Бугунги кун “Барселона” тарихида муҳим сана сифатида қайд этиладиган бўлди. Клуб Пеп Гвардиолага ҳар қандай шартлар асосида шартномани узайтиришни таклиф қилди, аммо мураббий кетишга қарор қилганини айтди. Пеп чарчади, соғлиғи билан ҳам жиддий муаммоларга дуч келди, умумий қилиб айтганда, иш унинг энергиясини “еб тугатди”. У фақат “Барселона”дан кетмади, у вақтинча футбол билан шуғулланмасликка қарор қилди.
Журналистлар ва матбуот залининг илк қаторларида ўтирган Хави, Пуйол, Вальдес, Иньеста, Пике, Фабрегас, Педро ва Бускест каби футболчилар гуёки, таъзия маросимига келгандек эдилар. Наҳотки, Пеп “Барселона”си “вафот этди”? Ҳаммаси тугадими?
Йўқ, Сандро Росселнинг кейинчалик чиқиши мумкин бўлган турли гап-сўзларга чек қўйиш ниятида айтган кейинги қарори жамоанинг келажак йўналишига ойдинлик киритди. Пепнинг “Барселона”си яшайди. Бугунги жамоа ғоясининг давом этиши учун ташқаридан бегонанинг пайдо бўлиши мумкин эмасди. Ташқаридан бегонанинг пайдо бўлиши ҳамма маънода бу “Барселона”нинг сезиларли ўзгаришидан далолат қиларди. Кечадан бери бўлажак номзодлар сифатида эътироф этилган Виллаш- Боаш ва Марсело Бьелсага хурматни сақлаган ҳолда айтиш мумкинки, бугунги “Барселона” ғоясини ушлаб туриш, давом эттириш учун бегонанинг зарари тегиши шубҳасиз эди. Бу жуда муҳим саналади, жамоанинг бош мураббийидан тортиб, турли ёшлардаги барча мураббийларигача чин каталонияликлардан иборат. Айнан шу йўналишда Луис Энрике ва Тито Виланованинг номзоди устида тўхталинганди. Энрикенинг “Рома” билан амалдаги шартномаси бор, Виланова эса ҳар доим жамоани бошқаришга тайёр. Пеп Гвардиола Титони қаттиқ хурмат қилади, мураббийлик соҳасида ўзи билан тенг кўради, айнан бугунги жамоанинг қурилишида унинг хизматлари ўзиникидан кам эмаслигини яширмайди. Ҳар доим кубоклар топшириш маросимларида Виланова анъана бўйича бошқа ёрдамчилар билан бирга эмас, энг охирида, Пеп билан бирга йўл олади. Бу билан унинг жамоадаги ролини эътироф этишарди. У касал бўлиб, операция қилинганида, бутун жамоа навбатдаги ғалабани Титога бағишлашларини айтандилар. Хуллас, Виланова “Барселона” системасидаги муҳим ва хурматли шахс ҳисобланади. Катта эҳтимол билан, айнан Гвардиола номзод сифатида Тито Вилановани тавсия қилган.
Демак, Гвардиоланинг кетиши “Пеп-тим”нинг интиҳоси эмас, Пеп айнан бу жамоанинг яхши қўлларга топшираётганини билгани учун ҳам хотиржамлик билан дам олади. У хурсанд ҳолда кетди ва албатта қайтади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам у “Барселона” тарихидаги энг буюк мураббий бўлиб қолаверади. Бу бизнинг эмас, Сандро Росселнинг фикри.
Хўш, Тито Виланова ким?
Бир пайтлар Пеп Гвардиола бошчилик қиладиган “Барса Б” клуби юқорироқ дивизионга йўл олгач, мураббий мавсум охирида барча футболчиларга, ёрдамчи ва ходимларга миннатдорчилик изҳор қилди. Ёрдамчиси Тито Вилановани эса алоҳида эътироф қилди – “Раҳмат, Тито, сен менга жуда катта ёрдам бердинг. Ўзингда жуда кўп яхшироқ таклифлар бўлишига қарамасдан, тўртинчи лига бўлса ҳам менга ёрдамчи бўлишни танладинг. Бунинг учун сендан жуда миннатдорман.
Пеп нима ҳақида гапираётганини яхши биларди. Титога Сегундадан ҳам ҳатто яхши таклифлар бор эди. У эса тўртинчи лигага, ёрдамчи мураббийликка рози бўлганди. Икки дўстга учинчи лигада ишлаш насиб этмади. Хуан Лапорта Франк Райкаард билан хайрлашгач, айнан Пепга жамоани топширишини маълум қилди. Бу катта таваккалчилик бўлса-да...
Бу ҳақида ҳозир хотиржам гапириш мумкин, лекин ўша пайтда жуда кўп мухлислар, ҳатто клуб бошқарувидагилар ҳам бу ишни нотўғри деб билишганди. Ўшанда жамоа бошқарувига Жозе Моуриньонинг келиши кутилаётганди. Тўғри, Пеп Барселонада қаттиқ хурмат қилинади, аммо, унда мураббийлик тажрибасининг йўқлиги панд берадигандек эди. Албатта бундай пайтда Гвардиолага штабда унга ишонадиган, бу билан бирга унинг ўзи ҳам ишонадиган шериклар керак эди. Пепнинг хаёлига келган биринчи исм – Тито Виланова!
Икки дўст 1984 йилда, “Ла Масия” мактабида танишишган. Тито Пепдан икки ёш катта, лекин бу уларнинг осон тил топишишига ҳалақит қилмади. Ўсмир пайтлариданоқ Пеп ва Тито “Барселона” ҳақида орзулар билан ҳамнафас эдилар. Бир кун келиб, биргаликда, жамоа либосида “Камп Ноу”да муъжизалар кўрсатишларига ишонардилар. Аммо орзунинг фақат ярми руёбга чиқди. Фақат Пеп ўша “Дрим Тим” аъзоси бўлди, сардорлик боғичини илди, бир неча совринларни ютди. Титонинг тақдири эса бутунлай бошқача кечди.
“Барселона Б” таркибидаги мавсумдан сўнг Тито Виланова иккинчи дивизиондаги “Фигересе” клубида ўйнади. Бир йилдаёқ жамоа Ла Лигага чиқди. Жамоа бомбардири Альтемира эса, киритган аксарият голларига айнан Титонинг ақлли тўп узатишлари сабаб бўлганини айтишдан чарчамасди. Жамоа юқорида кўп қолмади, бир йилдаёқ, яна пастга шунғиди. Лекин Тито эмас. У “Сельта” билан шартнома имзолаганди.
Виланова билан бирга ўйнаган жуда кўп футболчилар уни “маркиз” деб эслайдилар. Унга бу лақабнинг қўйилишига биринчидан, унинг жуда ақлли экани, иккинчидан эса, ҳар доим нимадандир норози бўлиб юришидан экан. Тито ё тўп яхши дамланмаган, ё чим яхши ўстирилмаган деб жиғибийрон бўлаверар экан. “Тито – бу сеньор, ажойиб йигит, меҳнаткаш, футбол учун яралган” деб эслайди Маркес. “Эспаньол”ни бошқарган Хуанде Рамоснинг фикри – “У ўйинни жуда яхши ўқий оларди, кўриниб турардики, у ўз мақсадига қандай эришиш мумкинлигини жуда яхши биларди”.
“Сельта”даги уч мавсум ва яна бир қатор испан клубларидаги ўйинлардан сўнг, 32 ёшида Виланова футболчилик каръерасини тугатади. Ниҳоят, худди шуни кутиб тургандек, уни ўз клубида ҳам эслаб қолишди. Хўв ўша, биргаликда “Фигересе”да ўйнаган дўсти Алтемира уни “Ла Масия”нинг қайсидир болалар жамоасига мураббийликка таклиф қилди. Йўқ, “қандайдир” эмас, айнан мана шу жамоа “Ла Масия”нинг ҳақиқий фахрига айланди, Пике, Васкес, Фабрегас, кейинчалик Лео Месси айнан шу жамоадан етишиб чиқдилар.
Ўз ўзидан саволлар туғилаверади – нега Гвардиола жамоага келиши билан Пикени Англиядан қайтаришга киришганди? Нега у Мессига қаттиқ ишонди ва Роналдиньо ва Декудан осонгина воз кеча олди? Гап айнан Виланованинг муҳим позицияни эгаллаганида эмасмикин, тўғрими?
“Мен Мессини жуда кўп маротаба “чалғитувчи марказий ҳужумчи” сифатида синаб кўрганман ва унинг сўнгги икки йилда ўйнаётган позицияси Месси учун янгилик эмас. Чунки у болаликданоқ бунга кўникканди” – деди яқинда Тито Виланова Месси ҳақида.
“Улар жуда ўхшайдилар, Тито жуда меҳнатсевар ва ўз ишини яхши билади”, - деб Гвардиола ва Титони солиштиради Силвиньо, “У футбол билан яшайди, биз у билан дунёдаги ҳамманарса ҳақида мунозара қиламиз. Мисол учун, яқинда бурчак тўпларини қандай амалга ошириш ҳақида гаплашдик”, деб қўшимча қилади Хави. Пуйол эса, аллақачон уни шаклланган, ўз ишини биладиган, тайёр мураббийга айланганини таъкидлайди. Иньестанинг фикрича, Тито яхши бир китобга ўхшайди, доим бир нарсани ўргатади ва ҳеч қачон зериктирмайди. Бускест эса, унинг Пепга ўхшашлигини фақат Тито бироз хотиржамроқ характерга эга эканини айтади.
Виланова ёшлар билан ҳам беназир ишлай олади, футбол тактикаси ва стратегиясини жуда яхши ўзлаштирган. Рақиб жамоаларини ўрганишда Пеп тўла тўкис Титони масъул деб билган доим.
“Тито ҳеч қачон сени оғир кунда ташлаб қўймайди. Агар у сенга керак бўлса ва буни Титонинг ўзи билса, албатта ёнингда бўлади. Менимча, мана шунинг ўзи Пепнинг Титони ўзига ёрдамчи қилиб чақиришига кифоя қилган”, деб эслайди икковнинг умумий дўстларидан бири.
Муҳаммад Алининг бир гапи бор – “Дўстликни мактабда ўргатишмайди. Аммо агар дўстлик нима эканини тушунмас экансиз, демак ҳаётда ҳеч нарсани ўрганмабсиз” Муҳаммад Али ҳақдир, дўстликни мактабда ўргатишмайди, аммо шундай мактаблар борки, дўстликни жуда кўп бошқа фазилатлардан устун қўйишади.
sports.ru материали асосида Қ.Асланов тайёрлади