«Ливерпул»нинг собиқ футболчиси Робби Фаулер «Манчестер Юнайтед» раҳбарияти Диего Симеонега мурожаат қилмаслиги керак деб ҳисоблайди.
Аввалроқ «Атлетико Мадрид»нинг амалдаги бош мураббийи номзодини «Юнайтед»га ўтмишдаги таниқли футболчилар - Гари Невилл ва Рой Кин маъқуллаган эди.
«Невилнинг Симеонени «Юнайтед»га таклиф қилиш зарурлиги ҳақидаги гапини эшитиб, кулиб юбордим.
Ҳақиқатанми? Мен уни ёмон демаяпман, лекин унинг жамоасининг баъзи ножўя хатти-ҳаракатлари, ҳимоявий тактикаси шунчаки жирканч.
Бу «Манчестер Юнайтед»га тўғри келмайди. Маҳаллий мухлислар Симеоне натижа берган тақдирда ҳам бунга чидай олмайди», — деб ёзди собиқ ҳужумчи.
Эслатиб ўтамиз, Диего Симеоне ва унинг «Атлетико»си яқинда «Манчестер Юнайтед»ни Чемпионлар лигасидан чиқариб юборган эди.













