Кириш Регистрация
19/12 01:30 Вильярреал 1-1 Райо Вальекано
19/12 01:30 Эспаньол 1-1 Валенсия

Буффон, нима қилиб қўйдинг?! (видео)

Баҳо:
+ | -

Италиялик буюк дарвозабон Жанлуижи Буффоннинг футболдаги вақти тугадими? У яқинда жамоасига даҳшатли тарзда панд берди.

Мухлислар эса афсонавий Жижидан тезроқ нафақага чиқишини сўрашмоқда. Хўш, ўзи нима бўлди, қандай ҳодисот кузатилди? Аввало, қисқа маълумот: Буффон ҳамон катта футбол ичида! Афсонавий дарвозабон ўтган ёзда «Ювентус» билан хайр­лашиб, «В» серияга йўл олди. Сермазмун фаолиятига ўзининг илк жамоаси - «Парма»да нуқта қўйиш учун. Алоҳида айтиш керак, фахрий кипер жорий мавсум мунтазам равишда майдонга тушмоқда, лекин яқинда унда нимадир ўхшамади...

«Парма» Италия чемпионати «В» серияси 36-турида «Перуджа» меҳмони бўлди. Бу ўйин Буффон ва унинг жамоа­си учун чинакам қулаш лаҳзаларига айланди. Пармаликлар 5-дақиқадаёқ пенальтидан тезкор гол қўйиб юборишди. Кейин Жижи қаттиқ уялтирди: тажрибали кипер орқага йўлланган тўпни бепарволик билан ҳимоячи томон узатишга уринди, аммо... Қисқаси, Буффон тепган тўп ёлғиз турган рақиб ҳужумчиси оёғига бориб тушди ва у бўш қолган дарвозани осонгина нишонга олди. Оҳ, бу қанақа хато Жижи?

«Парма» футболчилари иккинчи 45 дақиқаликда анча тетиклашишди, бироқ 1та жавоб голи уришдан бошқасига улгуришмади. Тамом. Кейинги мавсумда «Парма» ва Буффонни «А» серияда кутаётган бўлсангиз, буни унутинг. Зеро, вақтида еврокубокларда ҳам зафарли одимлаган жамоа «Перуджа» билан ўйиндан кейин турнир жадвалининг 13-поғонасига тушиб қолди. Дарвоқе, Жижига фаолиятидаги энг «қора» голлардан бирини «тортиқ» этган «Перуджа»да юқорига кўтарилиш имконияти йўқ эмас. «Парма» бош мураббийи Жузеппе Якини матбуот анжуманида ўйин юзасидан кўп гапирди, аммо Буффонни танқид қилгани йўқ. Клуб сайтида берилган учрашув шарҳида ҳам фахрий кипер хатоси ҳақида лоа­қал бир ибора йўқ. 

Нима, Буффон учун катта футболдан кетиш вақти келдими? Унинг январь ойида 44 ёшга тўлганини ҳисобга олсак, бу мантиқий савол. Афсонанинг қўпол хатоси ҳақидаги хабарлар остига мухлислар томонидан ёзилган изоҳларда ҳам шу мазмундаги маслаҳат-тавсиялар етарли. Аммо Жижининг ўзи қўлқопларини ҳали михга илмоқчи эмас. Ҳар ҳолда, у январда шартномаси муддатини 2024 йилгача узайтирди. Шундай экан, агар қандайдир кутилмаган воқелик юзага келмаса, буюк Буффон 46 ёшигача ўйнайди.

Манба: iff.uz

Киритилди: 13:00, 13.05.2022.
Ўқилди: 8699 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.