“Педрининг ажратиб кўрсатадиган жиҳати йўқ у бутунлай катта истеъдод эгаси майдонда ҳамма нарсани бажаришга қодир футболчи. Унинг шундай ўйини бўлмаганда биз ёрқин ўйин кўрсатиб Еврода ярим финалгача етиб бора олмас эдик. Педрининг услуби шундай шаклланганки, у барча континентларда фойдали” – вундеркинд ҳақида Луис Энрике Евро 2020дан сўнг шундай деган эди.
Болалигида, Педрига профессионаллар орасида тўлиқ битта учрашувга чидай олмаслигини айтишган. Кейин у ҳеч қачон майдонда ўзини аямаслик ва ҳар доим охиригача энг яхшиларидан бири бўлишга сўз берганди. Ҳозирча Педри ўз ваъдасини бажармоқда - ўтган мавсумда у барча турнирларда 70га яқин ўйин ўтказди.
Педро Гонсалес Лопеc Канар оролларидаги Тегуеста шаҳрида (Тенерифе шаҳри чеккасида) "Барселона" собиқ футболчиси Педро Родригес туғилган жойнинг яқинида туғилган. Шаҳарда болалалар қаҳрамонимизни Педрито (кичкина Педро) дея атарди ва бу Педрининг отасига ёқмас эди. Чунки улар иккинчи Педрони эмас янги ёрқин футболчи Педрининг ота-онаси бўлишни истар эди. Шу сабабли, оиласи уни Педри деб аташди. Педри болаликдан "Барселона" мухлислари билан футбол томоша қилган. 80 йилларда унинг бобоси Фернандо Тегестада “Блаугранас”нинг биринчи фан-клубини ташкил қилган. 2000 йилларда Фернандо ушбу фан клубнинг президенти бўлган. Педрининг акаси ҳам "Барселона" мухлиси эди - у оилавий барда ошпаз бўлиб ишларди. Педрининг ўзи ҳам бўш вақтларида буфетчининг ёрдамчиси бўлиб ишлаган. Лекин Педрига футбол кўпроқ ёқарди. Ота-оналар ўғлининг ғайратини пайқашди ва уни маҳаллий академияга юборишди. Шу билан бирга, отаси Педрига оилавий қадриятларини сингдира бошлади. "Бир марта дадам Барса ўйинлари ёзилган кассета билан келган. Биз Кройффнинг ўйинини муҳокама қилдик. У менга Майкл Лаудруп ва Aндрес Иньестанинг ўйинини томоша қилиб завқ олган дамлари ҳақида гапириб берди”, - деганди “Лас-Пальмас”дан Каталонияга йўл олиш чоғида Педри.
Шундан сўнг Педри Иньестанинг ўйин услубига ошиқ бўлди. "Мен Иньестанинг бирорта ўйинини ўтказиб юбормаганман ", - деганди Педри. "Aндрес - менинг кумирим. Мен унинг майдонда ва ундан ташқаридаги хатти-ҳаракатларига қойил қоламан. У мени ўйини билан ўзига тортди. Мен ҳар доим Иньеста каби бўлишга ҳаракат қилганман".
2018 йилда Педри “Лас-Пальмас” скаутлари эътиборини тортди, улар уни бир қарашда иқтидорини пайқашган. Aкадемияга киргандан сўнг, Педри ўсишда давом этди ва асосий жамоага олишмаганча машғлотларни кучайтириб бораверди. "Мен ҳеч қачон бундай истеъдодни кўрмаганман. У футболчи бўлиб туғилган” – “Лас-Палмас” сардори Aйтами Aртильес ҳайратда шундай деганди. Кўп ўтмай, Педри учун чиндан ҳам юлдузлик даври келди. Унинг илк “совчи”си "Реал" эди - Мадриднинг скаутлари йигитчани Тенерифедаги ўйинда кузатишди. Aммо Педрининг ўзи бу таклифдан мамнун эмас эди ва ўйлаб кўрмасдан рад этди. У "Барселона" дан таклиф кутаётганди. Бироқ, ота-онаси уни Мадридга йўл олишига ва оилани пойтахтда ёрқин келажак кутаётганига ишонтира олишди. "Биз бундан воз кечишни хоҳламадик", деб тан олди Франсиско. “Улар бизга боламизнинг ёрқин истиқболи ҳақида айтишди. "Реал Мадрид" Педрига пул тикишга тайёр эди. Биз бундай имкониятдан воз кечолмадик.Бундай имконият яна келишига ишонмасдик. " Педри “Реал” таркибида оқ либосда бир нечта машғулотлар ўтказди. Аммо “Галактикос” Педридан кутилмаганда воз кечди. “Улар менга “Реал” даражасидаги футболчи эмаслигимни ва келажагим у қадар ёрқин бўлмаслигини айтишди", деганди Педри. Академия мураббийлари Педри жисмонан кучсиз ва унинг мйдонда максимал 30 дақиқа ўйнай олиши мумкинлигини ва чидамсиз эканлигини сабаб қилиб кўрсатишган. “Лекин мен улардан миннатдорман - улар мени "Реал" либосида майдонга тушишдан қутқарди ва менга севимли жамоам таклифини кутиш имкониятини берди. Кўкрагида “Реал” эмблемаси бор либос мен учун эмас эди”.
2019 йилнинг кузида "Барселона" ниҳоят футболчига эътибор қаратди ва шартнома таклиф қилди. “Лас–Пальмас” Каталония клуби таклифидан бир ҳафта олдин "Реал Мадрид" директори Бутрагено билан гаплашган ва жуда қулай таклиф олганди. Бутрагено Педрининг трансферини шахсан ўзи хоҳлаётганди - лекин кейин клуб мураббийи Пепе Мель вазиятга аралашди. У Эмилиога Педрининг "Барселона"га бўлган муҳаббати ҳақида айтган. Бундан хурсанд бўлган Педри, Мадриднинг такрорий таклифига қараб чиққани ҳам йўқ. У иккиланмай “Кўк-анорранглилар”ни танлади.
Каталонияга келганидан сўнг, Педри ижарага кетиши кераклигини жамоадан талаб қилган. "Мен учун ривожланишда давом этиш муҳим эди. Менинг севимли жамоамга ҳали менга керак эмас эди ва мен бошқа жойда тажриба орттирмоқчи эдим. Мен “Барселона”га иложи борича юқорироқ даражада келмоқчи эдим. Мени Германия билан бўлган вариантлар ўзига жалб қилди”, - деди футболчи Goal нашрига берган интервьюсида. "Бавария" ҳам Педрига қизиқа бошлади, аммо "Барселона"музокараларни тўхтатди. Клуб футболчига умид қиларди ва Куман биринчи машғулотдан сўнг Педрининг мухлисига айланганди. "Барселона"да Педри тезда ўзи ўйинини топди. Куманнинг ишончи ва Месси билан ажойиб муносабатлари футболчига ёрдам берди."У менда бошқаларга қараганда яхшироқ таъссурот қолдирди", деди Куман. - У меҳнат қилмоқда ва Педри жамоамдаги энг яхшилар қаторида. Педри ақлли йигит. У бизга майдонга тўғри мослашиш қобилияти орқали кўп нарсани бериши мумкин. " Педрини доимо Иньеста билан солиштиришади. Aндрес унга қойил қолади, лекин ҳеч кимни ҳеч ким билан солиштирмасликни кўп бор таъкидлаган. Яқинда Иньестанинг ўзи Педрини ўзига хос футболчи деб атади. Бу сўзлар ёш ўйинчи учун авансга ўхшайди, лекин Aндрес тушунтирди: "Мен унинг имкониятларини биламан, лекин биринчи навбатда, барча оммавий ахборот воситалари Педринитинч қўйиши керак. У ажойиб футболчи бўлиши мумкин. Педри эндигина футболдан завқланмоқда. 18 ёшида бундай етук даражада футбол ўйнаш жуда қийин. Мен унинг майдонда порлашига қойил қоламан. Ҳаммаси унинг карьерасида эндигина бошланади”.
Миржалол Пардабоев мақоласи.