Ўйлашимча, "Барса" "Стемфорд Бриж"да ўйнаган тактикасида майдонга тушади. Жавоб ўйинидан олдин жамоа тактикасида ниманидир ўзгартиришга вақт ҳам йўқ. Ўша ўйинда "Барса"да имкониятлар бўлди. Бўлганда ҳам жуда кўп бўлди. Шундай экан, Пеп айтарли ўзгартиришлар қилмайди, деб ўйлайман.
Қанотда Тельо ёки Куэнка иккисидан бири майдонга тушиши мумкин. Чунки "Челси" ҳимоясини кўпроқ қанотдан ёриб кирадиган тезкор футболчиларнинг ҳаракатлари эвазига ёриб кириш, уларни жойини ўзгартиришга мжбур қилиш мумкин.
"Барселона", табиийки, тезкор гол уриб олиш учун илк дақиқаларданоқ ҳужумга отланади. Агар дастлабки 20 дақиқа ичида улар ўз мақсадларига ета олса, у ҳолда бироз хотиржамликка берилишса ҳам бўлади. Чунки икки чизиқли ҳимоя қўллайдиган "Челси" футболчилари ҳам майдон марказини кесиб ўтишга ва улар учун жуда қулай бўлган узун паслар орқали ўйнашга ҳаракат қилишади. Бу эса тезкор каталонияликларга қўл келиши мумкин.
Умуман олганда шу, куни ҳар иккала жамоа фойдасига хизмат қиладиган бир неча омиллар бор. "Челси" илк ўйиндаги минимал ғалабаси эвазига хотиржам тўп суради. Ўз ўйинларини намойиш этишга, тартибли ва бехато ҳимояланишга ушбу жамоанинг имкониятлари етарли. Қолаверса, ёзда жамоа таркиби тубдан ўзгариши кутилаётган лондонликларнинг ушбу таркиби учун ўзларини кўрсатишга сўнгги имконият. Жамоа аъзолари рақибларига қараганда ортиқча психологик юк сезмаяпти.
"Барселона"на эса катта психологик юкни, босимни енгиб ўтиши керак. Чемпионат бой берилди. Жамоа аъзолари учун эса бугунги ўйин энг сўнгги имкониятлардан бири. Жамоанинг биргина устунлиги эса бу — жамоавий ўйин. Дастлабки учрашувда "Барселона" барча жиҳатларда устунлик қилди. Бугун ҳам ўйин уларнинг устунлигида ўтишга шубҳа йўқ. Шунчаки, яратиладиган имкониятлардан максимал (минимал бўлса-да) фойдаланиш, керакли вазиятларда концентрацияни йўқотмаслик талаб этилади холос.