«Ливерпуль» раҳбарияти ўтган ҳафта жамоа бош мураббийи Юрген Клопп билан ўртадаги шартнома муддати узайтирилганини эълон қилди.
«Ливерпуль» раҳбарияти ўтган ҳафта жамоа бош мураббийи Юрген Клопп билан ўртадаги шартнома муддати узайтирилганини эълон қилди. Янги битимга мувофиқ, германиялик мутахассис «қизиллар»ни 2026 йилгача бошқаради. «Ливерпул»ни яқинда ЧЛ финалига етаклаган Клопп шартномага имзо чекиш тадбиридан кейин клуб расмий сайтига махсус интервью берди.
- Юрген, бугун сиз ва клуб учун ажойиб кун. Нималарни ҳис қиляпсиз?
- Ҳа, ажойиб. Нимадандир бунчалик ҳайратда қолишимни хаёлимга ҳам келтирган эмасдим. Хуллас, ўзимни қушдек енгил ҳис қиляпман. Кеча ўйин бор эди, аслида ҳар қандай учрашувдан кейин ухлаш қийин. Аммо бугун эрталаб соат 6:30га қадар роса мизғидим. Чунончи, охирги 7 йил давомида амалга оширган ишларимни жуда қадрлайман. Бунчалик яхши жой топиш ва клуб учун шу қадар фойдали шахсга айланишни ҳеч ўйламагандим. Оддий айтганда, шартномани янгилаш мен учун жўн иш бўлди, чунки бу борада шубҳалардан мутлақо холи эдим.
- «Ливерпул»нинг нимаси кўпроқ ёқади?
- Аслида ҳаммаси турмуш ўртоғим Улла туфайли бошланди. Ошхонада ўтирганимизда, у 2024 йили бу ердан қандай кетишимизни тасаввур қилолмаётгани ҳақида гапирди. Йиллар давомида кўплаб одамлар бизни шу жой билан боғлашди, уларнинг ҳаммаларини ҳам билмайман. Муҳими, клубни яхши кўраман, лекин бунда Улланинг ҳиссаси ҳам катта. Турмуш ўртоғим гапидан кейин анча ўйладим, лекин Пеп Лейндерс фикрини ҳам билишим керак эди. Ахир у штабимизнинг ҳақиқий мотори ҳисобланади. Хуллас, Пеп рози бўлгач, шартнома муддатини узайтириш бўйича жиддий музокара олиб бориш мумкинлигини англадим.
- Яна бир ёрдамчингиз Питер Кравец фикрини ҳам инобатга олгандирсиз...
- Албатта. Биз учаётган жуфтликмиз-ку. Питернинг қолиш тарафдори эканлигини билардим. Чунки оиласи шу ерда, фарзандлари маҳаллий мактабда ўқишади. Витор Матош ҳам штабимизда қолади. Умуман, бизда ҳақиқий жамоа шаклланган - инсоний ва касбий фазилатлар комбинацияси. Асосийси, «Энфилд»да ишлаш ёқимли, ҳар куни бир-биримизни қувватлантирамиз, шунинг учун ҳамиша энергияга тўламиз. Ҳаётда футболдан муҳимроқ нарсалар борлиги аниқ. Лекин агар фақат футболни олсак, Ливерпуль - энг яхши жой. Ўзаро кенгашиб, хулоса чиқардик, ҳаммаси энди бошланади! Шундай экан, ишимиз интиҳода эмас, балки ибтидода.
- Киркби базасига кўчиб ўтиш ҳақида нима дейсиз?
- Мелвуддан Киркбига йўл олганимизга 1,5 йил бўлди. Албатта, бошида хавотир йўқ эмасди. Ҳаётдан шундайки, кўчиш жараёнида олдинги манзил руҳиятининг бир бўлагини йўқотасиз. Тўғри, янги уйга кирганингизда, ҳаммаси ажойиб туюлади, лекин аслида қандайдир бўшлиқ ва бироз ишончсизлик сезилади бошида. Киркбида эса бундай салбий кайфият сезилгани йўқ, чунки бутун жамоа тўлиқ келди - барча ходимлар ўз ишларида қолишди. Муҳит ажойиб, ҳар бир бўлим вакиллари ўзларини «Ливерпул»дек катта оиланинг ажралмас қисмидек ҳис этишади. Шахсан мен нафақат ҳозир, балки келажакда ҳам шу оила вакили бўлиб қолишни хоҳлайман, шунинг учун янги келишувга имзо чекдим. Ишимиз ҳам шундай: фақат бугунги кунни эмас, келажакни ўйлаймиз. Хусусан, келгуси 4 йилда кўп ишлар кутиб турибди.
- Октябрь ойида клуб бошқарувини қўлга олганингизга 7 йил тўлади. Ортда қолган даврга қандай баҳо берасиз?
- Тиғиз тақвим туфайли ўйинлар ва уларга тайёргарлик кўришдан бошқасини ўйлашга вақт кам. Бу салгина оғриқли, лекин унчалик эмас. Чунки ҳаммаси тугагач, орқага қараш ва ҳаммасини тўлиқ англаш имконияти юзага келади. Ҳар ҳолда, ўтмишдан эслашга арзийдиган воқеалар етарли. Яширмайман, ишимиз шунчалик яхши чиқишини кутмагандим. Иккинчи томондан, агар воқеалар бошқачароқ тус олганида, бу ерда қолиб кетмасдик! Қанчалик кучли мураббий бўлмайин, агар ғалаба қозонолмасак, ҳаммаси бекор... Яъни натижа чиқмаса, клуб билан дўст бўлиб қолишингиз мумкин, лекин узоқ вақт бирга ишлолмайсиз. Буни тўғри тушунамиз, футболда ҳамкорлик асоси - натижа.
- Клубда ҳамжиҳатлик ҳавас уйғотадиган даражада...
- Бу саёҳатимизда ҳамма ўз ролига эга. Жамоада иш бошлаганимда, ҳеч кимни танимаслигим қийинчилик туғдиришини ўйлагандим. Тўғри, мени танийдиган одамлар билан гаплашардим, лекин ўзим уларни яқиндан билмасдим! Энди ҳаммаси бошқача - нафақат клуб ходимлари, балки уларнинг оилалари, ҳаттоки, фарзандларининг исмларини ҳам биламан. Бу ишга катта ёрдам беради, албатта.
- Шарафингизга куйланадиган қўшиқни қандай қабул қиласиз?
- Майли, у ёқади, лекин ҳалигача кўниколмаяпман... Йўқ, «пиар» ҳаракатидан тортинмайман, ахир ҳар куни камералар қаршисида тураман. Шундай экан, қўшиқда алоҳида томони йўқ. Лекин тушунчамга кўра, асосийси - жамоа. Ўйиннинг катта қисмида мен ҳақимда куйлашади, ваҳоланки, майдонда жамоа ўйнайди. Тўғри, яширмайман, қўшиқ ёқади, жуда ёқади! Буни ким ўйлаб топган бўлса ҳам, унга катта раҳмат!
- Мухлислар ҳозирги даврни энг яхшиси сифатида баҳолашмоқда. Уларга нима демоқчисиз?
- Умид қиламанки, энг яхшиси ҳали олдинда. Ҳа, ҳозир ҳам жуда яхши вақт. Ўйлайманки, буни ҳаммамиз биламиз, тушунамиз ва қадрлаймиз.
Клопп ЧЛ финали чипталари сотувидан норози
«Ливерпуль» бош мураббийи УЕФАга ЧЛ финали чипталари сотуви юзасидан ошкора эътироз билдирди. «Мухлисларимизга Париж финали учун 20000 дона чипта ажратилгани ҳақида ўқидим. «Реал» фанатлари ҳам шунча олишади. Стадион эса 75000 томошабинга мўлжалланган. Қизиқ, қолган 35000 дона чиптани нима қилишади? Ўйлашимча, Париж катталар чиптасиз бориб ҳам, мириқиб дам оладиган шаҳар. Боз устига, чипталар баҳоси жуда баланд. Шу ҳолатда мухлисларга жонбозлик кўрсатишаётгани учун миннатдорчилик билдиришдан бошқа чорам йўқ...», - деди германиялик мутахассис. Маълумот учун, УЕФА финалчилар маълум бўлишидан олдин ҳар икки жамоа мухлисларига 20000 донадан чипта берилиши ҳақида баёнот берганди. Яна 12000 дона чипта бутун дунё миқёсида сотилади, 23000 донаси эса ҳомийлар, трансляция ҳуқуқи эгалари ва миллий ассоциацияларга бўлиб берилади.
МУҲАММАДХОН тайёрлади