Туркия Суперлигасининг 2-турида "Трабзонспор" ўз майдонида "Истанбул Башакшеҳир"ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди.
Баҳс шиддатли бошланди. 8-дақиқада Муҳаммад Салоҳ мезбонларни олдинга олиб чиқди. Аммо "Башакшеҳир" тез орада жавоб қайтарди. 19-дақиқада белгиланган пенальтини Эльдор Шомуродов аниқ амалга ошириб, ҳисобни тенглаштирди.
Танаффусдан кейин ҳам "Трабзонспор" фаолроқ ҳаракат қилди. 48-дақиқада Эрнест Мучи узатмасидан кейин Салоҳ иккинчи бор рақиб дарвозасини ишғол этди. Қолган вақтда меҳмонлар ҳисобни тенглаштиришга уринди, бироқ мезбонлар устунликни сақлаб қолди.
Учрашувнинг асосий қаҳрамони Муҳаммад Салоҳ бўлди. Туркия чемпионатида илк бор асосий таркибда майдонга тушган мисрлик ҳужумчи дубль қайд этиб, "Трабзонспор"га мавсумдаги биринчи ғалабани келтирди. Бу Салоҳнинг Суперлигадаги дастлабки голлари бўлди.
Ўзбекистон миллий жамоаси футболчилари Эльдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев "Башакшеҳир"нинг бошланғич таркибидан жой олди. Шомуродов пенальтидан гол урган бўлса, Файзуллаев 58-дақиқада Дэви Зелькега ўрнини бўшатиб берди.
Мазкур натижадан кейин "Трабзонспор" очколари сонини 4 тага етказди. "Башакшеҳир" эса 3 очкода қолди.













