Ўзбекистон XXI миллий чемпионатининг 4-тур ўйинларига 15 апрел куни «Локомотив» - «Нефтчи» учрашуви якун ясаб беради.
Ушбу учрашувга қизиқиш кучли, чунки жорий мавсумда темирйўлчилар жамоаси ўз олдига жиддий мақсадларни қўйган. Фарғоналиклар ҳам ўтган йили қўлга киритган мавқеини бой беришни истамаслиги аниқ. Дарвоқе, Саркисян шогирдлари бошқалардан битта ўйин кам ўтказишган.
1-турда улар «Олмалиқ» билан битимга эришган бўлса, кейинги турда ўз майдонида «Динамо»ни доғда (1-0) қолдирди. 3-турда «Нефтчи» дам олди. Бунга сабаб, фарғоналиклар ОФК кубоги 4-тур ўйинлари доирасида Уммонга сафар уюштиришди. Кези келганда айтиш керак, Ўзбекистон вакили ОФК кубоги ва умуман янги мавсумда ҳали мағлубиятга учрагани йўқ.
«Локомотив» ва «Нефтчи» жамоалари Ўзбекистон чемпионатларида шу кунгача 14 марта рўбарў келишган. Қизиғи, улар ўртасидаги ўйинларда бирон марта ҳам дуранг қайд этилмаган. Демак, бу жамоаларни муросасиз рақиблар, дейиш мумкин. «Локомотив» - «Нефтчи» клубларининг йўли илк бора 2004 йилда кесишган ва ўшанда анча кучли таркибга эга бўлган Юрий Саркисьян шогирдлари иккала учрашувда ҳам ғалаба нашидасини суришган.
Бунинг акси эса 2009 йили кузатилди. Темирйўлчилар ўша мавсумда «Нефтчи»дан 6 очко тортиб олишга муваффақ бўлдилар.
«Локомотив» ва «Нефтчи» жамоаларини ўзаро тўқнашувларида уч бора йирик ҳисоблар қайд этилган. Шундан иккитасида фарғоналиклар бир хил - 4:0 ҳисобида зафар қучишган бўлса, темирйўлчилар 2008 йили ўз майдонида Юрий Саркисьян шогирдларини тор-мор қилишган - 4:1. 2009 йилда темирйўлчилар бу ишни Фарғонада уддалашга жуда яқин туришган эди. Аммо, 76-дақиқадан сўнг 0-4 ҳисобида ютқазаётган «Нефтчи» жамоаси сўнгги дақиқаларда йирик мағлубиятдан қутилиб қолган.
Жамоалар ўзаро ўйинларда 7 мартадан ғалабага эришган бўлса-да, тўплар нисбатида устунлик «Нефтчи» тарафида. Улар темирйўлчилар дарвозасини 23 марта ишғол қилиб, ўз дарвозаларидан 19та гол ўтказиб юборишган.
«Локомотив» - «Нефтчи» тўқнашувида энг кўп иштирок этган футболчи фарғоналиклар аъзоси Иқбол Акромовдир. У жамоаларнинг ўзаро ўйинларида 12 марта майдонга тушган. Ўзаро ўйинларда энг кўп тўп киритган футболчи эса Анвар Бердиев бўлиб, у беш марта «Локомотив» дарвозабонларини ранжитган. Бу борада кейинги ўринни темирйўлчи Музаффар Умрзоқов эгаллаб турибди. Унинг ҳисобида 4та гол мавжуд.
Жамоа мухлисларини 15 апрель куни ТТЙМИ стадионида таклиф этамиз. «Локомотив» - «Нефтчи» учрашуви соат 17:00да бошланади.
Ёшлар жамоалари ўйини эса 14 апрель куни “Чиғатой”да соат 17:00да старт олади. «Локомотив» барча мухлисларни ушбу ўйинларни стадионда кузатиб бориш ва жамоамизни қўллаб-қувватлашга чорлайди.
«Локомотив» - «Нефтчи» 15 апрель, соат 17:00. ТТЙМИ стадиони
Ҳакамлар: В.Коваленко, М.Саидқосимов, Р.Ильясов, Д.Пислегин.
Назоратчи: И.Нехочин