Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Агуэронинг «ўргимчак» мухлиси

Баҳо:
+ | -

Серхио Агуэро кетганидан кейин «Манчестер Сити» ярим йил унинг ўрнини тўлдирмаган ҳолда майдонга тушди. Ёзда ОАВ Криштиану Роналду ва Лионель Мессини Серхионинг ўриндошлари сифатида эътироф этишганди. Бироқ «шаҳарликлар» гибрид схемасини маъқул кўришди.

Олдинги чизиқда Бернарду Силва, Фил Фоден, Ферран Торрес ва Жек Грилишлар навбатма-навбат тўп суришди ва жамоа топ-ҳужумчи ёрдамисиз турнир жадвали жиловини ўз қўлига олди. Лекин январда мутасаддилар «Ривер Плейт» ҳужумчиси Хулиан Альваресни харид қилдилар. Турли манбалар хабарига кўра, келишув қиймати 17, 18,5 млн. евро атрофида. 5,5 йиллик шартномага имзо чеккан ҳужумчи жорий мавсумни «Ривер»да ижара асосида ниҳоясига етказади. Жамоа мукаммал ўйин кўрсатаётган паллада шайхларни ҳамён кавлашга мажбур этган футболчи ким?


Альварес - навқирон юлдуз. Кичиклигида  «Реал»га ўтишига сал қолган

Фаолиятини Либертадорес кубогини қўлга киритиш билан бошлаган Хулиан 22га чиққунга қадар ўз ватанида барча совринларга сазовор бўлди. У Аргентина чемпиони ва кубоги соҳиби, ўтган мавсумнинг энг яхши тўпурари.

Аргентинани тарк этиш имкониятига Альварес анча аввалроқ, 11 ёшли пайтида эга бўлганди. Иқтидорли болакай билан «Реал» астойдил қизиқиб қолганди. Бироқ мавжуд қонунлар трансферни амалга оширишга тўсқинлик қилгач, болакай «Атлетико Калчин» академиясидаги таҳсилни давом эттирди ва ўсмирлар ўртасидаги турнирлардаги муваффақиятлар эвазига 16 ёшида «Ривер Плейт» сафидан жой олди.

Номдор жамоа 2014 йилдан бери Аргентинанинг таниқли мураббийларидан бири бўлган Марсело Гальярдо раҳбарлигида фаолият юритмоқда. Бу давр ичида «Ривер» икки марта Либертадорес кубогини қўлга киритди, 3тадан Аргентина кубоги ва Суперкубокларига сазовор бўлди ва ниҳоят, ўтган йили ички чемпионатда ғолиб чиқди. Гальярдо ўз жамоаси билан янги чўққиларни забт этиш жараёнида кўплаб иқтидорларни кашф этмоқда: «Жамоани қайтадан шакллантириш мен учун қизиқарли машғулот. Турли муаммоларга ечим топиш завқ, ғайрат бағишлайди. Доимо ғалаба қозонишимизга кафолат йўқ, лекин синовлардан ўзимни тия олмайман».

Нафақат Аргентина, балки Жанубий Американинг машҳур жамоаларидан бири таркибида Хулиан 20 ёшда майдонга туша бошлади. «Альбиселесте» ёшлари сафига йўлланмани ҳам у «Ривер»да қўлга киритди ва Колумбия терма жамоаси дарвозасини ишғол этиши орқали ўз жамоасига Жанубий Америка чемпионлигини ҳадя этди. Асосий терма жамоадаги дебютини эса ёш ҳужумчи ўтган йилнинг ёзидаги ЖЧ саралашида Анхель Ди Мариянинг ўрнига майдонга тушиш билан нишонлади.


Альварес - чаққонлик ва дриблинг қироли!

Аргентина чемпионатидаги чемпионликни қаҳрамонимиз «Ўргимчак одам» ниқоби остида нишонлаган ва ўзининг асосий «кўзири» бўлган ўйин услуби туфайли «Ўргимчак» лақабига лойиқ топилганди. Дарҳақиқат, тўпни ундан ўйин қоидасини бузмаган ҳолда тортиб олишнинг умуман иложи йўқ. У тўпни шу қадар эҳтиёткорлик билан қўриқлайдики, гўё 2та эмас, 8та оёқ билан қуршаб олгандек. Бу борада мухлислар зукколигига қойил қолиш керак.

Аммо шу билан биргаликда ҳужумчининг тезкорлиги алоҳида эътиборга молик. Фаолияти давомида Хулиан ҳужум чизиғининг маркази ва қанотларида тўп сурди. Лекин уни кўпроқ ўнг қанот вингери ва якунловчи ролларида кўриш мумкин. Хулиан кутилмаганда қанотдан жарима майдончасига йўл олади ва сон жиҳатдан устунликни таъминлайди. Бундан ташқари, унда худбинлик иллати йўқ: ўзи энг яхши тўпурар мақомида бўлишига қарамасдан, 6та ассистни ҳам амалга оширган. Вазиятлардан унумли фойдаланиш фоизи ҳам ўта юқори: ўртача ҳужумчига нисбатан икки бараварга кўпроқ гол уради. Ана шу чаққонлиги таркибида фахрий ўйинчилар бўлган жамоа учун айни муддао бўлди. Таянч ярим ҳимоячиси Энцо Перес 35 ёшда, ҳужумчи Матиас Суарес ва ҳимоячи Мильтон Касколар ундан ҳам каттароқлар. 3 нафар дарвозабон орасида 35дан ошмаганлар йўқ, захира ўйинчилари эса 38, 39да.

«Манчестер Сити» спорт директори Чики Бегиристайннинг эътирофи: «Хулиан - узоқ вақт диққат-эътиборимизни банд этган ўйинчи. У турли ҳужумкорлик ролларини аъло даражада уддалайди, Жанубий Америкадаги энг яхши ҳужумкор ўйинчи эканлигига шубҳа қилмаймиз. Уни «Сити»га қўшиб олганимиздан беҳад мамнунман».

Бегиристайннинг фикрлари «Сити» ва «Ривер» ўхшаш услубда ўйнашини тасдиқлайди. Гальярдо «Ривер»да, Гвардиола эса «Сити»да ўта тиғиз прессингни шакллантира олишди. Энди «шаҳарликлар» таркибида босимни оширишга ихтисослашган универсал футболчилар сони яна бир нафарга кўпайди.


Фаолиятидаги энг зўр ўйин - дарвозани ярим ҳимоячи қўриқлаган учрашув

Альварес «Сантьяго Бернабеу»да Копа Либертадоресни қўлга киритган бўлсада, дарвозабон ўрнида таянч ярим ҳимоячиси ўйнашга мажбур бўлган беллашувни ўзининг асосий учрашуви, деб ҳисоблайди. Аргентина - коронавирус пандемияси домига тортилган сўнгги мамлакатлардан бири. Аммо оммавий балодан ўта жиддий жабр тортди. Хусусан, 2021|2022 йиллар мавсумидаги Копа Либертадорес турнирининг гуруҳ босқичи учрашуви арафасида «Ривер Плейт»нинг асосий ва ўринбосарлар жамоаларида деярли барча ўйинчилар сафдан чиқишганди. Охир-оқибат, жамоа дарвозасини таянч ярим ҳимоячиси Энцо Перес қўриқлашига тўғри келди. Боиси, унинг захира ўриндиғида бирорта футболчи қолмаган, майдондаги ўйинчиларнинг кўпчилиги «қариялар» ёки катта футболга энди кириб келаётган ўсмирлар эди. Бироқ бу муаммолар Аргентина чемпиони дастлабки 6 дақиқа ичида Колумбиянинг «Санта-Фе» клуби дарвозасига 2та гол уришига халал бера олмади. Кейин колумбияликлар ҳисобни қисқартиришди, аммо Хулианнинг голи ва самарали узатмаси нуфузли кубок тақдирини «Ривер» фойдасига ҳал қилди.

Шундан кейин Аргентина ОАВ Хулиан Альварес етуклик имтиҳонидан муваффақиятли ўтганлигини эътироф этди. Ана шу юксак баҳодан кейин навқирон ҳужумчига бўлган қизиқиш сезиларли кучайди: «Манчестер Сити» ортидан «МЮ» ҳам Альваресни харид қилиш истагини билдирди. Тортишув қайси харидор фойдасига ҳал бўлганига ҳужумчининг эътирофи изоҳ бўла олади: «Менга Кун Агуэро жуда ёқади. Унинг майдондаги ҳаракатларини такрорлашга интиляпман».

Агуэронинг «Манчестер Сити»даги мавқеи шунчаки оддий юлдузникидан анча юқори. У «Этихад»ни жамоа тарихидаги энг яхши тўпурар мақомида тарк этди. Энди унга стадион ёнида ҳайкал ўрнатишади. Серхио ўрнини тўлдириш ўта мураккаб юмуш бўлгани сабабли, «шаҳарликлар» ҳеч кимни харид қилмадилар, ҳатто Месси, Роналду номзодлари ҳам уларни қониқтирмади. Ниҳоят, ярим йиллик изланиш ва муҳокамалардан сўнг, шайхлар ягона трансферни амалга оширишга жазм этишди. Энди Кун Агуэронинг ашаддий фанати бўлмиш «ўргимчак» уларнинг ишончини оқлашга уриниб кўради.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 12:38, 21.02.2022.
Ўқилди: 2039 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.