Озарбойжон терма жамоасига қарши учрашувдан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашаркан, Ўзбекистон футзал терма жамоаси бош мураббийи Хосе Мариа Мендес бу ўйинни тезроқ унутиш кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда.
5 май куни бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Озарбойжон футзал терма жамоалари ўртасидаги учрашувдан сўнг матбуот анжумани ташкли этилди. Унда озарбойжонликлар устози Илгар Асланов мезбонлар ҳақида илиқ фикрлар билдирди.
«Ўзбекистон футзал термаси – яхши жамоа. Унинг ҳаракатлари жуда ҳам тез. Бироқ уларнинг ўйини бугун бироз яхши чиқмади. Рақибимиз ҳимояда бир қатор хатоларга йўл қўйди. Бундан фойдаланиб, биз бундан-да кўпроқ гол уришимиз мумкин эди», - деди озарбойжонлик мутахассис.
«Ўзбекистон футзал терма жамоасига бўлажак Осиё чемпионатида омад тилайман», - дея қўшимча қилди Илгар Асланов.
Ўзбекистон футзал терма жамоаси Хосе Мариа Мендеснинг сўзларига кўра, терма жамоа ҳали бунчалик ёмон ўйин кўрсатмаган эди.
«Бугун жамоа менинг мураббийлигимдаги энг ёмон ўйинни кўрсатди. Шогирдларимдан бундай ўйинни кутмагандим», - деди испаниялик мутахассис.
«Бизни олдинда эртанги ўйин, бундан ташқари, Испаниядаги йиғин кутиб турибди. Бугун ёмон ўйнасак ҳам, Осиё чемпионатида яхши ўйин кўрсатганимиз яхши. Бугунги мағлубиятни унутиб, бўлажак баҳсларга яхшироқ тайёргарлик кўришимиз керак», - дея қўшимча қилди Хосе Мариа Мендес.