АПЛда ишлари юришмаётган «Эвертон» Россия - Украина можароси таъсирида Алишер Усмоновга тегишли компания билан шартномани бир томонлама бекор қилди. Ваҳоланки, клуб USMнинг молиявий кўмагисиз жуда-жуда қийналади. Айтиш жоиз, «Эвертон»нинг асосий акционери Россия ва ўзбекистонлик бизнесменнинг ишончли вакили ҳисобланади. Қуйидаги мақолада айнан айни шу ҳолатга эътибор қаратилди.
USM ҳақида маълумот
USM Алишер Усмонов тасарруфидаги асосий холдинг-дир. Бизнесменнинг энг йирик активлари шу холдинг ичида - «Мегафон» уяли алоқа операторидан тортиб, «Металлоинвест» (дунё темир рудаси ва мис маҳсулотлари бозорининг энг йирик гуруҳи)гача. USM 2012 йили Алишер Усмонов ва унинг ҳамкорларига тегишли турли лойиҳаларини бирлаштириш мақсадида тузилган. Хусусан, Twitter ва Uber, Facebook ва Xiaomi шу холдинг ичида. USM 2017 йили «Эвертон» билан ҳомийлик шартномасини расмийлаштирганди. Унга мувофиқ, Англия клуби ҳар йили 12 миллион фунт стерлинг оларди.
Кейинчалик USM ва «Эвертон» ўртасидаги ҳамкорлик янада кенгайди. Дейлик, «Гудисон Парк» стадионида «Мегафон» рекламаси пайдо бўлди.
2020 йилнинг январь ойида эса USM клубнинг янги стадиони номи ҳуқуқи учун 30 миллион фунт тўлашга рози бўлди. Муҳими, Усмонов номни эмас, балки унинг савдосида қатнашиш имкониятини сотиб олди. Орадан кўп ўтмай, «Мегафон» ва Yota «Эвертон» аёллар жамоасининг расмий ҳомийларига айланди, гарчи келишув суммаси ошкор этилмаган бўлсада, клуб раҳбарияти буни Англия аёллар футболи тарихидаги энг манфаатли битимлардан бири сифатида баҳолади. «Эвертон»нинг ўша мавсумга дахлдор молиявий ҳисоботида йиллик даромад 63,7 миллион фунтни ташкил қилгани алоҳида қайд қилинди. Айтишларича, бу кўрсаткич айнан USM киритган сармоя туфайли юзага келган.
Усмоновнинг таъсири шунчалик каттами?
Аслида Усмонов ҳеч қачон расмий равишда клуб акционерлари рўйхатига киритилмаган. Лекин унинг «Эвертон» хўжайини Фарҳод Мошири билан алоқалари клуб лойиҳасига жиддий таъсир қилгани кўпчиликка маълум. Таъкидланишича, бизнесмен жамоага нафақат сармоя киритган, балки муҳим қарорлар ҳам қабул қилган. Хусусан, The Athletic нашрида ёзилишича, мураббий Рафаэль Бенитес билан музокара жараёни айнан Усмонов яхтасида олиб борилган. Охирги мисол: Mirror газетасида Фрэнк Лэмпард билан музокара ҳам Усмоновсиз кечмагани ҳақида хабар берилди. Унда баён этилишича, Фрэнк билан асосан Усмонов гаплашган, Мошири эса сукут сақлаб турган.
Усмонов ва Мошири ўртасидаги муносабатларга келсак, улар 1989 йили Эроннинг Middlesex Holdings компанияси соҳиби орқали танишишган. Якунда Мошири ишончга кириб, бизнесменнинг шахсий маслаҳатчига айланди. У айни пайт USM Holdings директорлар кенгаши раиси ҳисобланади. Мошири 2016 йили «Арсенал»даги ўз улушини Усмоновга берди. Эронлик бизнесмен шу тариқа «Эвертон»нинг 49,9 фоиз акциясини сотиб олди - BBC хабарига кўра, бу Усмоновнинг шахсий совғаси. Эҳтимолки, Фарҳод ўша вақтда ҳам барча қарорларни Усмонов розилиги билан қабул қилгандир.
«Эвертон»ни олдинда нима кутмоқда?
Экспертларнинг хулосаларига кўра, клуб хавф остида. The Athletic маълумотига қараганда, охирги 3 йилда «Эвертон»нинг қарзи 265 миллион фунт стерлингга етган. Ваҳоланки, АПЛ талаби бўйича қарз миқдори 105 миллион фунтдан ошмаслиги керак. Тўғри, ливерпулликлар АПЛдан ёрдам сўрашлари мумкин, аммо янги сармоядор қидиришларига тўғри келади, барибир. Шарт битта - имкон қадар тезроқ топиш. Яна бир томони, стадион номи ҳуқуқи расман сотилмаган, шунинг учун Усмонов 30 «лимон»ни қайтариб ололмайди. Умуман, клуб раҳбарияти йўқотишларга тайёрлигини таъкидламоқда, аммо USMдан воз кечилгани молиявий ҳолатга жиддий таъсир кўрсатади. Айтганча, Усмоновнинг ишончли вакили Моширига нисбатан ҳозирча ҳеч қандай санкция қўлланилмаган. «Эвертон» акционерлари раиси Жон Блэйннинг маълум қилишича, бу масала яқин вақт ичида кўриб чиқилади.
Кўринишидан, «Эвертон»да молиявий муаммолар бошланди. Британия матбуотида берилган хабарларга кўра, клуб раҳбарияти икки етакчи футболчи - Ришарлисон ва Доминик Калверт-Льюин трансфери бўйича таклифларни кўриб чиқишга тайёр. Катта эҳтимолки, ҳар иккиси ёзда жамоа билан хайрлашади.
Содиқ Собир тайёрлади