Бугун 30га кирган Садио Мане Сенегалнинг Седиу шаҳарчасида 1992 йили масжид имоми оиласида туғилган. Бамбали қишлоғида кичик бир уйчада тўққиз киши билан яшаган. Ота-онаси, ака-укалари, опалари билан бирга. Оила камбағал эди. Шунинг учун ота болаларининг ўқишига қаттиқ эътибор қаратар, ўқиб олим бўлишларини истарди.
Қаҳрамонимизнинг нигоҳи футболга тортар, уйдагилар бу ишига қарши эдилар.
Спорт билан унинг тенгдошлари 2002 йили жиддий шуғулланишни бошлашди. Сенегал мундиалда фурор кўтарган мавсум. Чорак финалгача йўл, эсингиздадир?!
Мактабни битирар экан, Садио отасини футбол ўйнашга кўндирди. Қизиғи, уни Дакарга бутун қишлоқ пул йиғиб жўнатган. Ҳалигача Мане қишлоғини ҳар жабҳада таъминлаб келади.
Пойтахтда "Женерасьон Фут" клуби академиясида назоратдан ўтган. Тузукроқ оёқ кийими йўқ, либоси ҳаминқадар, йиртилган бутсаси ва иштони билан ўзини кўрсатишни бошлаган Садио дарҳол барчанинг эътиборига тушди. Қабул қилинди.
Мане бегона бир оилага қўшилди. 2011 йили Франциянинг "Мец" клуби скаутларининг назарига тушгунига қадар кўп меҳнат қилди. Улар Африкада ёш талантларни таъминлашар, камбағал оилалар болаларига кўмак беришар, шу аснода иқтидорларни кашф этишарди. Айтишларича, Мане улар кўрган энг қобилиятли ва... энг камбағал ўспирин эди. Ваҳоланки, 17 ёшга кирган Садио бу пайтда жамоа тўпурари эди.
Кейинги ҳаёти бошқа юлдузларникига ўхшаш. Меҳнатлари эвазига каттароқ клубларга таклиф ва АПЛга ташрифи. "Саутгемптон" сафида у ажойиб мавсумларни ўтказган. "Ливерпуль" билан ўзаро ўйинларда тўртта гол ургани эътиборга молик. Клопп Садиони "Редд Булл" даги ўйинларидан кузатиб юрганини тан олган. "Ливерпуль" ўзи сенегалликларни хуш кўради. Мане Хаджи Диуф ва Салиф Диаодан кейинги сенегаллик.
"Саутгемптон" дан бу клубга ўтган бешинчи ўйинчи – Рики Ламберт, Деян Ловрен, Адам Лаллана ва Натаниэль Клайндан кейинги трансфер. Тан олинг, энг зўри ҳам у.
2019 йили Африканинг энг зўр ўйинчиси бўлди. Баъзи кўзга кўринган мутахассисларнинг наздида 2019 йилги ўйини билан "Олтин тўп" совриндони билан ёнма-ён туриши керак эди. Мессининг таърифи ҳам шундай бўлган.
Бугун ундан бахтли африкалик юлдуз бўлмаса керак: термасида Африка чемпиони бўлди, мундиал иштирокчисига айланди ва клублар ўртасидаги энг асосий ўйинда майдонга тушади. Қишлоқ аҳлининг тўплаб берган пулларини оқлади йигит...