Фернандо Йерро Мадриднинг асосий жамоасига 1989 йилда «Вальядолид»дан келиб қўшилган. У жамоада дастлаб шунчаки янги ўйинчи эди, аммо охир-оқибат афсонага айланди, уч марта Чемпионлар лигаси, икки бор қитъалараро кубок, беш марта Ла Лига, бир марта Испания кубоги, бир марта Европа Суперкубоги ва тўрт марта Испания Суперкубогини қўлга киритди. «Қаймоқранглилар» либосида ўтган 14 йил уни клуб тарихидаги 601 учрашуви билан энг кўп ўйин ўтказган бешинчи футболчига айлантирди. Ундан олдинги ўринларда Рауль, Касильяс, Санчис ва Серхио Рамослар жой олишган. Йеррони кўпчилик мухлислар шунчаки ҳимояда гол уриш бўйича мастер сифатида эслашади. Бироқ у ўз фаолиятини ярим ҳимоячи сифатида бошлаган, шунга қарамай кейинчалик ўз ўрни ҳимоя марказида эканлигини тезда англаб етди. Позициясига қарамай, Фернандо 127 та гол урган. Бундан ташқари, у Испания терма жамоаси сафида 89 та расмий ўйинда ҳам майдонга тушган. Қуйида эътиборингизга футболчининг AS нашрига берган эксклюзив интервьюсини ҳавола этамиз.
Мадридда бошқа клублардан ажралиб турадиган ноодатий нима бор?
Биринчидан, тарихни сотиб олиб бўлмайди. «Реал Мадрид» - дунёдаги энг муваффақиятли клублардан биттаси ва дунёдаги энг яхши қадриятларга эга жамоа. Иккинчидан, бу ерда ғолиблик гени мавжуд. Бу стадионда бошқа клублардагидан яхшироқ ўйин ва тактика кўришингиз мумкин. Мадриддаги асосий омил - бу ғалаба қозониш. «Реал Мадрид» аъзолари фақат ғалаба қозониш учун майдонга тушишади - бу клубнинг менталитетига хос нарса.
«Реал»да ўйнаб, босимга дош бериш қийинми?
Менинг ажойиб жамоадошларим бор, улар исталган босимга бардош бера олишларига ишонаман. Ла Лигадаги дебют кунимда катта ёшли футболчилар олдимга келиб: “Биз буюк «Реал»миз. Ҳатто мавсумолди ўртоқлик баҳсларида ҳам ютқазмаслигимиз керак”, дейишгани ҳалигача ёдимда. «Реал Мадрид» Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлиш бўйича қирол ҳисобланади. Бунинг қанчалик қийин вазифалигини аввало, тушуниб етиш керак. Ўзингиз эсланг: масалан, «Ювентус» ёки «Валенсия»га қарши баҳсларда биз фаворит эмасдик. Мадридликлар деярли барча финалларда ғалаба қозонишган. Бу сени беихтиёр равишда клуб гербини ҳурмат қилишга ундайди.
Сиз айтган ғалаба туйғуси нималиги ва уни бугунги ёшларга етказиш қийинми?
Одатда бу қийин жараён, лекин ҳозир клубда буни тушунтириб бера оладиган одамлар бор. Раулга эътибор беринг, ҳеч ким унга бу нимани англатишини тушунтирмаган. Ёки Мориентес, Гутиларни олинг. Клубга келганлар жамоа логотипини автоматик равишда ҳис қилиб кетаверади. Бироқ шундай жамоадошларим ҳам бўлардики, улар катта босимга дош бера олишмаган. Мадридда мағлубиятга учраган кунинг энг оғир кун: клуб мухлислари ҳайратда, жамоатчилик фикри ўша куни фақат сизга қаратилган ва қарама-қарши фикрлар талайгина. Мен бу клубда 14 йилни ўтказдим ва ҳар сафар раҳбариятининг мен билан шартнома имзолашни хоҳлаётганини турли нашрларда ўқидим. Қачондир гол ўтказиб юборган пайтимиз клуб шорт-листида дарҳол бошқа марказий ҳимоячилар рўйхати пайдо бўла бошлаган. Хўш, буни қандай қилиб енгиб ўтиш мумкин? Сизда индивидуал маҳорат ва ўзингизга бўлган ишонч кўп бўлиши керак, акс ҳолда руҳий тушкунликка тушиб қолишингиз ҳеч гап эмас.
Бундан ташқари, бизда мураббийлар фактори ҳам анча юқори эди. Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан барча мураббийларга эътибор беринг. Уларнинг барчаси деярли бир хил: аҳиллик, ички хотиржамлик ва масъулият доимо биринчи планда бўлиб келган. Мигель Муньос, Хайнкес, Зизу ёки Анчелотти... Бу каби инсонлар асосий юлдузлар ўзлари эмас, балки майдондаги футболчилар эканлигини жуда яхши билишади. Мадридда ғалаба қозонсанг бу ажойиб, лекин ютқазсанг ҳаммаси ёмонлашиб кетаверади, чунки бу клуб фақат ғалаба қозониш учун яратилган. Бу ерда не-не футболчилар ўйнашмади дейсиз, аммо Мадриднинг буюклиги ҳамма нарсадан устун бўлиб келган.
«Реал Мадрид» мухлисларини раҳбариятдан ҳам талабчанроқ дейишади. Бу фикр қанчалар тўғри?
Мухлисларимиз ғалаба қозонишга ўрганиб қолишган, чунки улар кўплаб титулларни бирга бошлари узра кўтаришган. Агар сиз 9 ва 7-рақамни эгнингизга илган бўлсангиз, мухлислар сиздан доимо юқори нарсаларни талаб қилишган. Бироқ кексайиб қолганингизда эътибордан четда қолишингиз ҳам ҳеч гап эмас. Формангиз ёмонлашиши табиий жараён, бу ҳаммада содир бўлади. Ёшингиз қанчалик катта бўлса, самарадорлик шунчалик пасайиб кетаверади. Ёшингиз улғайди ва ўрнингизга янги кадр излашга тўғри келиб қолди ва бу табиий жараён, бу ҳаёт қонуни. 1989 йилда жамоа сафига келиб қўшилганимда 5-рақамли футболкани олдим. Мен кетган пайтим эса Серхио Рамос позициямни эгаллади. Мадридда қолишни истасанг, янги бирор нарса кашф этиб кет, истеъдодинг бўлмаса барчаси бекор.
«Бернабеу»да ажралмас нима абадий ва уни алишиб бўлмайди?
Садоқат. «Бернабеу»да агар 0:5 ҳисобида мағлуб бўлсанг ҳам мухлислар сендан камбэк кутишади, яна имкон беришади. Бу ерни одамлари курашга интилувчан. Йирик ҳисобдаги ғалабадан кўра кўпроқ камбэк қилиш ҳақида ўйлашади. Улар ўз жамоасининг курашини томоша қилишдан завқланишади. Ва бу содир бўлади ҳам. Тарихда бу каби ақл бовар қилмас эпизодларнинг бир қанчаси бўлиб ўтган. Кўплаб юлдузларни бир ерга бирлаштирадиган нарса - бу фидойилик. Мен ғолиблик менталитети ҳақида аввал айтганларимга яна қайтаман.
Бугунги кунда «Реал Мадрид»ни қандай тасаввур этасиз?
Мен бу қандай клуб эканлигини доим ёдимдан чиқармаганман. Ҳаётимнинг нақ 14 йилини шу ерда ўтказдим. «Реал» менга нафақат футболчи, балки инсон сифатида ҳам кўп нарсаларни ўргатди. Мен ўтмишим билан фахрланаман. Ҳеч ким менинг «Реал»даги ғуруримни тортиб ололмайди.