Жозе Моуриньо «Бенфика» билан хайрлашди. Португалиялик мутахассис ижтимоий тармоқларда клуб мухлисларига мурожаат қилди. Аввалроқ мураббий 15 миллион евро товон пули эвазига Мадриднинг «Реал» клубига ўтаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
«Менга «Бенфика»да ишлаш имкониятини бергани учун президент Руй Коштага миннатдорлик билдираман. Ушбу клуб манфаатларини ҳимоя қилиш мен учун катта шараф ва имтиёз бўлди.
Шунингдек, юқори профессионаллик, ишга садоқат ва масъулият намунасини кўрсатган барча клуб ходимларига ҳам ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман.
Мен билан бирга ишлаган футболчиларга самимий ташаккур айтаман ва уларга шахсий ҳамда профессионал фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилайман. Мен ўзим билан бир лаҳзалик хотира эмас, балки мустаҳкам ришталарни олиб кетяпман. Бир пайтлар менинг футболчим бўлган инсон ҳар доим менинг футболчим бўлиб қолади», — деб ёзди Моуриньо ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.
Жозе Моуриньо 2025–2026 йиллар давомида «Бенфика»ни бошқарди. Португалиялик мутахассис бундан аввал ҳам, 2010–2013 йилларда, Мадриднинг «Реал» клубида бош мураббий сифатида фаолият юритган эди.













