реклама шартномалари ҳам мавжуд: Coca-Cola, McDonald’s, Chevrolet, Gatorade, Upper Deck ва бошқа йирик брендлар билан. Лекин Майклга энг кўп фойдани, албатта, Nike билан тузилган шартнома олиб келади. 2021 йилда у компаниядан 150 миллион долларга яқин, ҳамкорликнинг бутун даври давомида (1984 йилдан бери) эса 1,3 миллиард доллар олган. Майклнинг шахсий бренди – Air Jordan’нинг даромади ҳам бу кўрсаткичнинг ўсишига қараб, ўсиб бораверади. Ўтган молиявий йилда баскетболчининг шахсий бренди даромади 31 фоизга ўсди ва 4,7 миллиард долларни ташкил этди. Жордан бренднинг ҳаммуаллифи сифатида бу суммадан ўзига яраша катта фоиз олади.

Жорданнинг шахсий ҳаёти ҳам ўз маромида. Майкл 2013 йилда кубалик модель Иветт Прието билан турмуш қурган ва шу кунгача у билан яшаб келмоқда. Прието (42) Жордандан 16 ёшга кичик, аммо бу оилавий тотувликка халақит бермайди. Жуфтликнинг икки фарзанди бор — эгизаклар Виктория ва Изабел, улар яқинда 8 ёшга тўлади. Жорданнинг аввалги никоҳидан ҳам уч фарзанди бор. У 2006 йилда Хуанита Вана билан ажрашган ва ажрим учун унга 168 миллион доллар товон тўлаган (ўша пайт учун тарихдаги энг катта товон пули). У ўз навбатида фарзандларини мероссиз қолдирмаган, албатта. Ҳозир Жеффри, Маркус ва Жасмин Жордан Брандъда фаолият юритади.

Умуман олганда, Жордан бойлик орттириб, шу билан бирга ҳаётдан завқ олиб яшамоқда. Миллиардлаб доллар, бизнес, ҳашаматга тўла турмуш тарзи ва оила. Миллионларнинг кумирига яна нима тилаш мумкин? Унинг ёрқин баскетболчилик фаолияти ўтмишда қолган, аммо бу Майклни парвоз қилишдан тўхтата олмаган. У ўз ишини бажаришда давом этмоқда.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 12:28, 18.02.2022.
Ўқилди: 7447 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.