Винисиус Жуниор жорий мавсумда «Реал»нинг энг муҳим ўйинчиларидан бири бўлмоқда. У Карим Бенземадан сўнг "Қироллик клуби" таркибида гол урган футболчи бўлиб турибди. Ваҳоланки, Винисиуснинг ўтган мавсумдаги голлари сони у қадар кўп эмасди. Хўш, бу мавсумда нима ўзгардики, бразилиялик футболчи муваффақиятли ҳаракат қила бошлади?
Испаниянинг "Diario AS" нашри бу борада тадқиқот ўтказиб, Винисиусдаги ўзгариш сабабларини аниқлашга ҳаракат қилди. Манбага кўра, футболчи аввало овқатланиш режимини ўзгартирган. "Реал" футболчиси ўзига ошпаз ёллаб, ўз рационини назоратга олди. Ошпаз тухум, балиқ, товуқ, мевалар, сабзовотлардан фойдали таом тайёрлаб бермоқда. Натижада Винисиус улардан максимал фойда олмоқда.
Бундан ташқари, Винисиус жисмоний тайёргарлик бўйича машғулотига ўзгартириш киритди. У Тьяго Лобони мураббийликка ёллади ва у билан бирга ишлай бошлади. Футболчи шахсий мураббийини Рио-де-Жанейродаги дам олиш таътилига ҳам олиб борди ва ишлашда давом этди.
Винисиуc ушбу мураббий билан нафақат майдонда, балки тренажёр залида ҳам ишламоқда. Футболчининг чарчоқдан тикланишида ушбу мураббийнинг ҳиссаси катта бўлмоқда.
Шунингдек, Винисиус уйқусининг сифатли бўлишига жиддий эътибор қаратмоқда. Агар, футболчи ўз интизомини юқори даражага олиб чиқмаганида, буларнинг самараси яхши бўлмасди.