Хабарингиз бор, кеча Чемпионлар Лигаси чорак финал доирасида «Ливерпуль» ўз майдонида «Бенфика» билан дуранг натижа қайд этди ва умумий ҳисобга кўра ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
Мазкур баҳсда асосий таркиб футболчилари ҳисобланган Салаҳ, Мане, Жота, ван Дейк сингари юлдузлар ўйинни захирада ўтирган ҳолда бошлашди. Кечаги баҳсда Юрген Клопп тежамкор услубда футбол кўрсатишни маъқул кўрганини айтишимиз мумкин. Жамоа биринчи баҳсда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонганидан кейин хотиржам тарзда жавоб ўйинини ўтказди. Бу сал қолса қимматга тушиб қолиши мумкин эди. Чунки, португалияликлар вакили Дарвин Нуньес 3-4 гол уришга муваффақ бўлди. Лекин, шулардан биттаси ҳисобга олинди.
Мерсисайдликлар «Энфильд»да ҳам ҳисобни 3:1 кўринишига келтиришганидан кейин жуда ҳам хотиржам ўйнашди. Натижада, ҳисоб тенглашди ва сўнгги дақиқалар «қизиллар» ишқибозлари учун хавотирли ўтгани ҳақиқат. Нуньес бир неча бор хавф солди. Алиссон жамоаси жонига оро кирди деб бемалол айтишимиз мумкин.
Клопп ярим финалда ҳам нисбатан кучсиз бўлган «Вильярреал»га қарши баҳс олиб боради. Чорак финалга йўл олган 8 жамоа ичида «Бенфика» ва «Вильярреал» даража жиҳатидан бошқа клубларга қараганда аутсайдер сифатида эътироф этилганди. Мана шу икки клуб «Ливерпуль» қаршисидан чиқмоқда. Бу эса Клоппга нисбатан камроқ талофатга учраб финалга чиқиш имкониятини бериши мумкин. Унай Эмери жамоасига ҳурмат сақлаган ҳолда айтиш керакки, «Бавария» ва «Ювентус» тўсиғидан ўтган клуб «Ливерпуль»га ҳам қийинчилик яратади, лекин финалга мос ўйин кўрсатиши учун катта меҳнат қилишига тўғри келади.
Нариги жуфтликда «Реал» ва "Манчестер Сити" жамоалари финал йўлланмаси учун беллашишади. Клопп шогирдлари эса «Вильярреал»дан бир бош устун ҳисобланади. Футболда сенсациялар ҳам бўлиб туради. Аммо, тан олиш керак «Ливерпуль» ва «Вилярреал» жамоалари ўртасидаги баҳсда фаворитни айта оламиз.
Мерсисайд клуби жорий мавсумда "B" гуруҳида ғолиб чиқди ва нимчорак финал ўйинида умумий ҳисобда «Интер»ни мағлуб этди. Шу мавсумда Муҳаммад Салаҳ 8 гол урган ҳолда ЕЧЛда жамоаси тўпурари бўлиб турибди. УЕФА рейтингида 3-ўринда қайд этилган «Ливерпуль» мусобақа тарихида олти марта зафар қучган ва бу сафар ҳам чемпионликни қўлга киритиш учун ҳаракат қилиб кўради.
Клопп 2015 йил клубга бош мураббий бўлганидан бери «Ливерпуль» 4-3-3 тактикасида муваффақиятли ўйин кўрсатмоқда. Юқори шиддатли босим қилиш ҳам охирги мавсумларда анча яхшиланганини кўришимиз мумкин.