Айни пайт «Кастилья»ни шуғуллантираётган «Реал» афсоналаридан бири - Рауль Гонсалес италиялик Карло Анчелотти бошқарувидаги жамоанинг жорий мавсумдаги энг гўзал лаҳзасини кутиб олишга шай. Аниқроқ айтсак, собиқ ҳужумчи мадридликлар ЧЛ чорак финалида турнирнинг амалдаги ғолиби - «Челси» тўсиғидан ўтишларига тўлиқ ишонмоқда. У Marca нашрига берган интервьюсида бу борада қатъий ишонч билан гапирди. Рауль шунинг баробарида Хавининг «Барселона»да амалга ошираётган ишлари таҳсинга лойиқлигини ҳам алоҳида эътироф этди.
- Рауль, Европа Чемпионлар Лигаси чорак финалида «Челси»га қарши кечадиган ўйинлардан нималар кутяпсиз?
- Албатта, «Реал» ғалабасини. Ўйлайманки, жамоа ҳозир «Челси» тўсиғидан ўтиш салоҳиятига эга. «Мадрид» Ла Лига турнир жадвалида ишонч билан пешқадамлик қилмоқда, Чемпионлар Лигаси чорак финалига эса кучли рақибни енгиш асносида чиқди. Шубҳа йўқ, жамоа мутлақо тайёр, мавсумнинг энг гўзал лаҳзаси яқинлашмоқда. Ҳозир ҳаммаси ҳал бўладиган палла ва бундан шунчаки, завқланиш керак.
- «Реал» тизимидаги асосий жамоада ишлаш истиқболига қандай қараяпсиз?
- Табиатан бугунги кун билан яшашга мойилман. Шунинг баробарида аста-секин юқорига кўтарилишни истайман, албатта. Зеро, мураббийлик соҳасига кирдимми, ўзимни кўрсатишим шарт. Ҳа, «Реал» одамиман, ҳозир жамоага муносиб тарзда тайёрланиш ҳаракатиман. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Ҳозирги ишимдан завқланяпман, яна ўрганишдан ҳам. Қачон клубга керак бўлсам, унинг ихтиёридаман.
- Хавининг «Барселона»даги ишини кузатяпсизми?
- Ўзи Хави футболчилик пайтидаёқ мураббий эди. У ҳар доим зиммасидаги вазифани аъло даражада бажаришга одатланган. Ўйлайманки, Хавининг бугуни ҳам, келажаги ҳам нурли. Вақт ҳаммасини ўз ўрнига қўяди. Кўриниб турибдики, Хавида иштиёқ катта, бу мураббийлик ишида жуда муҳим. Қолаверса, у «Барса»ни жуда яхши билади. Шундай экан, ҳозирги ишида анча узоққа боришини тахмин қилиш қийин эмас. Ҳар ҳолда, шахсан мен унинг муваффақият қозонишига ишонаман.
- «Кастилья»нинг «Линенс»га қарши ўйинида Мигель Гутьеррес урган тоза гол ҳисобга олинмади. Бунга муносабатингиз...
- Тўғриси, ҳакамлар иши ҳақида гапирмасликни маъқул кўраман. Шунчаки, бундай ҳолатларга мослашиб, ишлашда давом этишимиз керак. Фалсафам оддий: ёш йигитларга чинакам профессионал бўлиб етишиш ва орзу сари дадил қадам босишда ёрдам бериш.
- Ҳозирда Йохан Кройфф номидаги жамғарма билан ҳамкорликда ўзингиз улғайган районда спорт кенглиги яратиш лойиҳаси устида ҳам ишлаяпсиз. Шу ҳақда ҳам маълумот бера оласизми?
- Ёрдам бериш қўлимдан келиши ва жонажон маконимга оталиқ қилишдан бағоят хурсандман, албатта. Ҳозир у ерда ўзгаришлар катта. Олдин очиқ ҳудуд эди, энди кўплаб лойиҳалар бор. Умид қиламанки, биз қураётган спорт маркази ҳам болаларга орзуларни рўёбга чиқаришларида қўл келади.