ЎзПФЛ-2012 6-тури доирасидан ўрин олган "Локомотив"-"Пахтакор" учрашув (1:1) тугаганидан сўнг уйиндан кейинги матбуот анжуманида жамоалар устозлари ўз фикрларини билдириб ўтишди.
Хорен ОГАНЕСЯН ("Локомотив" бош мураббийи):
— Биринчи бўлимда ўйинимиз ўхшамади. Ўз вақтида "Пахтакор"да ўйнаганман. Бу яхши жамоа. Бугун мураббий сифатида илк марта унга қарши жамоани олиб тушдим. Умуман олганда, натижадан қониқдим. Имкон қадар ғалаба қозониш учун ҳаракат қилдик. Лекин қаторасига учинчи бор дуранг қайд этдик. Майдон ҳолати ҳам бунга таъсир қилди. Кейинги ўйинни ниҳоят янги стадионимизда ўтказамиз. Ҳакамлар қайсидир вазиятларда кичик хато қилган бўлиши мумкин. Лекин қўпол хато қилишмади.
Деян ЖУРЖЕВИЧ ("Пахтакор" бош мураббийи):
— Бугун уч очкога лойиқ ўйин кўрсатдик. Лекин якунда дуранг натижа қайд этилди. Айниқса, биринчи бўлимда "Локомотив" биронта хавфли вазиятга эга бўлмади. Иккинчи бўлимни ҳам шундай бошладик. Аммо... Одатда мен ҳакамлар ҳақида гапирмайман. Лекин бу ҳакам фикримни ўзгартира олди. Иккинчи бўлимга улар бошқача чиқиб келишди. Қоидани мезбонлар буздилар, жаримани ҳам улар тепдилар. Лекин натижага мен жавобгарман. Бу жамоанинг келажаги катта.
— Яхши ўйнаётган жамоа кўп гол уриши керак эмасми? Кейин четлатишлар ҳам кўпайиб кетяпти, нима учун?
— Тўғри, биз кам гол уряпмиз. Баъзан икки-уч ойлаб гол урмаган ҳужумчилар кейинчалик 20-25та гол уришлари мумкин. Энг муҳими, жамоанинг ўйинида жозиба пайдо бўлганидир. Аввалгиларига ўхшаб зерикарли ўйин бўлмаяпти.
— "Пахтакор"нинг баъзи ўйинчилари имкониятларидан паст ҳаракат қилишди, шундайми?
— Одатда мен буни кийиниш хонасида айтаман. Бугун эса уларни табрикладим. Энг муҳими, бугун стадионга келганлар яхши ўйин гувоҳига айланишди.