Англия миллий жамоаси собиқ ҳужумчиси Кевин Филлипс FourFourTwo нашрига берган интервьюсида фаолияти ва ҳаётини ўзгартириб юборган нуқталарни ёдга олди. Хўш, гап қайси ўйинлар ҳақида кетмоқда?
«Уотфорд» - «Сандерленд» - 0:1 (21.02.1995. Англия Биринчи лигаси)
- Ҳаммаси кечагидек ёдимда. 18 ёшда эдим ва менга профессионал футболга тайёр эмаслигимни рўй-рост айтишди. Ноябрь ойида «Уотфорд» билан шартнома тузган бўлсам, дебютни февралгача кутишимга тўғри келди. Нам ва шамолли оқшом, майдонда умуман чим йўқ, фақат лой! «Викараж Роуд»да, мухлислар кўз ўнгида ўйнаш ўзгача эди. Ҳа, якунда 0:1 ҳисобида енгилдик, аммо мағлубият дебют қувончини бузолмади.
Венгрия - Англия - 1:1 (28.04.1999. Ўртоқлик учрашуви)
- Бош жамоа таркибига қўшилганим ҳақида Сандерлендда хабар топдим. Журналист янгиликни айтганида, 10-15 сония гапиролмай қолдим, ахир профессионал футболда энди яхши ўйнай бошлагандим. Биринчи лигада ўйнашимиз боисми, мен ва Майкл Грэйга қўшимча босим бўлди, аммо бундан заррача безовталанмадик. Миллий жамоага чақиргани учун Кевин Кигандан умрбод миннатдорман. Мамлакат мадҳиясини эшитганимда, бутун вужудим титраб кетганди. Ҳа, ўйинда ниманидир қойиллатолмадим, шунга қарамай, барчаси ақл бовар қилмас воқеа сифатида миямга муҳрланди, барибир.
«Ньюкасл» - «Сандерленд» - 1:2 (25.08.1999. АПЛ)
- «Сандерленд» мухлислари фақат шу ўйин ҳақида гапиришарди. Зеро, жамоа 1990 йилдан буён «Сент-Жеймс Парк»да ғалаба қозонолмаётганди. «Сандерленд»да 2 мавсум жами 60та гол урдим, аммо «Ньюкасл»га қарши ўйиндаги ғалаба зарбасига қадар ўзимни клуб афсонасидек ҳис қилмаганман. Майдон ботқоққа ўхшарди, кўлмаклар... Муҳими, ўша лаҳзалар бутун фаолиятимдаги энг ширин дамлар эди!
«Кристал Пэлас» - «Уотфорд» - 1:0 (27.05.2013. Чемпионшип «плей-офф» босқичи)
- Ҳамма «плей-офф» финалида ғалаба қозониш юқори даражага кўтарилиш учун энг қулай вақт эканлигини айтарди. Лекин мен бунда фақат омадсизликни кўрдим. «Кристал Пэлас» билан январда шартнома тузганимда, жамоа 1-ўринда борарди. Аммо кейинроқ бир қатор муваффақиятсизликларга учрадик ва барчаси якунда бизни шу финалга етаклади. 39 ёшда эдим ва 90 дақиқага бардош беролмаслигимни билардим. Иан Холлоуэй мени захирадан тушириш орқали ўйин жараёнига таъсир ўтказишни ўйлади. Бу режа иш берди - «овертайм»да пенальтидан урилган гол эвазига ғалаба қозондик. Ўйинда совуққон ва хотиржам эдим ва ҳаммасини тўғри бажардим. Қайтишда дўконга кириш учун автобусни тўхтатдик. Холлоуэй қўлида кубок билан Лондон кўчаларида қандай югурганини кўрсангиз эди... Бу ташқаридан жуда ғалати кўринганди.