“Ал-Жазира” - “Насаф” учрашувидан олдинги матбуот анжуманида дастлаб "Насаф" устози Рўзиқул Бердиев ва етакчи ярим ҳимоячи Фозил Мусаев иштирок этишди.
-Бизда гуруҳдан чиқиш учун деярли имконият қолмаган. Аммо шунга қарамай эртанги ўйинга муносиб ҳозирлик кўрдик. Рақибимиз анчайин жиддий. Биз уларнинг ўйин услубини яхши биламиз. Шу боис шогирдларим ғалаба учун майдонга чиқишади. Бизнинг квартетда анчайин кучли жамоалар йиғилган. Гуруҳдошларимиздан бири ОЧЛ финалигача борса, ажабланмайман.
-Таркибида йўқотишлар йўқми?
-Тажрибали ҳимоячи Мақсуд Каримов ва ярим ҳимоячимиз Эркин Бойдуллаев жароҳатлари боис биз билан Абу Дабига келишмади. Шу боис эртанги ўйинда улар иштирок этишмайди. Қолган барча футболчилар беллашувга шай.
-Жамоа дастлабки икки учрашувда бир очко тўплаган бўлсада, ёмон ўйин кўрсатмади. Аммо охирги икки учрашув (“Ар-Райан”га қарши) кетма-кет мағлуб бўлдинглар...
-Яна қайтараман: гуруҳимиздаги уч жамоа ҳам жуда кучли таркибга эга. Улар сафида Европада етакчи клубларда тўп сурган тажрибали футболчилар бор. Шунга қарамай биз уларга муносиб қаршилик кўрсата олдик. Фақатгина рақибларимиз яратилган имкониятлардан максимал фойдалана олишди ва керакли натижага эришишди.
-“Ал-Жазира”нинг кучли ва кучсиз томонлари ҳақида нима дея оласиз?
-“Ал-Жазира” жамоа сифатида кучли. Оливейра, Делгадо анча яхши тажрибали футболчилар. Қолаверса ҳимоячилари ҳам стандартларда иштирок этишади ва керак пайти голлар ҳам ура олишади. Умуман ҳар бир чизиқда яхши футболчилар жамланган.
Фозил Мусаев:- Ўйин қизиқарли бўлади. Рақибимиз жуда яхши жамоа. Ўйлайманки, эртанги ўйинда биз ҳам натижа учун курашамиз ва кимнинг имконияти қай даражада эканлиги майдонда маълум бўлади. Ўйин ҳар иккала жамоа учун оғир. Уч очко учун майдонга чиқамиз. Мақсадимиз мухлисларни хурсанд этиш. “Ал-Жазира” нафақтат Амирликдаги, балки қитъамизда кучли жамоалардан бири ҳисобланади. Шунга қарамай биз ҳам уларга қарши муносиб кураш олиб бориб, ғалаба учун ҳаракат қиламиз.