Кириш Регистрация
21/12 00:45 Верона 0-1 Милан
21/12 01:00 Жирона 3-0 Вальядолид
21/12 17:30 Астон Вилла 2-1 Манчестер Сити
21/12 18:00 Хетафе 0-1 Мальорка
21/12 19:00 Торино 0-2 Болонья
21/12 20:00 Брентфорд 0-2 Ноттингем Форест
21/12 20:00 Ипсвич 0-4 Ньюкасл
21/12 20:00 Вест Хэм 1-1 Брайтон
21/12 20:15 Сельта 2-0 Реал Сосьедад
21/12 22:00 Женоа 1-2 Наполи
21/12 22:30 Кристал Пэлас 1-5 Арсенал
21/12 22:30 Осасуна 1-2 Атлетик Бильбао
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид - Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм - Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта - Эмполи
22/12 22:30 Леганес - Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас - Эспаньол
23/12 00:45 Монца - Ювентус
23/12 01:00 Бетис - Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе

Бир ўйин — бир олам ибрат

Баҳо:
+ | -

Яқинда Бразилияда ўта кам-ёб воқеа юз берди: дарвозабон фаолиятидаги дастлабки голини урди, журналист аёл кўзларини ёшлатди, совринни мухлисга совға қилди.

Бежизга дунёнинг тенгсиз жамоаси унвонига сазовор бўлмаган «қирол» Пеле ватанида турли-туман мусобақалар - штатлар (вилоятлар) чемпионатлари, кубок беллашувлари мунтазам равишда бўлиб туради. Шундай турнирларнинг бири бўлмиш Нордесте кубогида мамлакатнинг шимоли-шарқ ҳудудида жойлашган клублар иштирок этадилар. Унда «Сеара», «Форталеза», «Байя» ва «Спорт Ресифи» каби олий дивизион вакиллари ва ярим профессионал жамоалар қатнашади. Ғолиб жамоа Нордесте кубогини қўлга киритади.

1976 йилда ташкил этилган турнирда вақти-вақти билан формат ва иштирокчилар таркиби ўзгариб туради. Сўнгги ўзгаришлар 9 йил аввал юз берганди. Нордесте кубогининг эътиборга молик жиҳати шундаки, ғолиб нуфузли совриндан ташқари, Жанубий Америка кубоги (ЕЛ каби, қитъанинг 2-даражали клуб турнири) йўлланмасини ҳам қўлга киритади.

2013 йилда турнирда ғолиб чиққан, 2016 йилда финалгача етиб борган «Кампиненсе» ўзининг 107 йиллик фаолияти давомида атиги 5та мавсумни олий дивизионда ўтказган, асосан «С» ва «D» серияларида тўп суради. Ана шу камтарин жамоанинг 34 ёшли дарвозабони Мауру Игуату эса «В» сериядаги саноқли иштироки билан мақтаниши мумкин, асосий вақтини турли штатлар биринчиликлари ва ҳаваскор жамоаларда ўтказган. Қарангки, бундан атиги ярим йил аввал «Кампиненсе» сафига келган фахрий посбон ўта қисқа вақт ичида мураббий ишончини қозониб, асосий таркиб ўйинчисига айланди ва жамоанинг «С» серияга кўтарилишига муносиб ҳисса қўшди. Ўтган ҳафтанинг дам олиш кунларида эса ўйиндаги ишончли ҳаракатлари ва инсонийлик фазилати эвазига Бразилия қаҳрамонига айланди.

«Кампиненсе» ва «Соуза» ўртасидаги беллашув кутилганидан ҳам қизиқарли ва ҳаяжонли тарзда ўтди. Боиси, у икки аутсайдернинг ўзаро куч синашиши эди. Ортда қолган 5-тур натижаларидан кейин майдон эгалари атиги 2 очкога, бошқа гуруҳда тўп сураётган меҳмонлар эса 7 очкога эга эдилар. Табиийки, меҳмонлар майдонга фаворит мақомида тушдилар. Қўшимчасига, мезбонлар учрашувни бош мураббийсиз ўтказишга мажбур бўлишди - у коронавирус хасталигига чалингани сабабли, шогирдларини бошқара олмасди. Қисқаси, ҳатто маҳаллий мухлислар ҳам учрашув «Соуза» фойдасига ҳал бўлади, деган фикрда эдилар.

Бироқ «Кампиненсе» баҳсни юксак шиддат билан бошлаб, дастлабки дақиқадаёқ ҳисобни очди. Атиги 16 сония ичида йўлланган Аланнинг кучли зарбаси турнир тарихидаги энг тезкор голга айланди. Унгача 28-сонияда дарвозани ишғол этган Рафаэль Лонгин рекорд соҳиби ҳисобланарди.

Стадионга ташриф буюрган камсонли мухлислар қувончини тушуниш қийин эмас, яшин тезлигидаги голдан кейин уларда суюкли жамоаларининг зафар қучишига умид уйғонди. Майдон эгалари ана шу умидни пучга чиқармаслик учун ҳужумни давом эттирдилар, бир нечта хавфли вазиятларни яратдилар. Лекин ўта яқин масофалардан ҳам аниқ зарба йўллай олмадилар. Тўғри, меҳмонлар ҳам томошабин бўлиб ўтирганлари йўқ, лекин бир қатор хавфли вазиятлардан улар ҳам фойдалана олмадилар.

Танаффусдан кейин майдондаги вазият ўзгармади, баҳс қарама-қарши ҳужумлар остида ўтди. Мувозанатни тиклаш умидида олдинга ташланган меҳмонлар ҳимоя-ни унутиб, рақиб ҳужумчисини эътиборсиз қолдиришганди. Бироқ бу гал ҳам форвард қулай вазиятни голга айлантира олмади. Ниҳоят, учрашув якунланишига саноқли дақиқалар қолганида, «Соуза» пенальти эвазига мувозанатни тиклади. Энди бор имкониятларни ҳужумга сарфлаш навбати майдон эгаларига келди. Лекин бир неч­та қулай вазиятлар яна беҳуда кетди.

Бироздан кейин мезбонлар дарвозабони кучли зарб билан тўпни рақиб жарима майдончаси ичидаги жамоадошига етказиб берди. Дастлабки зарбани дарвозабон қайтарди, такрорий зарбага эса, дарвоза тўсини тўсиқ бўлди. «Кампиненсе» мураббийи нима қилишини, ўйинчиларга қандай кўрсатмалар беришни билмай, боши қотди. Ўйин эса тобора ниҳоясига яқинлашиб борарди. Ана шу ҳаяжонли паллада, яъни, қўшимча вақт тугаши арафасида «Кампиненсе» пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлди. Бироқ навбатдаги «бош оғриғи»: пенальтини ким амалга оширади? Ҳамма гап шундаки, аввалги бир қатор учрашувларда жамоа пенальтидан самара чиқара олмаган, бу баҳсда эса «нуқта»дан яқинроқ масофадан йўлланган зарбалар ҳам ноаниқ бўлганди. Боз устига, барча футболчилар чарчаб қолишган... Мезбонлар мураббийи ўйинчиларни ёнига чорлаганида, ҳеч кимдан садо чиқмади. Ниҳоят, Мауру Игуату сукунатга барҳам бериб, зарбани амалга оширишини айтди. Таажжубки, узоқ йиллик фаолиятида бирор марта бўлсада, «нуқта»дан тўп тепмаган дарвозабон бир қарашда оддий кўринадиган, лекин айни паллада ўта қалтис вазифани ўз зиммасига олди ва қойилмақом тарзда дарвозани ишғол этди!

2:1. «Кампиненсе»нинг мавсумдаги дастлабки ғалабаси. Шубҳа йўқки, Игуату - бош қаҳрамон! Финал ҳуштаги янграганидан кейин, у ўзини мухлис қучоғига отди ва биргаликда суратга тушди. Ташкилотчилар эса Мауруни учрашувнинг энг яхши ўйинчиси сифатида эътироф этиб, уни махсус сов-рин билан мукофотлашди.

Ҳа, ўйин ниҳоясига етди, аммо ҳикоямиз давом этади. Ўйиндан кейин Игуату учрашув ва фаолиятидаги илк голи таассуротлари билан ўртоқлашар экан, суҳбатдоши бўлган Ана Флавияни чорлади. Бундай фахрли совринга муносиб кўришгани ҳар қандай футболчи учун ёқимли эканлиги, лекин уни Ананинг отаси - Эдезиога совға қилишини журналистга тушунтирди. Эдезио ўтган йили корнавирусга чалинган ва катта қийинчилик билан хасталикдан фориғ бўлганди. Эдезио - «Кампиненсе»нинг ашаддий мухлиси эди ва дарвозабон шу тариқа унинг кўнглини кўтаришга қарор қилганди.

Маурунинг олийжаноб қароридан журналист қизнинг кўзлари ёшланди, совға унинг ўзи учун ҳам, отаси учун ҳам жуда муҳим эканлигини таъкидлади. Кейинчалик Ана Флавия Мауру унинг отасини қаердан таниши ва нима учун ўз мукофотини унга совға қилганлигини тушунтириб берди. Ўтган йил ёзида Эдезио Ковид-19 ташхиси билан шифохонага ётқизилган экан. Узоқ вақт давомида унинг ҳаёти жиддий хавф остида тургани боис, шифокорлар соғайиб кетишига кафолат беришмаган, палатадаги бошқа беморларнинг кўпчилиги оламдан ўтишган экан. Лекин Эдезио ҳаёт-мамот жангида ғолиб чиққан, бу борада «Кампиненсе» футболчиларининг Ана орқали юборган мурожаатлари унга руҳий куч бағишлаган. Мактубда улар Эдезиога бу мавсум «С» серияга чиқишни ваъда қилишганди. Бунга кўпчилик мухлислар ишонмаган бўлишсада, жамоа ўз ваъдасини бажарган. Эдезио эса шифохонадан соғайиб уйига қайтгач, ўша куниёқ стадионга йўл олган ва юқори лигага талпинаётган суюкли жамоасининг ўйинларини ўз кўзлари билан кўришга ошиққан. Айнан шу сабабли Мауру ўз совринини Анага бериб, уни отасига топширишини илтимос қилган. Эдезио шу тариқа коронавирусга қарши кураш рамзига айланди. Шифокорларга у доимо ҳеч бўлмаганда бир марта стадионга бориш орзусини кўп гапирган экан.

Бразилиялик мухлислар эса ўйинчи ўзига берилган совринни ўша онда мухлисга совға қилганига футбол тарихида илк бора гувоҳ бўлишганини таъкидладилар. Бу ибратли воқеа ҳеч кимни - мухлислар, футболчилар, мураббийлар, журналистлар ва турнир ташкилотчиларини ҳам бефарқ қолдирмади. Бразилияда футболнинг муҳим аҳамиятга эга эканлиги яна бир бор тасдиқланди.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 16:00, 19.03.2022.
Ўқилди: 1883 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.