ЎФА Тартиб-интизом қўмитаси 2021 йилги мавсум сўнги турида бўлиб ўтган учрашувларда юз берган ҳолатлар бўйича қарорлар чиқарди.
Жумладан, 2021 йилнинг 24 ноябрь куни Ўзбекистон кубоги ярим финал доирасидаги «Пахтакор» — «Бунёдкор» учрашувида «Пахтакор» жамоаси футболчиси Драган Черан ўйиннинг 21-дақиқасида тўп учун курашда оёғининг таг қисми билан рақиб ўйинчисининг тизза қисмига зарба берган. Ҳакам ушбу вазиятда уни учрашувдан четлаштирган. Шунингдек, мазкур ўйинда «Пахтакор»нинг яна бир футболчиси Шерзод Аъзамов 120+2 дақиқада ўйин қоидасини жиддий тарзда бузгани, яъни тўп учун курашда оёғининг таг қисми билан рақиб футболчиси оёғининг кафт қисмига зарба бергани учун майдондан четлаштирилган. Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, «Пахтакор» жамоаси футболчилари Драган Черан 2 та ўйинга, Шерзод Аъзамов эса 3 та ўйинга дисквалификация қилинди ва уларнинг ҳар иккисига нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди.
Ўзбекистон кубоги ярим финал доирасидаги яна бир баҳс «АГМК» — «Насаф» учрашувида меҳмонлар футболчиси Марко Станоевич ўйиннинг 61-дақиқасида қоидани жиддий равишда бузган. Яъни у тўп учун курашда оёғининг таг қисми билан рақиб футболчисининг тизза қисмига зарба берган ва ўйиндан четлаштирилган. Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, унга нисбатан 2 та ўйинга дисквалификация қилиш ва жарима интизом чораси қўлланилди.
Шунингдек, 2021 йилнинг 4 декабрь куни «Пахтакор» — «Насаф» жамоалари ўртасидаги Ўзбекистон кубоги финал учрашувининг 34-дақиқасида «Насаф» жамоасининг футболчиси Ойбек Бозоров ўйин қоидасини жиддий тарзда бузгани, яъни тўп учун курашда оёғининг таг қисми билан рақиб ўйинчисининг тўпиқ қисмига кучли зарба бергани учун майдондан четлаштирилган. Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, «Насаф» клуби футболчиси Ойбек Бозоров 2 та ўйинга дисквалификация қилинди.
Ўзбекистон Суперлигасининг 25-туридан ўрин олган «Андижон» — «Навбаҳор» учрашувининг 89-дақиқасида «Андижон» жамоаси сафида ҳаракат қилган Усмонали Исмоналиев «Навбаҳор» жамоаси мухлислари жойлашган секторга қараб ножўя ҳаракатларни амалга оширган. Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, Усмонали Исмоналиевга нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди.
Ўзбекистон Суперлигасининг 26-туридан ўрин олган «Насаф» — «Локомотив» учрашувида «Насаф» жамоаси футболчиси Жўрабек Маннонов ўйиннинг 65-дақиқасида қоидани жиддий бузган, яъни оёғининг таг қисми билан рақиб футболчиси оёғининг кафт қисмига зарба берган ва ўйиндан четлаштирилган. Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, «Насаф» жамоаси футболчиси Жўрабек Маннонов 2 та ўйинга дисквалификация қилинди ва унга нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди.
Ўзбекистон Суперлигасининг 26-туридан ўрин олган яна бир учрашув — «Сурхон» — «Машъал» баҳсида меҳмонлар вакили Нажмиддин Нормуродов ўйиннинг 90+6 дақиқасида рақибга орқа томондан елкаси билан зарба берган. Ҳакам ушбу вазиятда уни ўйиндан четлаштирган. Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, «Машъал» жамоаси футболчиси Нажмиддин Нормуродов 1 та ўйинга дисквалификация қилинди.
Шунингдек, Суперлиганинг ушбу туридан ўрин олган «АГМК» — «Сўғдиёна» учрашувида «АГМК» жамоаси футболчиси Александр Касян ўйин якунидан сўнг ҳакамликдан норозилигини қўпол тарзда билдирган ва унга қизил карточка кўрсатилган. Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, Александр Касян 3 та ўйинга дисквалификация қилинди ва унга нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди.