"Динамо" ва "Шўртан" (1:0) жамоалари ўртасидаги учрашув ниҳоясига етгач, иккала жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Иккинчи бўлиб матбуот анжуманида қатнашган меҳмонлар устози Криушенко дастлаб ўйин ҳақида фикрларини билдириб ўтди.
— Ўйин жуда яхши булди. Шогирдларимга эътирозим йўқ. Иккинчи бўлим бошида тезкор гол ўтказиб юбордик. Биринчи булимда катта ташаббусга эга бўлдик. Бизда бир неча маротаба гол киритиш имконияти бўлди. Бироқ бундан фойдалан олмадик. Иккинчи бўлимда майдон эгалари катта куч билан олдинга ташланишди. Шундай вазиятда ҳам футболчиларимиз чидаб беришди. Ҳатто ўн киши бўлиб қолганимизда ҳам голли вазиятлар ярата олдик.
— Агбонинг қизил карточкасига изоҳ бера оласизми?
— Мен вазиятдан жуда узокда эдим. Менимча кичик фол бор эди. Ўйлашимча, бунақа фолларга сариқ карточка бермаслик керак эди.
— Бугун дуранг уйнаш учун нима етишмади жамоангизга?
— Менимча, омад етишмади. Иккинчидан ижрочилик маҳорати етишмади. "Динамо"ни ўйиндан олдин ҳам ўйинларини кўрганман. Етарли даражада тартибли ўйин курсатади. Олдинда икки моҳир ҳужумчиси бор. Ўшаларга қараб тактика қурилади.
— Жамоангиз тактикаси ҳақида гапириб ўтсангиз. Иккинчи савол: хориж мутахассиси сифатида миллий чемпионатимизга кандай баҳо берасиз?
— Уй ўйинларига бошқа тактика, сафар ўйинларига бошқа тактика танлаяпмиз. Миллий чемпионат ҳақида гапирсам: етарли даражада савияли турнир эканлигига амин булдим. Номдор жамоалар ҳам очко йуқотишмоқда. Бу эса тенг кучли жамоалар катнашаётганидан дарак беради.
— Мамазулуновни нега иккинчи булимда майдонга туширяпсиз?
— Барча футболчиларга ҳам имконият беришим керак. Бизда ким тайёр бўлса ўшалардан бошланғич таркиб тузиб чиқилади.
— Жамоанинг вазифалари ўзгаргани йўқми?
— Йўқ, Осиё кубокларида қатнашиш имконини берувчи ўринлар учун курашда давом этамиз.
— Самарқанддаги шароит, майдонни ҳолати сизни қониқтирдими?
— Жуда яхши стадион экан. Айниқса майдоннинг ҳолати жуда ёқди.