Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Бугун «эл-класико». Иккиси ҳам икки фронт жангчиси. «Класиколар»да ғалабадан мосуво "Барса" Бенземасиз "Реал"га қарши!

Баҳо:
+ | -

Турнирдаги позицияси

«Эл-класико»га «Реал» ички чемпионатда кетма-кет тўртта ғалаба билан етиб келмоқда. Жамоа айни дам «Севилья»дан ўн очкога илдамлаб кетган.

«Барселона» эса етти ўйиндан олтитасини ўз фойдасига ҳал этган ҳолда ажойиб серияни намойиш этмоқда ва бунинг эвазига тўртинчи ўринга кўтарилиб, иккинчи поғонадаги «Севилья» билан ўзаро фарқни беш очкогача қисқартирган (каталонияликлар ихтиёрида ҳали яна бир ўйин ҳам бор). Учинчи ўринни эгаллаб турган Мадриднинг «Атлетико»си «кўк-анорранглилар»дан уч очко кўп жамғарган бўлсада, «матрасчилар» асосий рақибидан икки ўйин кўпроқ ўтказганларини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.

Реал Мадрид

1. Карим Бензема ва Ферланд Менди «Барселона»га қарши баҳсни ўтказиб юборади.

«Реал Мадрид» ва «ПСЖ» ўртасидаги Чемпионлар лигаси 1/8 финалининг биринчи ўйинида Карим Бензема эндигина жароҳатидан фориғ бўлиб, ўзининг энг яхши формасига қайтаётган эди. Бироқ «қаймоқранглилар» ўшанда ўта кучсиз ўйин намойиш этиб, 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди.

Шунга қарамай мадридликлар кейинчалик кучли руҳият намойиш этиб, беш учрашувда бешта ғалабани қўлга киритишди, шулардан бири «ПСЖ»га қарши жавоб баҳси (3:1)ни ҳам ўз ичига олади. «Реал» ушбу учрашувларда нақ 14 та гол урди. Эътиборлиси, «Реал»нинг яқин мавсумлардаги ҳалоскори Карим Бензема 14 голдан 12 тасида бевосита иштирок этган. У 8 та гол уриб, 4 та голли узатмани амалга оширди ва жамоаси ғалабаларига муҳим ҳисса қўшмоқда. Айнан Карим «ПСЖ»га қарши ўйинда хет-трик қайд этди ва шу тариқа қарама-қаршилик тақдирини умуман тескари йўналишга ўзгартириб юборди.

Аммо «эл-класико» олдидан франциялик футболчи яна жароҳат олди. Карло Анчелотти «Реал Мадрид»нинг айни дамдаги энг яхши тўпурари «Барселона»га қарши ўйинни ўтказиб юборишини тасдиқлади. Мариано Диас ва Лука Йович сўнгги беш ўйинда майдонда бор-йўғи 6 дақиқа кўриниш берди ва улар ҳозирча яхши формада эмас.

«Реал Мадрид» Бенземадан ташқари бугун Ферланд Менди хизматларидан ҳам фойдалана олмайди, унда ҳам жароҳат мавжуд. Начо Фернандес қанотда ўйнаши тахмин қилинмоқда, у бу ерда Усмон Дембеле ва Дани Алвес билан тўқнаш келади. Албатта, бу каталонияликлар учун испан тўсиғидан ўтишни қийинлаштириши аниқ.

2 «Реал Мадрид»да «эл классико»га тайёргарлик кўриш учун кўпроқ вақт бор эди

«Реал» Чемпионлар лигаси доирасидаги ўз ўйинини 11 кун олдин ўтказди, шундан сўнг жамоа бор-йўғи биргина учрашувда майдонга тушди ва унда ҳам йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Шу тариқа, «қаймоқранглилар» олти кун давомида «эл-класико»га мақсадли ва анча пухта тайёргарлик кўриши кутилган эди. Ҳозир жамоада «Барселона»га қарши тўқнашувга ажойиб жисмоний формада етиб бориш имкони мавжуд.

Аммо «Барселона»нинг тақвими анча мураккаб. Каталонияликлар жорий ҳафта ҳисобидан анча оғир бўлган иккинчи ўйинга тайёргарлик кўрмоқда. Хабарингиз бор, 17 мартда жамоа Туркиядан жуда қийин сафар баҳсини ўтказиб қайтди. «Кўк-анорранглилар» «Галатасарой»ни мағлуб этишди (2:1). Кейинги босқичга ўтиш ўша учрашув натижасига боғлиқ бўлгани учун Хави ротациядан деярли фойдаланмади. «Барселона»га «эл-классико»гача тикланиб олиш учун бор-йўғи уч кун керак бўлди холос, бу эса «Реал» ўтказган вақтнинг ярмини ташкил этади.

Барселона

1. «Барселона» «эл класико»га энг кучли таркиб билан боради

2022 йилнинг бошида Хави таркибга асосий 11 нафар футболчини йиғиш жараёнида анча қийналди. У ҳатто «Барселона Б» футболчиларини ҳам синаб кўрди, чунки жамоада коронавирус ва жароҳатлар эпидемияси авж олган эди. Бироқ ҳозир вазият кескин ўзгарган – аксарият футболчилар ижобий тарзда ўзига келди.

Хавида нафақат таркибни рақибга мослаштириш, балки унинг сифатини йўқотмасдан ҳам учрашув давомида кучайтириб бориш имконияти мавжуд. Серхи Роберто, Ансу Фати, Самуэль Умтити, Алехандро Бальде ҳамон Каталония клуби лазаретида. Улар сафига бир кун аввал Сержиньо Дест ҳам қўшилган, бироқ фақат Фати бўлажак ўйинда асосий таркибдан жой олиши мумкин. Шунингдек, Пьер-Эмерик Обамеянг ҳам ажойиб формада, габонлик еттита ўйинда еттита гол урди, у аллақачон «Барселона»нинг жорий мавсумдаги иккинчи тўпурари ҳисобланади.

2. «Кўк-анорранглилар» уч ойдан бери Ла Лигада мағлуб бўлмаяпти

«Барселона»нинг Ла Лигадаги сўнгги мағлубияти 2021 йилнинг 4 декабрида содир бўлган, ўшанда каталонияликлар «Реал Бетис»га 0:1 ҳисобида имкониятни бой берган эди. Шундан бери жамоа лигада 12 та ўйин ўтказиб, саккиз ғалаба, тўрт дуранг қайд этди, 29 гол уриб, 12 гол ўтказиб юборилди. Февраль ва март ойлари айниқса муваффақиятли ўйинларга бой бўлди. Бу вақт ичида «кўк-анорранглилар» олтита ўйиндан бештасида ғалаба қозонишди, уларнинг тўрттасида тўрттадан гол уришга муваффақ бўлди.

3. «Барселона» кўп гол уради, лекин конвертация қилиш билан боғлиқ муаммолар ҳали ҳам мавжуд

Февраль-март ойларида «Барселона» ўнта ўйинда 27 та гол урди, бу албатта ажойиб натижа. Каталонияликлар урилган голлар сони бўйича аллақачон учинчи ўринга кўтарилиб олган (52), фақат «Реал» (59) ва «Атлетико Мадрид» (53) бу борада юқорироқ кўрсаткичга эга. Жамоа шунингдек, «Атлетико», «Валенсия», «Атлетик» ва А Сериянинг энг яхши ҳимоя чизиғига эга бўлган «Наполи» каби клублар дарвозасини тўрт марталаб ишғол қилди. Бу албатта, Хавининг имзосини кўрсатади.

Бироқ, ҳаммаси ҳам у қадар силлиқ эмас. «Барселона» ҳали ҳам вақти-вақти билан гол уришда жиддий муаммоларга дуч келяпти. Бунга ёрқин мисол сифатида «Эльче» (2:1) ва «Галатасарой» (0:0) билан ўйинларни келтириш мумкин. «Эльче» билан қарама-қаршиликда жамоа бутун 90 дақиқа давомида ҳужум қилиб, 4,09 xGни қайд этди, лекин фақат иккитагина гол урган холос. «Камп Ноу»да эса «Галатасарой»га қарши баҳсда «Барса» 1,61 xGда вазиятлар яратганига қарамай, бир марта ҳам рақиб дарвозасини ишғол эта олмаган.

Карло Анчелотти қўл остидаги «Реал» учун 4-3-3 схемаси ўзгармас калитга айланиб улгурди. Жамоа мавсум бошидан бери деярли ортиқча ўзгариш ва экспериментларсиз кетмоқда. Бугун эса Карим Бензема ўрнига Мариано Диас, Ферлан Менди ўрнига эса шу ва олдинги мавсумларда кўп бор чап қанот ҳимоясида ҳаракат қилган Начо Фернандес ўйнаши кутиляпти.

Ўз ўрнида «Барселона» ҳам сўнгги 3 ой давомида 4-3-3 схемасига кўникиб бўлди. Жерар Пике ўзида бироз ноқулайликларни бошдан кечиряпти ва «Галатасарой»га қарши ўйинда алмаштирилди, аммо шундан сўнг у тузалганини маълум қилди ва бугун майдонга тушишга тайёр. Бироқ ярим ҳимоя қандай кўринишда бўлиши катта сўроқ остида, лекин бу ерда бир ҳафта олдин «Осасуна» билан қарама-қаршиликда ҳаракатланган учликни кўришимиз мумкин - Гави-Бускетс-Педри.

«Реал Мадрид» «эл-класико»га анча яхши формада етиб келмоқда. Жамоа сўнгги беш ўйиннинг барчасида ғалаба қозонди ва бу жараёнда 14та гол урди. Ушбу натижаларда, албатта, 14 та голнинг 12 тасида (саккизта гол ва тўртта голли узатма) бевосита иштирок этган Карим Бенземанинг хизматлари катта. Аммо Карим жароҳат олган ва бугунги баҳсда қатнашмайди. Шунингдек, яна бир жароҳат олган Ферланд Менди учун ҳам «Барса»га қарши майдонга тушиш насиб этмайди. Бошқа томондан, «Реал Мадрид»да жисмоний тайёргарлик борасида бироз устунлик мавжуд, чунки улар олти кун дам олиш имкониятига эга бўлди, «Барселона» эса атиги уч кун.

«Барселона» Хави қўл остида мавсумнинг энг яхши қисмларини ўтказмоқда: каталонияликлар сўнгги 11 ўйинда барча мусобақалар доирасида мағлуб бўлмади, шулардан тўрттасида тўртта гол урди. Қолаверса, «Барселона» ўзининг энг кучли таркиби билан ўйнашга тайёр. Жароҳат олган футболчилар орасида Дест, Бальде, Фати, Роберто ва Умтити номлари бор.

Бу мавсум иккала «эл-класико» ҳам «Реал Мадрид» ғалабаси билан якунланди, аммо ҳозир «Барселона» ажойиб формада, «қаймоқранглилар»нинг эса энг яхши ўйинчиси сафдан чиққан. Шундай экан, бугун «Реал»га осон бўлмайди.

 

Юсуфбек Сайдалиев тайёрлади

Манба: stadion.uz
Киритилди: 12:34, 20.03.2022.
Ўқилди: 5327 марта.
Фикрлар: 22 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.